Янги Ўзбекистонда “Инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – энг муҳим қадрият” деган тамойил асосида мутлақо янги миллий ҳуқуқий тизим шаклланмоқда. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, истиқлол йилларида мамлакатимизда том маънодаги конституциявий давлат барпо этилди.
Конституциявий давлат деганда:
биринчидан, Конституцияда белгиланган давлат ҳокимияти идоралари тузилгани ва фаолияти йўлга қўйилгани;
иккинчидан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётгани;
учинчидан, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти изчил кенгайиб бораётганини тушуниш лозим.
Шиддатли ислоҳотларнинг янги босқичида – Тараққиёт стратегияси доирасида “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда кучли фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Шу муносабат билан миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда “шахс – жамият – давлат” тамойилини мустаҳкамлаш масаласи кун тартибига қўйилди. Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида йиллар давомида амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили янги парадигма: “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартирилмоқда.
Конституциявий тузум, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий соҳаларни тубдан ривожлантириш, янги Ўзбекистонни бунёд этиш, эркин ва одил фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ўзаро чамбарчас боғлиқ демократик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чуқур ислоҳотларни конституциявий таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Энг муҳими, ушбу барча масалалар мамлакат аҳолисининг турли қатламлари вакиллари –фуқаролик жамияти институтлари фаоллари томонидан кўтарилди.
Референдумга саноқли кунлар қолган ҳозирги вақтда ҳам фуқаролик жамияти институтлари, айниқса сиёсий партиялар, маҳаллалар ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг фаоллиги яққол сезилмоқда. Фуқаролик жамияти институтлари бир томондан Конституцияни бойитиш мақсадида асослантирилган жамоавий таклифларни беришда жонбозлик кўрсатаётган бўлса, иккинчи томондан халқимиз орасида конституциявий ислоҳотларнинг тарғиботида фаол иштирок этмоқда.
Шу ўринда “Фуқаролик жамияти институтлари референдумда қандай кўлам ва миқёсларда иштирок этиши керак?” деган табиий савол туғилади. Бу борадаги халқаро тажриба таҳлили шуни кўрсатадики, БМТ ва ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар доирасида айни масалага алоқадор юздан зиёд резолюция ва халқаро хужжатлар кабул қилинган.
Масалан, БМТ доирасида охирги 20 йилда давлатларда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга оид З та йўриқнома қабул қилинган. Ушбу ҳужжатларда фуқаролик жамияти институтларининг референдумлардаги иштироки асосан 8 та йўналишда амалга оширилиши кўзда тутилган.
Мазкур йўналишларнинг мазмун-моҳиятига бирма-бир ва мухтасар тўхталамиз. Шунинг баробарида, мамлакатимиздаги фуқаролик жамияти институтлари айни вақтда тегишли йўналиш бўйича қандай амалий натижаларга эришгани ҳақида ҳам сўз юритамиз.
Биринчи йўналиш – референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини таъминлаш.
Бунда, аввало, конституциявий ислоҳотлар бошидаёқ Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ташкил этилган Конституциявий комиссия фаолиятини алоҳида тилга олиш лозим. мазкур Конституциявий комиссия таркибига барча ҳудудлардан депутатлар, сенаторлар, жамиятнинг турли қатламлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар ҳамда бошқа экспертлар киритилган бўлиб, айнан улар ушбу жараёнларда очиқлик ва ошкоралик тамойилларини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратмоқда.
Иккинчи йўналиш – референдумни ўтказишга услубий-амалий кўмаклашиш.
Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари томонидан ўтган даврда бу борадаги миллий ва халкаро тажриба таҳлили ҳамда талқинига бағишланган турли адабиёт ва қўлланмалар тайёрланиб, кенг тарқатилди. Миллий ва халқаро форумлар ташкил этилди, халқаро ҳамкорлар билан биргаликда референдум ташкилотчилари ва иштирокчилари учун ўқув курслари, семинар-тренинглар ташкиллаштирилди.
Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бирга 193 та мамлакат Конституциялари, шунингдек, 500 дан зиёд халқаро-ҳуқуқий ҳужжат атрофлича таҳлил этилди. Шу асосда “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Конституциялари”, “Жаҳон Конституциялари”, “Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатлари тажрибаси” (5 жилдлик) каби ўндан зиёд асар яратилди.
Бундан ташқари, Конституциявий қонун лойиҳаси ва ислоҳотларга оид фикр-мулоҳазалар, таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Референдум ташкилотчилари ва иштирокчилари учун туркум конференциялар, семинарлар, тренинглар ташкил этилди. Ўзбекистон ва хорижда 70 дан зиёд халқаро форум ўтказилди. Ана шу тадбирларда мамлакатимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва академик ҳамжамиятнинг 5 мингдан зиёд вакили иштирок этди.
Учинчи йўналиш – референдумни ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мониторинг олиб бориш.
Бугунги кунда ногиронлиги бор шахсларнинг референдумда иштирокини таъминлаш, шунингдек, гендер тенглик ва фуқароларнинг эркин овоз бериши учун зарур шароитлар яратилишини мониторинг қилишда мамлакатимиз фуқаролик жамияти институтлари фаоллик кўрсатганини алоҳида таъкидлаш зарур. Масалан, Кўзи ожизлар жамияти ва бошқа шундай жамиятлар томонидан референдум ўтказиладиган участкаларда ушбу аҳоли қатламлари учун яратилган шароит устидан самарали жамоат назорати ўрнатилганига бевосита гувоҳ бўлмоқдамиз. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси Брайль алифбосида нашр этилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Тўртинчи йўналиш – референдум ўтказишга кўмаклашиш бўйича волонтёрлик ҳаракатини йўлга қўйиш.
Бу ўринда фуқаролик жамияти институтларининг минглаб кўнгилли вакиллари референдум жараёнларида фаол қатнашаётганига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Бешинчи йўналиш – референдум мавзусини тарғиб қилиш.
Бўлажак референдумга қўйилган долзарб масаланинг умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва демократия тамойилларига мослигини ҳамда мамлакат тараққиёти ва жамият демократлашувига ижобий таъсирини аҳолига кенг тушунтириб беришда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамияти беқиёслигини амалда кўриб тутибмиз. ННТ фаоллари жойларда шу мақсадда илмий-амалий форумлар ташкил этгани, аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатгани, китоблар ва бошқа адабиётлар, ахборот материаллари чоп этиш ва кенг тарқатишни йўлга қўйгани, волонтёрлар сайтини очгани, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда айни мавзуни ёритишда фаоллик кўрсатаётгни бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Масалан, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан биргина апрель ойининг ўзида тегишли мавзуда 2 мингдан зиёд мақола, шарҳ ва бошқа таҳлилий материаллар ОАВ ва Интернет тармоқларида эълон қилинди.
Олтинчи йўналиш – референдумга қўйилган ҳужжатларнинг жамоат экспертизасини ташкиллаштириш ва аҳолига, кенг жамоатчиликка тақдим этиш.
Конституциявий қонун лойиҳаси Янги Ўзбекистон тарихида илк маротаба фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштироки ва ташаббуси асосида гендер, бола ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари, хусусан, ногиронлиги бор шахсларнинг қадр-қиммаги, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий давлат қуриш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш каби катор йўналишлар ҳамда аксилкоррупция ва тил бўйича экспертизалардан ўтказилди. Жамоатчилик экспертизаларида 300 дан зиёд ННТ иштирок этди.
Фуқаролик жамияти институтларининг таклифлари, жумладан, “инсон шаъни ва қадрини улуғлаш”, янги “инсон – жамият – давлат” парадигмасини ҳаётга изчил татбиқ этиш, халқчил, адолатли ва ижтимоий давлат барпо этиш, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий мустаҳкамлаш, болалар, хотин- қизлар ва ногиронлиги бўлган шахслар эркинликлари, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, экологик муаммоларни ҳал этиш каби йўналишларни қамраб олди.
Еттинчи йўналиш – референдум масалалари бўйича халқ билан мулоқотлар ўтказиш.
Юртимиз фуқаролик жамияти институтлари иштирокида айни мавзуда миллий маслаҳатлашувлар, жамоатчилик маслаҳатлашувлари, халқаро маслаҳатлашувлар ташкил этиллди. Жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида турли сўровномалар ўтказилди.
Саккизинчи йўналиш – жамиятда ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш.
Бу борада ҳам фуқаролик жамияти институтлари жуда фаол эканини эътироф этамиз.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, бўлажак референдумда халқимиз овоз берадиган янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
"Куч-адолатда" газетаси, 2023 йил 28 апрель, 21-22-сони
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси
- Қўшилди: 28.04.2023
- Кўришлар: 4334
- Чоп этиш