Муносабат
Жамият тараққиёти – қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқ. Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда инсон қадрининг янада юксалиши, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий даражада қадрланишини таъминлашга хизмат қилаётир.
Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтириш учун санкция бериш ваколатининг судларга ўтказилиши бу борадаги дастлабки қадамлар бўлган бўлса, кейинги йилларда бу ислоҳотлар янада жадаллашди.
Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди.
Хусусан, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш мақсадида “Хабеас корпус” институти кенгайтирилиб, тергов устидан суд назорати янада кучайтирилди. Бу каби ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида янгиланаётган Конституцияда Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат деб эътироф этилиб, инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баробарга кўпаймоқда. Яъни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида қайд этилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Конституциянинг 27-моддасида ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши ҳамда шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланмоқда.
Аҳамиятлиси, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги Конституция доирасида мустаҳкамланмоқда. Бу нормалар шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши, келгусида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир. Яъни, халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтини қўллаш кўлами янада кенгаяди.
Бош қомусимизда шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши кераклиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, сукут сақлаш ҳуқуқи ҳам берилмоқда. Яъни, халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси” ўз аксини топиб, фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг замонавий усулларини ўзида мужассам этган механизмлар Конституция даражасида кучайтирилмоқда.
Оддий тилда айтадиган бўлсак, “сиз сукут сақлашингиз мумкин”, “ушбу ишда бизга айтаётган ҳар бир сўзингиз судда ўзингизга қарши далил сифатида ишлатилиши мумкин”, “сиз адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз, агар фойдаланиш имкониятингиз бўлмаса, давлат томонидан сизга адвокат берилади” каби ҳуқуқлар эндиликда ҳар бир ушланган, яъни эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи чегараланаётган шахсга тушунтирилади.
Таҳлиллар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинган заҳотиёқ, у қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмаётганини кўрсатмоқда. Бу эса гумон қилинувчининг ҳуқуқлари дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолишига сабаб бўлади. Конституцияга киритилаётган янги нормалар қонунни бузган ҳолда ҳибсга олиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш, қамоқда сақлаш ёки эркинликни бошқа тарзда чеклашнинг олдини олишга қаратилган конституцион кафолатдир.
Худди шундай нормалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3 ва 5-моддаларида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 7, 9-моддаларида, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясининг 5-моддасида, шунингдек, кўплаб хорижий давлатлар конституцияларида мавжуд.
Бу янгиликлар суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ишончли таъминлаш мақсадида “Миранда” ва “Хабеас корпус” тартиблари кенгроқ жорий этилишига хизмат қилади. Энг муҳими, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимиз, давлат органлари фаолиятининг мазмунига айланиб, мансабдор шахсларнинг фақат фуқаролар манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига олиб келади.
ЎзА
- Қўшилди: 27.04.2023
- Кўришлар: 4349
- Чоп этиш