Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида Марказий Осиё мамлакатлари тажрибасига бағишланган халқаро форум

Пойтахтимизда “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси: Референдум ва миллий конституцияларнинг роли ва аҳамияти” мавзусига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди.

Халқаро анжуманни ташкил этишдан асосий мақсад  – инсон ҳуқуқлари, эркинлиги вa қонуний манфаатининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш, “инсон – жамият – давлат” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш борасида Марказий Осиё давлатларининг тажрибасини муҳокама қилиш.  

Юқори даражадаги анжуман республикамизни барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилга қадар бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Барқарор ривожланиш маркази каби қатор ташкилотлар, шунингдек, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Фридрих Эберт номидаги жамғарма билан ҳамкорликда ташкил этилди.  

Икки қисмдан иборат халқаро форумнинг дастлабки қисмида 2023 йилга қадар барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ижроси, барқарор ривожланишга эришишда Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси, конституциявий-ҳуқуқий асослар ривожланиши ҳамда БРМга эришишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, жамоатчилик иштироки саъй-ҳаракати ва имкониятини бирлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.  

Қайд этиш лозимки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан ишлаб чиқилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан маъқулланганди.  

Ўтган йил 29 декабрда эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мазкур резолюцияни амалга ошириш бўйича Қўшма қарори қабул қилинди. Қўшма қарор билан 13 та йўналиш бўйича элликдан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланди.  

Форумда сўз олган нотиқлар барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда манфаатлар мувозанатининг самарали механизми яратилгани, соҳада парламент назорати ўрнатилгани, хусусан, миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилгани ҳамда унинг фаолиятига тўхталиб ўтди.

Хусусан, ўтган давр мобайнида Парламент комиссияси томонидан ўнта миллий мақсад ва унинг 51 та вазифаси ҳамда 81 та индикатори бўйича ҳудудларда барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар бажарилиши ҳолати ўрганилган. Якунда Парламент комиссияси мажлисларида 28 нафар вазирлик ва идора, жумладан, Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбарининг ахбороти эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилингани таъкидланди.  

Маъруза ва муҳокама шаклида ўтган биринчи сессияда экспертлар томонидан давлатимиз раҳбари сўнгги етти йил ичида БМТ Бош Ассамблеяларида умумбашарий муаммолар ечимига оид ўндан зиёд ташаббуслар билан чиққани, энг муҳими, мазкур ташаббусларнинг барчаси Бош Ассамблея томонидан тўла қўллаб-қувватлангани ва тегишли резолюциялар қабул қилингани алоҳида ёдга олинди.  

БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш муҳимлиги айтилди. Шунингдек, форумда Марказий Осиё мамлакатлари БРМга эришишдаги тажрибаси ва ютуқларига ҳам эътибор қаратилди.  

Б.Худойбердиев, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech