Ўзбекистон – Марказий Осиё дурдонаси

"Ўзбекистон: Марказий Осиё дурдонаси" китобини Женевадаги Дипломатик доира президенти Роберт Блум (Robert Blum) ёзган.

Р.Блум – швейцариялик таниқли жамоат арбоби. У маданий-инсонпарварлик муносабатлари ва савдо алоқаларини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир қатор давлатлар, жумладан, АҚШ, Италия, Тунис, Бирлашган Араб амирликлари, Франция томонидан давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирланган.

Китоб Женеванинг узоқ йиллардан буён номи тилдан тушмай келаётган нашриёт уйларидан бири ҳисобланувчи «Atar Roto Presse SA» томонидан  нашр этилган. Ушбу нашриёт 1896 йилдаёқ «Société Genevoise d’Edition» номи билан ташкил этилган, 1905 йилдан эътиборан эса компания «Atar» деб атала бошланган. Бу ном «Ateliers Artistiques» атмасининг қисқартма шакли бўлиб, тез орада Женева матбаачилиги соҳасида том маънодаги брендга айланди.

«Atar» фаолиятининг устувор соҳалари атроф-муҳитга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, яъни экологияни асраб-авайлаш бўйича чинакам ва изчил саъй-ҳаракатларни ўзида қамрайди. Матбаа тизимидаги ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичлари атроф-муҳитга қандай таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан баҳоланади. Бу ўринда қоғоз ўлчамларини мақбуллаштириш, сертификатга эга қоғоздан фойдаланиш қоғоз ва бошқа босмахона маҳсулотларини исроф қилиш ҳисобига юзага келадиган чиқиндиларни камайтириш, ҳар қандай чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан фойдали маҳсулотлар тайёрлаш ишлари ҳақида сўз бормоқда.

Шуниси эътиборга лойиқки, ушбу китоб экологик жиҳатдан энг тоза қоғозда чоп этилган. Бунда матбаа жараёнлари ҳам қатъий равишда экологияни асраб-авайлаш талаблари доирасида амалга оширилган.

Китоб 275 бетдан иборат бўлиб, Муқаддима, Сўзбоши, 7 та бўлим, 26 та боб ва Хотима қисмларини ўзида қамраган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқи ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий ва маънавий соҳаларида эришилган туб ўзгаришлар китобда рангли-безакли кўракам саҳифаларида маҳорат билан тараннум этилган.

Китобдан жуда кўп фотолавҳалар жой олган. Уларни айни вақтда дунёдаги машҳур янгиликлар ва молиявий ахборот агентлиги ҳисобланувчи “Рейтер”да ишлайдиган таниқли фотограф Пьер Виро яқинда Ўзбекистонга сафари даврида суратга туширган.

Р.Блум ўз китобида кейинги йилларда Янги Ўзбекистоннинг тарраққий этиши билан боғлиқ кузатувлари ва таассуротларини қаламга олган. Китоб мана бу муқаддима билан бошланади: "Жаноб Президент, Сизнинг сайланганингиз муносабати билан мамлакатингиз қайтадан туғилди гўё".

Р.Блумнинг таъкидлашича, Ш.М.Мирзиёев 2017 йилда Президент этиб сайлангач, мамлакатда энг аҳамиятли ва шиддатли ўзгаришлар юз берган. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўз Ватани, миллати ва халқи тақдирига дахлдор кенг қамровли ислоҳотларда иштирок этиш истагини эркин билдириш ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги бунёдкорлик жараёнларида улкан салоҳиятини баралла намоён этиш имкониятига эга бўлган.

Муаллиф эътироф этганидек, Ўзбекистон бир неча йилдан буён ёруғ келажак сари дадил ва ишончли илгариламоқда. Мамлакатда демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда, яқину узоқдаги хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланмоқда.

Р.Блумнинг ишончига кўра, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон"ни барпо этиш йўлидаги туб ислоҳотлари, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистонни демократик, адолатли, мустақил, дунёвий ва фаровон давлатга айлантиради.

Китобда Ўзбекистон халқи ҳаётининг 3 та йўналиши – ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-маънавий соҳалар ҳақида сўз юритилган. Барча боблар, рангли расмлар ва кўркам безаклар Ўзбекистон халқининг донишлиги ва ўзига хос фазилатлари, оддий одамларнинг шаъни ва қадр-қиммати, иқтидори ва истеъдоди, бунёдкор меҳнат аҳлининг жасорати ва фидойилигидан сўзлайди.

Ижтимоий-иқтисодий соҳа. Китобхонни Ўзбекистон тарихи билан мухтасар таништирар экан, Р.Блум шўролар замонини эсга олади, ХХ асрнинг иккинчи ярмида мамлакат ҳудудида юритилган нобоп пахта сиёсати ва унинг Орол денгиз ҳалокатига кўрсатган фожеали таъсири ҳақида фикр юритади.

Муаллиф халқимизни: "Буюк тарихнинг Ўзбекистон мустақиллигини олиб келган ва шиддатли янгиланишларга йўл очган ҳаётбахш шамолига кўксини тутган мард инсонлар", дея тавсифлаган.

Унинг таъкидлашича, миллатни тушуниш учун аввало унинг қаердан келиб чиққани, нималарни бошидан кечиргани ва қандай негизларда шаклланганидан хабардор бўлиш даркор. "Ҳар қандай халқнинг ўтмиши дарёга ўхшайди, баъзида тошқин, баъзида сокин, баъзан тор даралар оралаб ўтишга мажбур бўлганида, қайтадан сокинлик касб этишдан олдин ўзини ҳар томонга урганича кўпириб-тошадиган асов дарёдир халқ. География Ўзбекистонга бутун Осиёни Шарқдан Ғарбга ва Ғарбдан Шарққа кесиб ўтган Буюк ипак йўли чорраҳасидан муқим жой берди, бу буюк йўл бўйлаб ўтган сайёҳлар сони эса бутун ер юзида излари қолган инсонлар сонига деярли тенгдир".

Р.Блумнинг фикрича, Президент Ш.М.Мирзиёев янги ва кучли Ўзбекистонни барпо этар экан, "Инсон, унинг қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун" деган ҳаммага тушунарли ва аниқ ғоя асосида иш олиб бормоқда. Ўзбекистон Президенти ушбу мақсадларга фақат давлатнинг ёрдами билангина эришиш мумкин, деб ҳисоблайди. Чунки давлат ўз фуқароларига чинакам ижтимоий адолат ва тенг ҳуқуқлилик асосида муносиб яшаш шарт-шароитларини таклиф этади, аҳоли қатламлари ўртасидаги ижтимоий фарқларни камайтириш ва эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган самарали сиёсатни амалга оширади.

"Ўзбекистон келажагини бунёд этиш йўлида Президент иккита дастуриламал принципга таянади: булардан бири – бозор иқтисодиёти қонунларига асосланган мустаҳкам иқтисодиёт бўлса, иккинчиси – халқнинг бой тарихий меросига, шунингдек, миллий ва умумбашарий қадриятларга таянган кучли маънавиятдир", деб таъкидлайди муаллиф.

Р.Блум камбағалликни қисқартириш, иш ҳақларини ошириш, ижтимоий фарқланишларни камайтириш, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уй-жой ёки товарлар, бандлик ҳамда муносиб иш шароитига оид ижтимоий минимумлар ҳажмини белгилашга қаратилган иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, шу билан бирга, сифатли соғлиқни сақлаш тизимини яратиш борасида Ўзбекистон раҳбари томонидан изчил иқтисодий чоралар кўрилаётганини юқори баҳолайди.

Сиёсий-ҳуқуқий соҳа. Китобда "Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат"нинг пойдевори Ш.М.Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги еттита устувор йўналишда ўз аксини топган илғор ғоя ва тамойиллар асосида бунёд этилаётгани таъкидланган.

Р.Блум давлат раҳбарининг мамлакатда одил судлов ва қонунийликни кафолатлаш борасидаги қатъий иродаси алоҳида қайд этади. Китобда таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг "мамлакатдаги барча кучларни бирлаштириш, мустаҳкамлаш ва республиканинг қуролли кучлари қудратини ошириш орқали фуқароларнинг хавфсизлигини кафолатлаш истаги уни дунёга очиқликни таъминлайдиган прагматик ва мувозанатли ташқи сиёсатни ишлаб чиқишга ундади".

Муаллифнинг фикрича, Президентнинг ташаббуси билан амалга оширилган институтцонал ислоҳотлар ва асос солинган янги давлат тузилмалари, ўз навбатида, барқарор ривожланиш, оила, аёллар, ёшлар ҳуқуқлари, гендер тенглик, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига риоя қилиш борасидаги вазифаларнинг тўлиқ бажарилишига имкон беради.

Р.Блум қайд этганидек, Ш.М.Мирзиёев конституциявий ислоҳотининг асосий бандларидан бири – хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва уни муҳофаза қилиш принципини татбиқ этиш, шунингдек, хусусий мулк ҳимоясига қаратилган конституциявий-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Китоб муаллиф совет давридан мерос қолган давлат бошқарувини тубдан ўзгартиришнинг ўзига хос мураккаб томонларига эътиборни қаратади. Айни чоғда, жорий демократик маъмурий ислоҳотлар мамлакатдаги барча давлат органлари, сайлов тизими, фуқаролик жамияти институтлари, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимият тизимларига таъсир кўрсатаётгани бундай мураккабликларни енгиб ўтиш имконини беришига ишонч билдиради.

Маданий-маънавий соҳа. Муаллиф насронийлик дини вакили бўлиб, Ўзбекистонда амал қилаётган диний бағрикенгликни эътироф этади. Мамлакатда турли динлар ва конфессиялар вакиллари тинч, ҳамжиҳат ва иноқ яшаётганлигини таъкидлайди.

Китобда Зомин ҳудудини ҳам ўзида қамраган Жиззах воҳаси билан боғлиқ бир неча асрлик тарихга эга қизиқ воқеа ҳақида сўз юритилади. Бу ҳикоятнинг моҳияти турли динлар вакиллари – носаролар, яҳудолар ва мусулмонлар бир заминда елкама-елка бўлиб, ўзаро аҳилликда яшаши мумкинлигидан далолат беради. "Ўзбеклар, руслар, яҳудийлар неча юз йиллардан буён Дониёр пайғамбар дафн этилган мақбарани зиёрат қиладилар. Бу зотни мусулмонлар – Хожа Дониёр деб, носаролар ва яҳудолар эса Даниил номи билан йўқлайдилар”.

Бундан ташқари китобда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига алоҳида боб бағишланган. Унда дунё бўйлаб миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилаётган буюк цивилизациянинг таихий марказлари – Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон шаҳарларининг бой маданий мероси тасвирланган.

 

 

Акмал Саидов,

академик

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech