КИБР, ИСРОФ ВА ҚАРЗ ДАСТИДАН ҚАЧОН ҚУТИЛАМИЗ?

Эски, аммо доимо долзарб мавзу

  

Эрталаб ишга ҳозирлик кўрар эканман, ойинаи жаҳон орқали таниқли бир адабиётшуноснинг: "Бизга бемаъни кўринган харажатларнинг замирида ўзбек бировнинг тўйига шунчаки эмас, балки эртага мен ҳам шу тўйни қайтаришим керак, деган туйғу билан ёндашиши ётибди” деб куйиниб айтган гаплари қулоғимга чалинди.

Қизиқ, адабиётшунос олим адабий асарларни талқин ва танқид қилмайдими? Тўйни гапиришига нима бор экан-а...

Аслида бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Чунки бугун тўй ҳақида ҳамма гапиради. Аммо амал қилишга келганда эса...

Шу ўй-хаёллар билан ишга отландим. Кўчамизнинг бошидаги  тўйхона олдида тирбандлик. Тўй эгалари ва тўйга келувчилар учун менинг дардим зиғирча қизиқ бўлмаганидек, иш кунида саҳармардон ошга ошиққанларнинг орзу-ўйлари мени ҳам асло қизиқтирмасди.

Иш жойига шошилган юзлаб ишчи-ходимлар, мактабга бораётган ўқувчилар, фарзандларини боғчасига етаклаётган ота-оналар, хасталик туфайли тун бўйи ухламай чиққани учун шифохонадан тезроқ навбат эгаллашга ҳовлиққан беморлар...дуч келган бу тирбандликка.

         Тирбандликда қолган машина ичидаги отахоннинг мана бу таассуфли сўзларини эшитиб қолдим:

– Пандемия пайтида-ку бироз инсофга келган эдик. Тўй ва маросимларни ихчамлаштиргандик. Ҳозир яна ҳамма ўзбилармонлик, риё, мусобақага ўтди. Оллоҳ бизни кечирсин...

 

Тўй ўзи нима?

 

Тўй – ҳар бир халқ, миллат ҳаётида ниҳоятда эъзозланадиган, бахт-қувонч олиб келадиган, инсонларни бир-бирларига яқинлаштиришга, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, барчани яхшиликка ундайдиган, шодлик, хурсандчилик бағишлайдиган маросим.

Одатда, базм-томоша ва зиёфат билан нишонланадиган халқ маросимларини “тўй” деган умумий  ном билан атаймиз. Ҳар бир ўзбек умри давомида никоҳ  тўйи, бешик тўйи, хатна тўйи, ҳовли тўйи каби турли базм-томошаларни ўтказади.

Тўй  жараёнида  инсонпарварлик,  иззат-икром,  меҳрибонлик, меҳмоннавозлик,  иноқлик  каби  олижаноб фазилатлар ўз ифодасини топади. Инсон зотини қадрлаш, ҳурматлаш ва улуғлашда тўйлар беқиёс аҳамиятга эга. Нуронийларимиз “Топганинг тўйларга буюрсин!” деб дуо қилади. Тўй билан боғлиқ чиройли урф-одатларимиз азал-азалдан шаклланиб келган ва бу эзгу қадрият халқимизнинг бой маънавий мероси, маданияти даражасига кўтарилган.

Аммо кейинги пайтларда дабдабабозлик, манманлик, ким ўзарга тўй қилиш, катта исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ортиқча иллатлар, турли одамлар томонидан ўйлаб топилиб, жорий этилаётгани ва қадриятларимизга мутлақо мос келмайдиган урф-одатлар авж олаётгани дилни хира қилади. Айниқса, тўй ўтказишда: инсонпарварлик – нарсапарастликка, иззат-икром – манманликка, меҳрибонлик – таъна-ю зуғумга, меҳмоннавозлик – тилёғламаликка,  иноқлик – гина-кудуратга ўрин бўшатиб бераётгани ачинарлидир.

Мисол учун, айримлар юзлаб-минглаб таниш-нотанишларни тўйга чорлагани ҳолда қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва энг яқин таниш-билишларини меҳмонга чақириш “эсидан чиқиб қолаётгани” оддий ҳолга айланмоқда. Бундай ҳолат ўша “ҳардамхаёл” тўйчилар билан уларнинг “оқибатсизлиги”дан аразлайдиган қадрдон инсонлари орасидаги аҳиллик ҳамда меҳр-оқибатга рахна солиши табиий.

Бинобарин, тўй – бир кишининг шахсий иши бўлмай, у кенг жамоатчилик ташаббуси ва иштироки  билан  ўтадиган  тантанадир.  Шунинг учун  тўйларни  замон  талаби  даражасига  кўтариш  доимо  муҳим  ҳисобланади. Ва, албатта, тўйларни ўзига хос байрам тарзида ташкил этиш, ҳар томонлама тартибга солиш,  ихчамлаштириш,  айниқса,  бадиий жиҳатдан бойитиш ҳозирги давр – Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган  изчил исоҳотларнинг долзарб талабидир.

 

Дин ва тўй

 

Муқаддас ислом динимиз тўй баҳонасида авж оладиган ҳар қандай исрофгарчилик ва бидъатларга доимо қарши. Қуръони каримда: “Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”, деб марҳамат қилинган (“Исро” сураси, 27-оят). 

Довуд ва Насаий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас”, дедилар. Буюк аждодларимиз пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Никоҳ тўйида бир кун таом бериш суннат, икки кун таом бериш исрофгарчилик, уч кун таом бериш риёкорликдир”, деган сўзларини энг саҳиҳ ҳадис сифатида эътироф этишган.

Бундан англашиладики, милодий VII асрда ҳам тўй ўтказишда риёкорликлар, исрофгарчиликлар бўл­ган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу иллатлардан халос бўлиш чораларини исломий йўл билан кўрсатиб берганлар. Бу ўринда Муҳаммад алайҳиссаломнинг жиянлари ҳазрат Али билан қизлари Фотима онамизнинг тўйи тафсилотлари ниҳоятда ибратлидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) никоҳга розилик билдиргач, қувончдан Алининг боши кўкка етади, аммо бирдан маҳзун тортади. Чунки Фотиманинг маҳри ва бошқа эҳтиёжлар учун 480 дирҳам бериши лозим бўлиб, ҳазрат Алининг шунча пули йўқ эди. Буни пайқаган Пайғамбар (с.а.в.) унга  совутини сотишни маслаҳат бердилар. Ҳазрат Али совутини олиб бозорга борди. Қанча уринса-да, унга керак 480 дирҳамни ҳеч ким таклиф қилмади. Шунда ҳазрат Усмон 480 дирҳамга ҳазрат Алидан совутини сотиб олди ва уни тўй совғаси, деб ўзига қайтарди. Пайғамбар (с.а.в.) ҳазрат Усмонни дуо қилдилар ва  400 дирҳамни олиб саксонини Алига қайтиб бердилар.

Ҳижратнинг иккинчи йили, сафар ойи, жума куни бўлиб ўтган никоҳ маросимида Масжиди Набий бошдан-оёқ тўлди. Аёллар бўлими ҳам гавжум бўлди. Пайғамбар (с.а.в.) никоҳ хутбасини ирод этиб, қизлари Фотимани 400 дирҳам маҳр билан ҳазрат Алига никоҳлаганларини айтдилар. Пайғамбар (с.а.в.) ишоралари билан масжиддагиларнинг барчасига хурмо улашилди. Ортидан ҳазрат Билол қўллари билан тайёрланган шарбат тортилди.

Ҳазрат Алига акаси Оқил уй берганди. Ҳазрат Али уни ортиқча ҳашамату безакларсиз, аммо топ-тоза, шинам уй ҳолига келтирди. Умму Айман бошлиқ аёллар – ҳазрат Ойша, ҳазрат Савдо, ҳазрат Умму Салама, ҳазрат Асмо келиб, ҳазрат Алининг уйини кўрдилар. Бир хонали, бир айвонли уй. Поли тупроқ. Ҳовли этагида ширингина боғча. Аёллар ишга киришиб, уйларни тозалаб, нарсаларни жойлашди. Қирдан қум ташиб, тупроқли полни эпақага келтиришди.

Қутлуғ келин қутлуғ уйга туширилди. Ҳазрат Асмо қилган учта кўрпача, битта гилам, битта хурмо қипиғи билан тўлдирилган ёстиқ, иккита қўл тегирмони, бир челак, бир сопол кўза, бир мис хум, бир элак, бир сочиқ, бир ошланмаган тери, яман газламасидан иккита  кўйлак, битта пайпоқ, хурмодан ишланган битта курси эди нур қизнинг сепи. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари, жаннат ҳури ҳазрат Фотиманинг сепи бор-йўғи шулар эди. Унинг асл сепи эса иймони ва аъмоли эди.

  

Дунё ва тўй

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров яқинда эълон қилинган мақоласида исроф қилиш ислом динида қораланганини айтиб, фуқароларни бу ишдан қайтарганлар. Мақолада шундай фикрлар бор: “Кейинги пайтда дабдабабозлик, ўзкўрсатмалик кўпайиб кетаётган маросимлар устига турли-туман бидъат ва хурофотлар шунчалик даражада қўшиляптики, тўйларимиз шу даражадаки, уни бутун дунё кўрса, ҳайрон бўладиган даражага келди. Биз дунё кезамиз, конференцияларда қатнашамиз, кўп уламолар билан суҳбатда бўляпмиз. Ҳамма бизга ҳайрон — “Нега сизларда бунчалик даражада тўйга эътибор юқори, гўё ҳаёт мазмунига айланган?”.

Шу аснода 1994 йили Марказий Осиё минтақасининг бир гуруҳ журналистлари Куала-Лумпур шаҳрида касбий тажриба алмашиш сафарида бўлганимизда, Малайзия ахборот вазири ўринбосари фарзандларининг тўйига таклиф этилганимиз ёдимга тушди. Ўшанда, бир томондан, биз меҳмон бўлиб турган мамлакатда Ахборот вазирлигининг мавқеи жуда баланд экани, иккинчи томондан, хорижий сафаримиз айнан шу вазирлик қўллаб-қувватлаши асосида ташкил этилгани, қолаверса, ушбу ислом давлатида тўй-маъракалар қандай ўтишига бўлган қизиқишимиз туфайли гуруҳимиз аъзоларининг бари тўйда иштирок этишга истак билдирганди.

 Тўй учун кичикроқ бир театр зали банд қилинган экан. Саҳнанинг ўртасида келин-куёв учун муҳташам курсилар ясатиғлиқ. Томошабинлар ўтирадиган курсилар ўрнига 10-12 та атрофида айлана стол ва ҳар бир стол атрофига 9 тадан стул жойлаштирилган. Шу столлардан бири бизнинг жамоамиз учун экан. Дарвоқе, тўй дастурхони ўта камтарона ясатилган бўлиб, бир неча турдаги яхна ичимлик ва ширинликлар билан кифояланилган.

Келин ва куёв саҳнага кўтарилгач, шодиёна кайфиятда тегишли миллий расм-русумларни бажарди. Эсимда қолгани – келин-куёв ўзларига тутқазилган шўх болакайни қайси бирлари яхшироқ парваришлай олиши бўйича қувончли ва самимий мусобақалашди.

Сўнг ҳар икки оиланинг ёши улуғлари – оталар навбати билан  саҳна ёнидаги минбарга чиқиб, тўйи бўлаётган фарзанди вояга етиши даврида юз берган қизиқ воқеалардан айримларини сўзлади. Шу тариқа 1-1,5 соатлик вақт бир зумда ўтиб кетди ва келин-куёв тўйхонани тарк этишлари олдидан залдаги меҳмонларга мўъжаз тўй ҳадяси улашиб чиқдилар.

Ҳадя деганим – балиқ терисидан юрак шаклида ясалган ихчамгина қутича. Унинг қапқоғи ички қисмида келин билан куёвнинг исми битилган, қутининг ичига эса бир неча дона ширинлик солинган.

Алқисса, малайзияликлар – мусулмон бўлиб ҳам, замонавий инсонлар сифатида ҳам, йирик амалдор ва бой одамлар мавқеида туриб ҳам тўйларини ана шундай ихчам, мазмунли ва исрофсиз ўтказар экан.

 

Миллат ва тўй

 

Бундан қарийб 110 йил олдин улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий: «Ойина» журналининг 1914 йилги 21-сонида эълон қилинган “Ёшларға мурожаат” мақоласида “...Ҳамватанларимиз мулкини сотиб тўй қилганидек сиз-да, ҳатто, лозим бўлганда мулкингизни сотсангиз-да ўғлингизни замонча ўқумоқиға саъй қилсангиз. Тўйга исроф қилинатургон оқчаларни ўқумоқ йўлиға сарф қилсангиз!..”, деб нидо қилган.

 «Самарқанд» газетасининг 1913 йил 12 июль сонида чоп этилган “Эҳтиёжи миллат” мақоласида шундай ҳаққоний ва ташвишли фикрлар қайд этилган: Бир неча бойваччани биларманки, энг қаттиқ хизматларга гирифтор. Сабаби надур – илмсизлик, холбуки аларни «тўйи»га атоси 5 минг сўм сарф этиб эди”.

Яна бир маърифатпарвар адибимиз Абдулла Авлоний: “Бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф этмаклик оғир аҳволга солди. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилиб, фақир ва камбағалларимиз бор-йўқларига қарамасдан уйларини, боғларини, тўнларини сотиб тўйга сарф қилмакдадурлар. Тўй деган ерда муқаддас Ватанни сотишдан тоймайдиган, истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавм­дан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмак керак?”, деб ёзғирган.

Надоматга тўла бу битиклар, афсуски, тўй ўтказишдаги дабдабабозлик, шуҳратпараст­лик, маишатпарастлик, исрофгарчилик каби иллатлар ХХ аср бошида ҳам давом этганидан далолат беради. Ўша даврда тўйлардаги исрофгарчилик муаммоси нафақат жадидларни, балки юрт эгаларини ҳам астойдил ташвишга солган. Хусусан, Бухоро амирининг 1911 йил мартида эълон қилинган фармонида бундан буён меҳмонларга 6-7 туя гўштидан зиёфат бериш, улоқ ва кўпкари мусобақаларини ўтказиш, зарбоф тўн совға қилиш удумлари тақиқланган. Ана шу талабларга хилоф иш тутган тўй эгасига жазо сифатида  75 дарра урилган.

Янада қизиғи, амир томонидан 1916 йил июнида эълон қилинган навбатдаги фармонга кўра, тўйларда меҳмонларга қанд-қурс совға қилиш одати ҳам бекор қилинган.

 

Тўй ва шўролар

 

Советлар замонида тўйларимиз айрим ғайримиллий ва ғайриисломий “янгиликлар” билан бойитилди. Ўша давр тўйларида ичкиликбозликнинг одатга айлангани, никоҳнинг бирламчи аҳамияти сусайгани, келин-куёвлар либослари миллийликдан анча узоқлашгани, ёшларнинг меҳмонлар олдида ачомлашиб вальсга тушиши, ҳатто айрим тўйларда “горько” деган ҳайқириқ остида бир-биридан бўса олиши ана шундай номақбул ва ярашиқсиз сохта удумлар жумласига киради.

“Комсомол тўйи”  деб аталган бундай тўйлар ҳам, албатта, навқирон авлодларимизнинг соғлом ўсиб-улғайиши, билим ва касб-ҳунар эгаллаши ҳамда илм-фанда улкан ютуқларни эгаллаши йўлида доимий тўсиқ бўлиб келган. Профессор Ғайбулла Саломовнинг “Эй, умри азиз” китобидаги “Тўй” фаслида айни мавзу ҳаққоний очиб берилган.

Устознинг мана бу мулоҳазалари диққатни тортади: “Бизнинг одамларга жуда раҳмим келади. Ўзини, соғлигини ўйламайди. Бола-чақа ташвишида ёнади. Ҳар битта боласини тишида катта қилади! Дунёда бизникиларча болажон халқни топиш қийин. Фидойи, меҳнаткаш, меҳрибон ва меҳмондўст халқ бизнинг халқимиз. Айни вақтда ёш авлодга энг... бепарво халқ ҳам биз бўламиз”.

Шуни ҳам очиқ тан олиш жоизки, собиқ совет тузуми даврида тўй-маъракаларни ўтказишда такаббурлик, исрофгарчилик кўринишидаги ҳаддан ошишлар нисбатан камроқ кузатилган. Бунинг асосий сабаблари, фикримча, қуйидаги омиллар билан боғлиқ бўлган:

биринчидан, ўша даврда ҳатто тўй-маъркалар ҳам маъмурий-буйруқбозлик тузумининг назорати остида ўтказилган. Мисол учун, қишлоқ жойларда “Раис чақирди” тадбири мавжуд бўлиб, тўй арафасида колхоз раиси ёки совхоз директори зиёфатга чақирилган ва ундан тўйга ижозат олинган ҳамда тўйни қачон ўтказиш мумкинлиги келишилган;

иккинчидан, давлат ташкилотлари ва корхоналаридан ишчи-деҳқонларга тўланадиган ойлик маошлари дабдабали тўй ўтказишга етарли бўлмаган, қўшимча даромад топишга интилиш эса қаттиқ қораланган. Шу боис тўй эгалари қўлидаги ортиқча пулларини ҳам сарфлашда иложи борича ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик билан ёндашган;

учинчидан, юртимиз аҳолисининг катта қисми қишлоқ жойларда яшаган ва йил давомида асосан пахта далаларида меҳнат қилган. Шунинг учун фақат ғўзапоядан тозаланган ер майдонларига вақтинча дам берилган январь-февраль ойларидагина тўй ўтказишга ёппасига рухсат бўлган. Натижада ҳамма жойда қисқагина тўйлар мавсуми бошланиб, бир қишлоқнинг одамлари бошқа жойдаги тўйга боришига деярли имкон қолмаган.

 

Истиқлол ва тўйлар

 

Мустақиллик ҳаётимизнинг барча жабҳаларига эркинлик, ҳуррият, тикланиш ва янгиланиш кайфиятини олиб кирди. Юртимизда кўп асрлар давомида юзага келган тўйлар ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ ўзига хос гўзал анъаналар, улуғвор қадриятлар, беқиёс урф-одатлар ҳам қайта тикланди.

Истаган одам тўй-маърака тимсолидаги оилавий тадбирини ўзи истагандек, яъни, хоҳ америкачасига, хоҳ европачасига, хоҳ араблардек ва ҳоказо кўринишларда ўтказиши учун эркинликка эга бўлди. Назаримда, айни шу ҳолат тўй ва маросимларни ўтказишда турли иллатларнинг пайдо бўлиши ҳамда тез урчишига олиб келди.

Аввалбошда бир-икки оиланинг тўй ва маросимларида бўй кўрсатган бундай иллатлар бора-бора жамият ёки умуммиллат муаммоларига айланди. Юртдошларимизнинг хусусий мулк эгалари сифатида даромадлари қанчалик кўпайса, тўй ва маросимларни энг яхши миллий анъаналар, азалий урф-одатларимизга мувофиқ белгиланган меъёрлар асосида ўтказиш талаби шунчалик кўп бузилаверди.

Тўғри, ҳаёт тараққий этгани, юксалгани сайин тўй ва маросимларни ўтказишда ҳам янгиланишлар, ўзгаришлар юзага келди. Айни шу жараёнда ўзига тўқ, маблағи кўпроқ баъзи кимсалар  ҳаммадан ошириб тўй қилишга, маросим ўтказишга, бош­қаларга ўзини кўрсатиб қўйишга интилди. Бошқа миллатларга нисбатан тўйга алоҳида эҳтиром билан қарайдиган халқимиз топган-тутган маблағининг асосий қисмини тўйга сарфлай бошлади. Оқибатда тўй ва маросимларда исрофгарчилик бошланди, дабдабабозлигу шуҳратпарастлик юзага келди. Буларнинг барчаси одамларимиз ўртасидаги тенглик мезони оғишига, тўй-маърака ўтказишда носоғлом рақобатга ружу қўйилишига йўл очди.

Бу ҳолатлар жамиятда акс садо бермасдан қолмади, албатта. Матбуотда ҳам, турли йиғилишларда ҳам никоҳ тўйларида куёв томондан кўп миқдорда қалин пули олинаётгани, ҳар хил кийим-кечаклар, кўплаб сарполар талаб қилинаётгани, тоғорабозлик кучайгани ҳақида сўз юритилди. Келин томон зиммасига унинг бисоти учун хориж мебели, чет эл ки­йимлари, гиламларини олиш юкланаётгани, маросимбозлик, ҳадябозлик, шуҳратпараст­лик каби иллатлар авж олганига танқидий муносабатлар билдирилди.

Шу сабабли 1998 йилда Биринчи Президентимизнинг мамлакатимизда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака-маросимларни, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солиш борасидаги фармони эълон қилинди. Бу фармон юртимизда тўй ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ баъзи камчиликларни бартараф этишга имкон яратди.

 Бироқ, барибир, бу борадаги камчиликлар ҳам, иллатлар ҳам тўлиқ бартараф бўлмади. Негаки, тўй-тантаналар, маърака-маросимлар ўтказишда исрофгарчилик, базм­бозлик, ортиқча харажатбозлик каби бемаъни одатлар бирданига пайдо бўлган эмас. Улар йиллар, асрлар давомида йиғилиб иллатга айланган. Бу иллатлар ҳар бир давр­да шакл-шамо­йилини, қиё­фасини ўзгартирган ҳолда ўзини турли кўринишларда намоён қилиб туради.

Тўйлар аввалгидек уйларда эмас, катта маблағ эвазига муҳташам тўйхоналарда дабдабабозлик билан ўтказиладиган бўлди. Қарангки, “гул отиш”, “вальс тушиш”, “торт кесиш” каби ноодатий урфларни ҳазм қилиб улгурмасимиздан туриб, “оммавий маданият”нинг “келиннавкарлар” деган янги унсури ҳам тўйларимизга кириб келди.

Тўйларда энди ўнлаб санъаткорлар “хизмат”га бел боғлайдиган бўлди. Таниқли санъаткорлар келишига қараб тўй-тантаналарга баҳо бериш урфга кирди. Ҳатто куйлаш услуби, йўналиши, қўшиқлари мазмуни тўй-базмларга мутлақо мос бўлмаган “рэп” ижрочилари ҳам бугун никоҳ шодиёналарида “хониш” қилишмоқда.

Келин-куёвлар бир-икки эмас, ўн-ўн бешталаб машиналарда тараллабедод айланишга ружу қўйишди. Бир вилоятда ака-ука ҳайдовчилар кенжа укасининг тўйини эсда қоларли қилиш учун юк машиналари билан тўй кортежига қўшилиб юришгача борди. Албатта, ака-укаларнинг ўтган йил декабрь ойида содир этган ушбу ҳаракати ўзлари учун қимматга тушди: уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, юк машиналари жарима майдонига жойлаштирилди.

 Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижод аҳли билан учрашувида тўй-маъракалар мавзусига алоҳида тўхталди. Беҳуда одатлардан воз кечган ҳолда, аввало, юртдошларимизнинг соғлигини, моддий ва маънавий дунёсини асрашга интилишимиз зарурлигини таъкидлади. Тўй қилаётган оилаларга қийин бўлмаслиги учун “янги пайдо бўлган урф-одатлар”ни бажараман дея мутлақо ўзини оқламайдиган ортиқча сарф-харажатларга йўл қўйиб, қарзга ботиб, соғлигини йўқотаётган ҳамюртларимизни ўйлаб, бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш лозимлиги тўғрисида куйиниб гапирди. 

 

Қонунчилик ва тўйлар

 

Мамлакатимизда миллий урф-одатларимизнинг кўрки саналган тўй-ҳашамларни ўтказиш юзасидан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Бунда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этиш нуқтаи назаридан ёндашилгани жуда муҳим.  

Бу ҳақда сўз борганда, 2019 йил 14 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилингани ҳамда 2020 йил 1 январидан кучга кирганини таъкидлаш лозим. Қарор асосида “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги низом ҳам ишлаб чиқилган.

Ушбу ҳужжатларни тайёрлашда юртимизда тўй-ҳашамларни, маърака ва маросимларни миллий қадриятларимизга таянган ҳолда, энг яхши анъаналаримизни бугунги кундаги ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар билан уйғунлаштирган тарзда ўтказиш, маросимбозлик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик каби иллатларга барҳам бериш мақсадида аҳоли турли қатламлари фикр-мулоҳазаларини ўрганиш натижаларига таянилди.

Қўшма қарор ва низомга мувофиқ,  жойларда маъракаларни ортиқча исрофгарчиликсиз, миллий қадриятларимизга мос тарзда ўтказиш йўлга қўйилди. Тўй-ҳашамларни белгиланган тарз­да, 200-250 одамдан кўп бўлмаган, санъаткорлар иштироки икки гуруҳдан ошмаган, дабдабабозлик, исрофгарчилик, ортиқча ҳашамдорлик, пул сочиш, шуҳратпарастлик каби иллатларга йўл қўймаган ҳолда ўтказиш белгиланди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш тўғрисида”ги қарори билан маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ҳамда ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатиш мақсадида «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ташкил қилинди.  Ушбу гуруҳларнинг асосий мақсадларидан бири – лоқайдлик, оилавий келишмовчиликлар ва ёшлар ўртасида «оммавий маданият» кўринишидаги салбий иллатлар тарқалишининг олдини олиш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдир. 

Шу тариқа кўп йиллар, асрлар давомида тўй, маросим ўтказиш билан боғлиқ равишда халқимизни қийнаб келган дабдабабозлик, исрофгарчилик, маросимбозлик каби иллатлар барҳам топа бошлаган, тўйларимиз миллий қадриятларимиз ифодасига айланаётган эди. Аммо....

Коронавирус балоси бу борадаги эзгу амалларни ҳам барбод қилди. Пандемия авж олган дастлабки даврда тўй-маъракалар бутунлай тўхтатилган, вазиятнинг юмшаши билан эса аста-секин 50-100 кишилик тўйларни ўтказишга рухсат берилган бўлса, кейинчалик бу борада янгидан-янги “рекорд”ларга навбат етиб келди.

Халқимизда  бир ёмон тушунча, қараш бор. Бирон иш, тадбир бошласа, “Шундай қилмасам одамлар нима дейди?” деган катта саволни олдига қўяди. Хўш, нима деса деяверсин, демайди. Фалон қариндошимиз ёки қўшнимиз  шунча одам чақириб тўй қилди, биз ҳам шундай қиламиз, деб гапиради. Ва отнинг калласидай қарз кўтаради. Тўй икки соатда ўтади-кетади, лекин қарз икки  йиллаб (ундан  ҳам кўп бўлмаса) бўйнида юк бўлиб туради. Ҳар ким ўз ҳолича қилса, бир жойи камайиб қоладими? (Шундай қилаётганлар ҳам бор, инкор этмаймиз). Ёшларнинг  бахтини тўй қай даражада катта ўтгани белгилайдими? Йўқ, асло! Дабдабали тўй қилиб, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай  ажрашиб кетганлар озми?  Нега хулоса қила олмаймиз, сабоқ чиқармаймиз?

 

“№1-тўй”: таҳлил, танқид ва таклифлар

 

Тўй-ҳашамлар, маърака, маросимларни ўтказиш борасида халқи­миз иродаси асосида парламентимиз доирасида қабул қилинган қўшма қарор ва низомни мамлакатимиз Конс­титуция­сига зид деб баҳолашга уринганлар ҳам бўлгани сир эмас. Ўзбекистон  Республикасида хизмат кўрсатган журналист Камол Матёқубов тўйлар ҳақидаги бир мақоласида шу ҳақда сўз юритган.

Улар тўй, маросим, йиғин ва бошқа анжуманларни қандай ва қай тарзда ўтказиш ҳар бир инсоннинг ўз хоҳиши, истаги деган ғояни илгари сурдилар, деб ёзади ҳамкасбимиз. Тўғри, тўй-маросим, маъракани қандай ўтказиш ҳар бир шахснинг ҳуқуқи. Аммо шахс­нинг жамият, давлат, халқ олдидаги, минглаб йиллар давомида шаклланган қадриятлар, миллий анъаналар олдидаги бурчи-чи?

Сенинг ҳуқуқинг – ўзганинг ҳуқуқи бошланган жойда тугайди, дейдилар. Бунга биргина мисол: 2022 йил ноябрь ойида вилоятлардан бирида 5 минг кишилик тўй қилингани шов-шувга сабаб бўлди.

Энди қаранг: давлат ва жамият аҳамиятига эга 200-300 кишилик бир тадбирни ўтказиш учун ўша тадбирнинг дастури тасдиқланади ва ижро учун масъуллар белгиланади, ички ишлар идоралари зиммасига хавфсизликни таъминлаш вазифаси юкланади, шифокорлар гуруҳи “Тез ёрдам” машинаси билан ҳар эҳтимол хизматга шай туради ва ҳоказо.

Айтайлик, катта майдонларда ташкил этиладиган оммавий тантаналар ва санъат саройларида ўтказиладиган концертларда ҳам шундай тартиб-таомилларга амал қилинади. Лекин 5 минг меҳмонни таклиф этган тўй эгалари  шу муҳим тартиб-қоидаларга амал қилдими? Ахир, тўй ўтказиш шахснинг ҳуқуқи экани баробарида, меҳмону мезбонларнинг хавфсизлиги ва соғлигини таъминлаш тўй эгасига ҳеч қандай мажбурият юкламайдими?

Мексикада бўлиб ўтган тўйда 250 меҳмондан 200 нафари заҳарлангани ҳақидаги хабарга кўзим тушди. Юртимизда ҳам гоҳ боғчада, гоҳ қурилиш майдонида, гоҳ кафе ва тўйхоналарда одамларнинг овқатдан оммавий заҳарлангани ҳақидаги маълумотлар учрамоқда.

Ўша шов-шувли тўй куни 30 қозонда пиширилган таомлар  ва уларни  беш минг кишига тарқатишда  санитария-гигиена  қоидаларига нечоғли  риоя қилинди экан?

 Охирги мулоҳаза: ўша шов-шувли тўйни қиздирган шоу-бизнес вакиллари томонидан “№1-тўй”, яъни “биринчи рақамли тўй” деган ибора кўп марта такрорланди. Уларнинг тўйдан бевосита манфаатдорлигини, яъни даромад топишини тушунса бўлади. Лекин бундай “тарғибот”нинг айрим номақбул томонларига эътибор қаратмоқчиман.

Бу ўринда юқорида айтиб ўтилган қонун ҳужжатларининг 200-250 одамдан кўп бўлмаган тўй ўтказишга оид талаби бузилган. Шоу-бизнес вакиллари эса тўй эгасининг ана шу ғайриқонуний ҳаракатини ошкора қўллаб-қувватламоқда.

Шунингдек, битта тўйда санъаткорлар иштироки икки гуруҳдан ошмаслигига оид қонуний талабга ҳам хилоф иш тутилган. Интернетдаги видеолавҳа ва матнли хабарлардан маълум бўлмоқдаки, ўша тўйда камида 10 машҳур санъаткорлар гуруҳи хизматда бўлган.

Қолаверса, тўйни бошқарган шоумен “№1-тўй” деган иборани кўп қўллаб, айни тўйни реклама қилиш билан шуғулланди.

 

Хотима

 

...Бугун ҳам тонг саҳардан тўй тезроқ тарқаб, катта йўл очилишини интиқ кутаяпман. Ҳатто огоҳлик чироқлари тинимсиз ёниб-ўчаётгани ва ташвишли шовқин ишоратига қарамасдан, “Тез ёрдам” машинаси ҳам анча вақт тўйхона рўпарасидаги тиқилинчда қолиб кетди.

“Ким бўлса экан, у шўрлик хаста инсон?”, деган ўй туйқус хаёлимдан кечди. Ҳар ҳолда, тонг саҳардан шошилинч шифо ва мададга ўта эҳтиёжи бор бир банда экани аниқ, охири бахайр бўлсин.

 

Ғулом МИРЗО

 “Гулистон” журнали, 2023 йил, 1-сон

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech