Ислоҳотлар ҳар қандай мамлакатда жамиятдаги муаммоларни ечишга хизмат қилади, халқ ҳаёти яхшиланишига омил бўлади, шу боис, ривожланишнинг ижобий жараёни сифатида баҳоланади.
Ҳуқуқий, демократик давлат қуришга азму шижоат қилган эл борки, аввало, фаровонлик йўлидаги ислоҳотларни ўз Конституциясида акс эттиришга ҳаракат қилади. Агар биз бундан 30 йил олдин, мустақиллигимиз бошида Конституциямизга миллий давлатчилик принципларини, ижтимоий муносабатларни “давлат — жамият — инсон” ғояси орқали сингдирган бўлсак, энди эркин тараққиётимизнинг 30 йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, “инсон — жамият — давлат” тамойилидан, яъни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг янги парадигмасидан фойдаланяпмиз. Бунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари барча қадриятлардан устун экани ва фуқароларга эътибор ислоҳотлар марказида турганини кўрамиз.
Куни кеча бўлиб ўтган референдумда халқимиз алоҳида фаоллик, катта ишонч билан янги таҳрирдаги Конституциямизни қўллаб-қувватлаб овоз берди. Бу шунчаки оддий жараён ёки табиий ҳодиса эмас. Бунинг замирида катта ҳаётий ҳақиқатлар, халқимиз орзу қилган янги ҳаётни қуриш мақсади мужассам.
Конституциямизнинг янги таҳририда инсон ҳуқуқлари соҳасида императив нормалар эмас, балки кўплаб аниқлаштирилган, тўғридан-тўғри амал қилувчи нормаларни кўрамиз. Бундай ёндашув ривожланиш стратегиямизнинг, янгиланаётган Ўзбекистоннинг ислоҳотлар кўлами ва талабидан келиб чиққани ҳам бор гап. Маълумки, Ўзбекистон ижтимоий ривожланишнинг шундай йўлини танладики, унинг пировард мақсади дунёнинг ривожланган 50 талик давлати қаторидан жой олишдир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 65 та моддасига ўзгариш ва қўшимчалар киритилди, улардан 16 таси инсоннинг ажралмас ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган.
Хусусан, 54-моддада илк бор “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади” экани белгиланди. 56-моддага кўра эса “Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шароитлар яратади”. Шунинг баробарида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ҳуқуқий нормаларнинг тўғридан-тўғри амал қилиши мумкинлиги бизнинг ҳуқуқий амалиётимизда мутлақ янги воқеликдир.
Конституциянинг иккинчи бўлими инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган бўлиб, унда биз 25 янги ғоя билан йўғрилган новеллаларни ҳисобладик. Уларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари моҳиятан чуқурроқ берилиб, инсон ҳуқуқларини кафолатлаш механизми, мутлақо янги масала ва йўналишлар акс этган.
Масалан, 25-моддада “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади”, дейилган. Ўзбекистонда ўлим жазоси 2008 йилда бекор бўлган эди, дейиш мумкин. Тўғри, лекин эндиликда ўлимнинг жазо тури сирасидан чиқариб ташланиши жиноят қонунчилигида инсонпарварлик ва либераллашув тенденциялари ортга қайтмаслигини, шунингдек, Ўзбекистон давлатининг инсон ҳуқуқларига ҳуқуқий жиҳатдан ҳам ҳурмат билан қарашини конституциявий даражада яна бир бор тасдиқлайди.
Айни пайтда Конституциянинг 19-моддасига янги хатбоши киритилиб, унга кўра, “Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади”, деб муҳрланди. Бу Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро универсал ҳужжатлар меъёрларига амал қилиш йўлида собитқадамлигини, давлат органлари ва мансабдор шахслар қарорлар қабул қилишда халқаро ҳужжатларга риоя қилишини, суд-тергов органлари амалиётида халқаро андозаларга мувофиқ фаолият олиб боришини англатади.
Худди шу каби 20-моддага мутлақо янги 3 новелла киритилди. Биринчиси, “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”. Яъни инсон давлат ва жамият фаолияти марказида туриши, уларнинг фаолияти тўла-тўкис инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган бўлиши лозимлиги мустаҳкамланмоқда. Иккинчиси, “Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак”. Бу норма назарий жиҳатдан ҳам адолат мезонларини барқарорлаштиришга хизмат қилади. Учинчиси, “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”. Процессуал ҳуқуқнинг принципиал позицияси бўлмиш бу норма суд қарорлари ва ҳукмлари чиқарилаётганда тўғридан-тўғри Конституцияга асосланиб қўлланилади.
Конституциянинг мутлақо янги жиҳатлари 23-моддада акс этди. Унга кўра, эндиликда “Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади”. Бундай йўналишдаги сиёсат ўтган йиллар давомида яхши самара берди. Жумладан, Сурия ва қуролли тўқнашувлар бўлиб турган чет элдаги бошқа ҳудудлардан юзлаб ҳамюртимиз, асосан, аёллар ва болалар “Меҳр” инсонпарварлик операциялари доирасида юртимизга қайтариб олиб келинди.
Асосий қонунимиздаги янги жиҳатлардан бири 33-моддада акс этган. Яъни “Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади”.
Дарҳақиқат, бугун интернет инсонларнинг кундалик эҳтиёжига айланди ва у ҳар биримизни бутун дунёдаги жараёнлардан бохабар қилишда етакчи ўрин тутмоқда. Бундай замонавий прагматик ёндашув инсон тафаккури кенгайишига, пировардида, инсоний ресурс салоҳияти кўтарилишига хизмат қилади. Бугун дунёда ахборот билан тўйинган жамият етакчилик қилмоқда. Шу боис, 33-модданинг аҳамиятини англаш қийин эмас.
Конституциядаги мутлақо янги нормалардан яна бири — 37-модда. Унда илк бор “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар”, деб сиёсий ҳуқуқларимизнинг энг муҳими акс эттирилган. Бу давлат хизматчиси бўлишда барчага тенг имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Шубҳасиз, ягона истисно профессионал талаблар бўлиши мумкин ва бу дискриминация деб қаралмаслиги лозим.
Халқимиз куни кеча референдум орқали қабул қилган янги таҳрирдаги Конституциямиз жамиятимизнинг бугунги ҳолатини акс эттиради ва у келажакка йўналтирилгани билан ҳам тарихий аҳамият касб этади.
Лола САИДОВА,
юридик фанлар доктори, профессор
- Қўшилди: 01.05.2023
- Кўришлар: 4453
- Чоп этиш