27 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан Шаржаҳ Мерос институти археология бошқармаси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Шаржаҳ Мерос институти вакиллари Иса Юсуф, Саид Ал-Нақбий, Адил Алҳосаний, Мустафо Тетанжий ва Сергей Лаптев ҳамда Миллий марказ директори ўринбосари Д.Муратова, Марказ директорининг матбуот котиби Ғ.Мирзаев, Директор ёрдамчиси О.Аҳмадов, халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи И.Абжумажидов иштирок этди.
А.Саидов меҳмонларни ташрифи билан қутлар экан, Шаржаҳ Мерос институти бугунги кунда дунё маданий меросига ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келаётганини юқори баҳолади. Мулоқот давомида жорий йил октябрь ойида Самарқанд шаҳрида Шаржаҳ Мерос институти археология бошқармаси кўргазмасини ўтказиш бўйича ташкилий масалалар юзасидан ўзаро маслаҳатлашилди.
Меҳмонлар самимий қабул учун миннатдорчилик билдирдилар. И.Юсуф сўзларига кўра, Шаржаҳ Мерос институти археология бошқармаси бугунги кунга қадар турли минтақаларда кўргазмаларини намойиш этган. Эндиликда бу борада Марказий Осиё минтақаси режага киритилган.
Жорий йил октябрь ойида ўтадиган дастлабки кўргазма учун айнан Самарқанд шаҳри танланган. Ўз навбатида, юртимизнинг Бухоро, Хива каби бошқа тарихий шаҳарларида ҳам шундай кўргазмалар ўтказиш мўлжалланмоқда.
Бўлажак кўргазмада иштирок этиш учун Шаржаҳ Мерос институти раҳбари Шайх доктор Султон Бин Муҳаммад ал-Қосимийнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Шу муносабат билан меҳмонлар кўргазмани ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилдилар.
Ўз навбатида, А.Саидов Шаржаҳ Мерос институти археология бошқармасининг мазкур ташаббусини тўла қўллаб-қувватлашини қайд этди. Кўргазмани ташкил этиш билан боғлиқ масалаларда икки томоннинг дипломатик каналлари орқали мулоқотни йўлга қўйиш юқори самара бериши таъкидланди.
Учрашув самимий ва ишчан руҳда ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.04.2023
- Кўришлар: 4260
- Чоп этиш