Шу йил 17-19 апрель кунлари Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди.
Европа Иттифоқи делегацияси аъзолари ташрифи давомида Олий Мажлис Сенати Раиси, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Бош прокурор, Ташқи ишлар, Адлия вазирликлари ҳамда Бухоро вилояти раҳбарлари билан учрашди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази раҳбарияти ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), шунингдек, фуқаролик жамияти фаоллари билан мулоқотда бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан мазкур ташриф тафсилотлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Европа Иттифоқи делегацияси томонидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини, гендер тенгликни ривожлантириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш каби муҳим йўналишларда эришилган муваффақиятлар юксак баҳоланди, – деди А.Саидов. – Бу муносиб баҳо ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг лавозимдорлари томонидан берилгани билан янада аҳамиятлидир.
Чунки, аввало, Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили лавозими 2012 йилда таъсис этилган бўлиб, Имон Гилмор айни лавозимда 2019 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Жорий йил февралида унинг махсус вакиллик мандати 2024 йил 29 февралгача узайтирилди. И.Гилмор Ирландиянинг Калтре шаҳрида туғилган, Ирландия Миллий университетида таҳсил олган. Ирландия Ташқи ишлар вазири, Бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган ва мамлакат парламенти депутати мақомида 30 йил фаолият олиб борган. У ирланд, инглиз ва француз тилларида эркин мулоқот қилади.
Ўзбекистон Президенти ушбу таниқли сиёсий арбоб ва тажрибали дипломатнинг умумевропа манфаатларини илгари суриш ҳамда энг долзарб глобал муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш борасида қўшаётган улкан ҳиссасини юксак баҳолади. Давлатимиз раҳбари, шунингдек, бундан икки йил илгари – 2021 йил 19 ноябрда юртимизда ногиронлиги бўлган болаларни инклюзив ривожлантириш бўйича ўтказилган халқаро веб-форумни қўллаб-қувватлагани ва унда фаол иштирок этгани учун И.Гилморга миннатдорчилик билдирди.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили лавозими 2005 йили таъсис этилган ва Терхи Хакала ушбу лавозимда 2021 йил 1 июлдан ишлаб келмоқда. Т.Хакала Финландиянинг Хельсинки шаҳрида туғилган ва Турку шаҳридаги Або академиясида таҳсил олган тажрибали дипломат. Фин, инглиз, рус, француз, швед ва немис тилларини яхши билади.
Юртбошимиз бунгача ҳам Ўзбекистонга кўп бор – беш марта ташриф буюрган Т.Хакалани Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили лавозимидаги ваколати яна икки йилга узайтирилгани билан қутлар экан, бу унинг фаолияти самарадорлигига Европа Иттифоқи раҳбариятининг берган муносиб баҳоси ва билдирган юксак ишончи ифодаси эканини қайд этди.
Мамлакатимиз ўз мустақиллигининг дастлабки давриданоқ Европа Иттифоқи билан дўстона муносбатлар ўрнатган ва ўзаро ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда айниқса кучайди. Шу маънода, давлатимиз раҳбари томонидан И.Гилмор ва Т.Хакала билан мулоқот асносида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги юксак даражаси ва натижадорлиги катта мамнуният билан қайд этилгани бежиз эмас.
Ўтган йили Европа Кенгаши раиси Шарль Мишель мамлакатимизга ташриф буюрди. Самарқандда ўзаро ҳамжиҳатлик ва алоқадорликка бағишланган конференция бўлиб ўтди. Ушбу саммитнинг навбатдагиси – жорий йил июнида Бишкекда бўлади, кейинги анжуманни Ўзбекистонда ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Бугунги кунда Европа Иттифоқи билан барча даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда. Бу ўринда, жумладан, Европа томонидан тақдим этилган “GSP+” шароитлари туфайли ўзаро савдо ҳажми ва муваффақиятли инвестиция лойиҳалари сони жадал ортиб бораётганини таъкидлаш лозим. Шу нуқтаи назардан, жорий йилда юртимизга келадиган Еврокомиссия мониторинг гуруҳи билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш режалаштирилмоқда.
Маданий-гуманитар соҳада ҳам биргаликда муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, машҳур Лувр музейида илк бор тарихий-маданий меросимизнинг улкан кўламдаги кўргазмаси ташкил этилгани билан фахрланамиз. Май ойида Берлинда ҳам Ўзбекистоннинг шундай кўргазмаси очилади.
Президентимизнинг Европа Иттифоқи делегацияси билан учрашувида мазкур халқаро ташкилот институтлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича навбатдаги қадамлар муҳокама қилинди. Шунингдек, минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари ва бўлажак қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.
И.Гилмор ва Т.Хакала Европа Иттифоқи Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар стратегиясини қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.
Президентимиз меҳмонларнинг баҳо ва тавсиялари жуда муҳим эканини эътироф этди. Зеро, хорижий дўсту ҳамкорларимизнинг холис нуқтаи назари – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида осон бўлмаган ислоҳотларни амалга ошириш йўлида биз учун улкан рағбатдир.
– Инсон ҳуқуқлари мавзусидаги мулоқотлар ҳақида батафсилроқ тўхталсангиз?
– Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ортга қайтмас жараёнлигини алоҳида таъкидлаб, барча демократик жараёнлар марказида инсон мафаатлари, ҳар бир фуқаронинг қадр-қиммати турганини, бу биз учун энг устувор мақсад эканини қайд этди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш йўлидан қатъий одимламоқда. Мамлакатимиз бундан кейин ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини глобал ва минтақавий даражаларда илгари суриш жараёнининг фаол иштирокчиси бўлиб қолади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ташрифи якунлари бўйича “Йўл харитаси”ни амалга оширишга киришилди. БМТнинг Ўзбекистондаги офисида яқин орада Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчи лавозими таъсис этилади. Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидаги самарали фаолияти ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Шу йил март ойида фуқаролик жамиятини ривожлантириш мавзусида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форуми муваффақиятли ташкил этилди. Бу каби муҳим жараёнларда европалик шерикларимиз билан яқин ва натижадор ҳамкорликдан ҳамиша манфаатдормиз.
Деярли ҳар бир учрашувда Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кенгайиб, сиёсий соҳадаги мулоқотлар фаоллашгани ҳақида сўз юритилди. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш соҳасида эришилган ютуқлар холис эътироф этилиб, келгусида бу борадаги ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида урғу берилиши таъкидланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилди. Нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар фаолиятини ташкил қилишни самарали таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олишни соддалаштириш юзасидан БМТ ва ЕХҲТ тақдим этган барча тавсиялар бажарилди. Бугунги кунда юртимиздаги ННТ сони 9 мингтадан ортиқ бўлиб, охирги олти йилда уларнинг лойиҳаларини молиялаштириш ҳажми 25 баробар кўпайди.
Айни вақтда парламент мажлисларида иштирок этадиган ННТнинг доимий вакили институтини татбиқ этиш ишлари жадал бормоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳозирда лойиҳа матни халқаро ҳуқуқ нормалари ҳамда АҚШ, Германия, Франция каби хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида такомиллаштирилмоқда.
Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш тузилди. Диний соҳада таълим олишнинг янги тизими жорий этилди. Ҳаж ва Умра зиёратларини амалга ошириш тартиб-таомиллари қулайлаштирилди. Экстремизмга қарши курашда асосан профилактик чораларга таянилмоқда. Афв этиш тўғрисидаги ҳужжатлар ҳозиргача 4 мингдан зиёд кишига нисбатан қўлланди.
Кейинги даврда оммавий ахборот воситалари эркинлиги янги феноменга ва ислоҳотларимизнинг устувор мақсадларидан бирига айланди. Эркин матбуот рейтингларида Ўзбекистон сўнгги беш йилда 40 та мавқега баландлади. Рўйхатга олинган ОАВ сони 2 минг 110 тага, блогерлар сони эса 1,5 мингтага етди.
Мулоқотларда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари тўғрисида маълумот берилди. Бу борада қонунчиликда қийноқлар тақиқлангани, озодликдан маҳрум этиш жойлари видеокамералар билан жиҳозлангани, “Жаслиқ” колонияси ёпилгани муҳим ютуқларимиздан ҳисобланади.
Шунингдек, Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича ваколатлари кенгайтирилди. Фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокида Миллий превентив механизм ташкил этилди. Жорий йилда БМТнинг Қийноқлар масалалари бўйича махсус маърузачисининг мамлакатимизга ташрифи кутилмоқда.
– Европа Иттифоқи вакиллари янгиланаётган Конституциямиз ҳақида қандай фикрлар билдирдилар?
– Учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича бўлажак референдумнинг аҳамияти алоҳида тилга олингани диққатга сазовор.
Европа томони, хусусан, янгиланаётган Асосий қонундаги инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, “Миранда қоидалари” ва “Хабеас корпус” институтини жорий қилиш, ижтимоий ва экологик ҳуқуқлар, ёшлар ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, ўлим жазоси бекор қилинганини мустаҳкамлаб қўйиш каби илғор нормаларни кўзда тутувчи ўзгартиришларни олқишлагани бизни хурсанд қилди.
Жаноб И.Гилмор сўнгги йиллардаги ўзгаришлардан олган таассуротлари ҳақида батафсил сўз юритди. Жумладан, Европа Иттифоқи Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакилининг фикрича, Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги ютуқлари, янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган нормалар акс эттирилаётгани юксак баҳоларга муносибдир.
Ўзаро суҳбатлар давомида бўлажак референдумда овоз бериладиган конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда парламент аъзоларидан ташқари кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлар ва илмий доира вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этгани таъкидланди. Янгиланаётган Конституцияда аҳолининг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинганига эътибор қаратилди.
Европа Иттифоқи вакиллари айнан шу муҳим мезон, яъни конституциявий ислоҳотларда аҳолига энг асосий эътибор берилганини қизғин олқишладилар. Ислоҳотларнинг диққат марказида инсон тургани, аҳолининг кундалик турмуши ва эҳтиёжлари инобатга олингани таҳсинга сазовор экани эътироф этилди.
Яна бир муҳим эътироф: ўлим жазоси тақиқланиши конституциявий даражада белгиланаётгани алоҳида таъкидланди. Делегация аъзоларининг фикрича, ушбу норма билан давлатимиз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканлигини бутун дунёга намоён қилади.
Шунингдек, янгиланаётган Конституциямизда шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги кўзда тутилаётгани, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақлилиги, озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан инсоний муомалада бўлиш шартлиги, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланаётгани ҳам меҳмонларнинг эътиборини тортди.
– Парламентимиз палаталарида Европа Иттифоқи вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувларда айнан қайси масалалар муҳокама қилинди?
– Олий Мажлиснинг ҳар икки палатасида меҳмонлар билан ўтказилган учрашувларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги муҳим сиёсий жараёнларда, хусусан, конституциявий ислоҳотларда, шунингдек, демократик янгиланиш ва ўзгаришларда парламентнинг ўрни алоҳида эътироф этилди. Делегация аъзоларига Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, меҳнат муносабатлари соҳасидаги жараёнлар, Олий Мажлис ва Ёшлар парламенти фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Хусусан, Олий Мажлис Сенати Раиси Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан асосий халқаро ҳамкор сифатида ўзаро манфаатли шерикликни изчил ривожлантиришдан, бунда ўзаро муносабатларнинг барча йўналишларини қамраб олиш учун биргаликда ҳаракат қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Меҳмонлар ҳам Европа Иттифоқи қамрови жиҳатидан кенгайиб бораётган икки томонлама мулоқотни амалий мазмун билан янада бойитиш тарафдори эканини билдирдилар.
Мулоқотлар чоғида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини кафолатлаш, уларнинг жамият ва оиладаги мавқеини мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қайд этилди. Бу борада Гендер стратегияси ва 40 дан ортиқ норматив ҳужжат қабул қилинди. Барча қонун лойиҳалари гендер экспертизасидан ўтказилмоқда.
Бугунги кунда талаба қизларнинг сони 110 минг нафардан – 500 минг нафарга кўпайди. Бу – Ўзбекистондаги жами талабаларнинг тенг ярми, деганидир.
Марказий Осиё мамлакатлари аёл-лидерларининг минтақавий мулоқотига асос солинди. Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда ўтган йили дунё мамлакатлари парламентлари аёл-лидерларининг саммити ва ШҲТ Хотин-қизлар форуми ўтказилди.
Қисқа фурсатларда мажбурий меҳнат в болалар меҳнатига барҳам берилди. Фарзандларимиз билим олишлари, тил ўрганишлари, касб эгаллашлари, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб вояга етишлари учун шароитлар яратилмоқда.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Ўзбекистон томонидан 2021 йилда ратификация қилинди. Жорий йил июль ойида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасида ушбу Конвенциянинг бажарилиши юзасидан мамлакатимизнинг дастлабки миллий маърузаси тингланади.
Бу борада алоҳида қонун қабул қилиниб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча соҳалардаги ҳуқуқлари кафолатланди. Бўлажак референдумда ушбу тоифага мансуб юртдошларимиз ўз хоҳиш-иродасини эркин бидиришларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Миллий марказ ташаббуси билан янгиланаётган Конституция матни Брайль алифбосида нашр этилгани шулар жумласидандир.
И.Гилмор ва Т.Хакала жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида кечаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар изчиллигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.
– Европа Иттифоқи делегациясининг ташрифи доирасида яна қандай масалаларга эътибор қаратилди?
– Ўзбекистон Президенти учрашув давомида Евроиттифоқ институтлари билан инсонийлик мезонлари соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини қайд этди. Ўз навбатида, Ташқи ишлар вазирлигида ўтказилган мулқотда “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ва “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” шаклида турли даражаларда режалаштирилган тадбирлар жадвалига алоҳида эътибор қаратилди.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Нега деганда, Ўзбекистон ўзаро ҳамкорлигимизнинг ушбу форматларидаги тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги ҳамкор давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашувлари мунтазам ўтказилмоқда.
Шундай учрашувларнинг навбатдагиси, яъни ташқи ишлар вазирларининг 18-учрашуви 2022 йил 17 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Эртаси куни, 18 ноябрда “Евроиттифоқ – Марказий Осиё” ўзаро ҳамкорлиги: барқарор тараққиёт учун глобал дарвоза” мавзусидаги илк конференция ҳам айнан Самарқандда ташкил этилди.
Ўтган даврда “Евроиттифоқ – Марказий Осиё” минтақалараро ҳамкорлиги доирасида 6 та қўшма орган тузилган. Булар: Ҳамкорлик кенгаши, Парламентлар ҳамкорлиги қўмитаси, Савдо ва инвестициялар бўйича кичик қўмита, Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва турдош масалалар бўйича кичик қўмита, Тараққиёт мақсадлари йўлида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитадир.
Мамлакатимиз ушбу қўшма органлар ҳамда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили институти билан истиқболли ҳамкорлик негизида иш олиб бормоқда. Европа Иттифоқи делегациясининг ушбу расмий ташрифи ўзаро амалий алоқаларни янги босқичга кўтаришига ишонч билдирилди.
Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий асослари ҳақида тўхталганда, икки ўртада 15 та ҳамкорлик ҳужжати амал қилаётганини қайд этиш лозим. Бинобарин, мулоқотлар асносида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тезроқ имзолаш муҳимлиги ҳам таъкидланди.
Бундан ташқари, Т.Хакала савдо-иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни жуда муҳимлигига эътибор қаратиб, Европа Иттифоқи ушбу масала юзасидан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга тайёрлигини айтди.
Меҳмонлар билдирган барча фикрлари ва ўзларини қизиқтирган саволларига тўлиқ шарҳлар ҳамда жавоблар олди. Энг муҳими, томонлар ҳамкорликни янада самарали ва конструктив руҳда давом эттиришга келишиб олдилар.
Учрашув ва мулоқотлар чоғида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг долзарб жиҳатлари, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг айрим масалалари ҳам кўриб чиқилди. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва сўз эркинлигини таъминлашда ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Хулоса ўрнида Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор ташриф якунида айтган қуйидаги фикрларни келтириш билан кифояланамиз:
“Бу юртда ўз кўзим билан кўрганларим ва эшитганларимдан шуни хулоса қилаяпманки, мамлакатингиз тараққиётнинг энг мақбул ва тўғри йўлини танлаган. Айни шу тараққиёт дастурида инсон ҳуқуқлари етакчи ўринга қўйилгани катта аҳамиятга эга. Ўзбекистонга ташрифимдан кўнглим тўқ бўлди. Чунки сафар дастуримизнинг тиғизлигига қарамай, мамлакат ҳаётининг деярли барча соҳаларидаги муҳим янгиликлардан хабардор бўлишга улгурдик. Энг асосийси, шунга аминмизки, Ўзбекистонда олға интилиш бор, тараққиёт сари шиддатли одимлар ўз самараларини бермоқда”.
Ғулом МИРЗО суҳбатлашди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
«Ishonch» газетасининг 2023 йил 27 апрель кунги 51-52-сони
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси
- Қўшилди: 27.04.2023
- Кўришлар: 4421
- Чоп этиш