Халқаро стандартларни амалга оширишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимининг ўрни

28 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида шу мавзуда ўқув машғулоти ташкил этилди. Мазкур сайёр ўқув машғулотида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг 30 нафар тингловчиси иштирок этди.

Академияда прокуратура органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада турган кадрларни касбий қайта тайёрлаш ўқув курси машғулотлари давом этмоқда. Курс доирасида тингловчиларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида сайёр дарс машғулотлари ўтказиш белгиланган.

Ушбу машғулот ҳуқуқшуносларни Миллий марказнинг юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қимматини янада ошириш ва  ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририни қабул қилиш бўйича ўтказиладиган референдум тўғрисида батафсил ахборот бериш ҳам назарда тутилди.

Машғулот давомида янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда.

Сайёр ўқув машғулоти жараёнида Миллий марказ фаолиятининг ташкил этилиши билан боғлиқ муҳим маълумотлар тақдим этилди. Марказнинг асосий фаолият йўналишлари, миллий маърузаларни тайёрлаш механизмлари, хорижий экспертларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир тавсиялари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Миллий марказ билан прокуратура органларининг ҳамкорлиги хусусида атрофлича сўз юритилди.

Машғулот доирасида Академия тингловчилари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари ва уларнинг қай тартибда бажарилиши борасида Миллий марказнинг халқаро ташкилотлар, давлат органлари ҳамда бошқа идоралар билан ўзаро ҳамкорлиги, миллий маърузалар тайёрлаш бўйича асосий вазифалари, инсон ҳуқуқларини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари ҳақидаги маълумотлар билан танишдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори асосида тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан ҳам батафсил ахборот улашилди.  

Тингловчилар томонидан берилган барча саволларга тўлиқ жавоб қайтарилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech