Ҳиндистоннинг етакчи нашрларидан бири «The Hindu» газетасида «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари биринчи ўринга қўйилган янги Конституция бўйича референдум ўтказилмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилди.
«Матни қарийб 60 фоизга янгиланаётган Асосий қонун лойиҳаси кўплаб ўзгаришлар қаторида инсон эркинликлари, барқарор ижтимоий ҳимоя ва гендер тенглигини таъминлаш, ўлим жазосини бекор қилишни илгари сурган», деб ёзади газетанинг референдум жараёнини ёритиш учун Ўзбекистонда бўлган махсус мухбири Стэнли Жони.
Мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг очилиш маросимидаги нутқидан «Янги Конституциямизда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани алоҳида белгиланмоқда. Барча ўзгартиришларнинг туб негизига «инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устувор» деган эзгу ғоя қўйилмоқда», деган сўзларидан иқтибос келтирилган.
Янги Асосий қонун ўтган йили иқтисодиёти қарийб 6 фоизга ўсган мамлакатда сармоявий ва ишбилармонлик муҳитини ҳам яхшилайди, деб қайд этган журналист.
Муаллиф Конституциявий комиссия маълумотига таяниб, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида фуқаролардан 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган, деб қайд этган.
«Бу Янги Ўзбекистоннинг ўзгараётганини ифодалайди, – деди мамлакат парламенти Қонунчилик палатаси қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов. – Авваллари биринчи ўринда давлат турган бўлса, энди инсон манфаатлари илгари сурилмоқда. Бу эса бизнинг янги тарихимизда чуқур силжишга асос бўлмоқда», деб ёзади Стэнли Жони.
Ҳинд журналисти халқаро кузатувчилар иштирокида ўтказиладиган эркин овоз бериш учун барча чоралар кўрилганини таъкидлаган. «Қадимий Бухоро шаҳридаги давлат университетида референдум участкаси очилган. Участка комиссияси аъзолари журналистларга овоз бериш халқаро кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида ўтаётганини билдирди. Биргина Бухоронинг ўзида 84 та сайлов участкаси тузилган», деб Бухоро шаҳридаги референдум жараёнини таърифлаган мухбир.
Стэнли Жони Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчиси Маниш Прабҳатдан интервью олиб, дипломатнинг Ўзбекистондаги конституциявий референдумга оид қуйидаги фикрларини келтирган: “Янги Конституция кўп ойлар давомида ишлаб чиқилди. Ўзбекистон аҳолисининг барча эҳтиёжлари янги лойиҳада ўз ифодасини топиши учун катта тайёргарлик кўрилди, кўплаб оммавий мулоқотлар ўтказилди. Янги Конституция лойиҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилди. У Ўзбекистонни янада ижтимоий ва фаровон давлатга айлантиришга, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган».
Муаллиф мақолани Тошкент давлат шарқшунослик университети талабасининг «Ислоҳотлар ўзбек халқининг қонуний ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Мамлакат жадал ва изчил ўзгармоқда. Мен учун бу жуда ҳам муҳим», деган сўзлари билан якунлаган.
ЎзА
- Қўшилди: 01.05.2023
- Кўришлар: 4400
- Чоп этиш