Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир” деган ғоя илгари сурилди. Шу ташаббус асосида 28 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида докторант, таянч докторант ва мустақил изланувчилар ҳамда уларнинг илмий раҳбарлари иштирокида илмий семинар ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов Миллий марказ илмий тадқиқотчиларининг илмий фаолияти натижалари билан танишар экан, 30 апрель куни ўтказиладиган референдум ва Конституцияга киритилаётган янги ўзгаришларнинг тадқиқот ишларига чамбарчас боғлиқ жиҳатлари хусусида тўхталди.
Тадбир давомида Миллий марказ докторант, таянч докторант ва мустақил изланувчиларининг 2023 йил I чорагида амалга оширган ишлари муҳокама қилинди. Шу негизда бир қатор муҳим вазифалар белгилаб олинди. Бу ўринда, хусусан:
- илмий тадқиқот доирасида мақолалар, тезислар ёзиш маҳоратини ошириш бўйича семинар-тренингларда иштирок этиш;
- Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллиги тадбирларида фаол қатнашиш;
- ёш тадқиқотчиларнинг шу муҳим санага бағишланган илмий-амалий конференциясини ташкил қилиш;
- ихтисослик ҳамда чет тили бўйича малакавий имтиҳонларни топшириш;
- диссертация ҳимоясини белгиланган муддатдан кечиктирмасдан амалга ошириш;
- Миллий марказ ҳузурида ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — «Инсон ҳуқуқлари уйи» фондидаги маълумотлардан кенг фойдаланиш масалалари ҳақида сўз борди.
Маълумот учун: Бугунги кунда Миллий марказ ҳузуридаги олий таълимдан кейинги таълим институтида 14 нафар мустақил тадқиқотчи ва 7 нафар докторант таҳсил олмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.04.2023
- Кўришлар: 4424
- Чоп этиш