Миллий марказда Конрад Аденауэр жамғармаси вакили билан учрашув бўлди

26 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Конрад Аденауэр жамғармасининг Осиёда қонун устуворлиги бўйича дастури директори Штефан Самсе билан учрашди. Учрашув меҳмон томоннинг илтимосига кўра ташкил этилди.

Мулоқотда Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчиси С.Ахунова, шунингдек, Миллий марказ директори ўринбосари Д.Муратова ва Марказнинг Халқаро ҳамкорлик бўлими ходимлари И.Абдумужидов ҳамда Қ.Обидов иштирок этди.

Учрашув аввалида Осиёда қонун устуворлиги бўйича дастур тақдим этилди. Томонлар ушбу Дастурни амалга оширишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

Осиёда қонун устуворлиги бўйича дастур 2005 йилда Сингапурда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади Осиё давлатларида қонун устуворлигини мустаҳкамлашни рағбатлантиришдан иборат. Дастур доирасида ҳамкор мамлакатларнинг давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамжиҳатликда иш олиб борилади.

Штефан Самсе таъкидлаганидек, Осиёда қонун устуворлиги бўйича дастурни Ўзбекистонда амалга ошириш истиқболлари ҳуқуқ соҳасидаги фаолиятни тарғиб қилиш ва ўзаро маслаҳатлашувларни амалга оширишни қамраб олади. Шунинг учун Дастурни мамлакат суд-ҳуқуқ тизими вакиллари билан муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Ўз навбатида, Акмал Саидов Ўзбекистон томони Конрад Аденауэр жамғармасининг Осиёда қонун устуворлиги бўйича дастурини мамлакатимизда амалга оширишга катта қизиқиш билдираётганини қайд этди. Дастурнинг Европа Иттифоқи Марказий Осиёда қонун устуворлиги бўйича дастуридан фарқли жиҳатларига аниқлик киритилиб, айни Дастурни амалга оширишга тааллуқли режалар ҳақида сўз юритилди.

Ш.Самсе Дастурни Ўзбекистон доирасида амалга оширишда, биринчидан, Ўзбекистон ва Германия прокурорлари ўртасида давлатларда қонун устуворлигини таъминлаш борасида ўзаро фикр алмашинувини йўлга қўйиш; иккинчидан, Тошкент ва Берлин судьялари учрашувини ўтказиш; учинчидан, Ўзбекистон ва Германия Адлия вазирликлари вакиллари иш тажрибаси алмашинувини ташкил қилиш муҳимлигига эътибор қаратди. Бу учрашувлар натижасида судьялар ва адвокатлар мустақиллиги, прокуратура фаолиятидаги ислоҳотлар бўйича ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлинади.

А.Саидов Дастурнинг муҳокама қисмига бугунги кунда ғоят долзарб аҳамият эга йўналиш – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим йўналишини киритиш зарурлигини қайд этди. Шу аснода меҳмонларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.

Бундан ташқари, Дастурни амалга оширадиган иштирокчилар сафига Марказий Осиёнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларини ҳам киритиш таклиф қилинди. Бунда ушбу ташаббусни илгари суришга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакилини асосий мувофиқлаштирувчи этиб тайинлаш мақбул экани қайцд этилди.

Учрашув якунида меҳмонлар самимий ва ўзаро манфаатли муҳокамалар учун миннатдорлик билдирди. Томонлар келгусида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech