Тошкент вилоятида қийноққа қарши кураш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди

18-19 апрель кунлари Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасининг Қибрай туманидаги 2-сон Тошкент академик лицейида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси бўлиб ўтди. Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўқув курсида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ва Малака ошириш институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари иштирок этди. Машғулотларда Тошкент вилояти прокуратурасидан 10 нафар ва ички ишлар тизимидан 50 нафар ходимлари тингловчи сифатида қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Яҳёжон Абдулҳақов ўқув курси очилиши муносабати билан видео-мурожаат йўллаб, маърузачи ва тингловчиларни қутлади.

Ўқув машғулотлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Конституциянинг янги таҳрири ва бўлажак референдум ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Машғулотлар аввалида инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашдан иборат эканига эътибор қаратилди. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.

Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.

Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори қийноққа қарши кураш йўналишидаги ўқув машғулотларига янги руҳ бағишлади. Қарорга мувофиқ, эндиликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув курси БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда. Машғулотлар қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг халқаро амалиёт ва миллий тажриба асосидаги амалий кўникмаларини оширишга мўлжалланган.

Машғулотлар Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари Абдуманноп Тўлаганов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Ўткир Очилов, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг  кафедра бошлиғи Олимжон Матчанов, ушбу Академия доценти Қувонч Қодиров, Хуқуқни муҳофаза қилиш академияси кафедра бошлиғи Азиз Ҳикматов, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўқитувчиси Жаҳонгир Якубов ва  Миллий марказ бош мутахассиси Дилбар Рашидова томонидан олиб борилди.

Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида Тошкент вилоятининг ички ишлар ва прокуратура тизимларида фаолият олиб бораётган тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари 60 нафар ходимининг эгаллаган назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.

Машғулотлар якунида тест синовлари ўтказилди. Тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech