Парламент комиссиясининг йиғилишида қандай масалалар кўрилди?

2023 йил 5 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Парламент комиссияси аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси А.Саидов йиғилишни очар экан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлаш масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Маълумки, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича Махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари юзасидан тавсияларини амалга ошириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Қўшма қарори ва Миллий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Ташриф якунлари бўйича ишлаб чиқилган Миллий ҳаракатлар режасини амалга оширишнинг аҳамияти шундаки, бу орқали терроризмга ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро стандартларга  мувофиқ такомиллаштириш, бу борадаги жиноятларни  тергов қилишнинг ва мазкур жиноятлар бўйича  суд муҳокамасини олиб боришнинг самарали воситаларини қўллаш, БМТнинг тегишли халқаро конвенцияларини ратификация қилиш ва уларни миллий қонунга имплементация қилиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни  молиялаштиришга қарши курашиш бўйича замонавий восита ва  механизмларни миллий даражада  жорий қилишга доир чораларни кўриш имкони яратилади.

Комиссия аъзолари “йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни масъул ташкилотлар билан бирга босқичма-босқич амалга ошириш, натижадорликка эришиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича қилиниши лозим бўлган ишларни атрофлича муҳокама қилишди ҳамда аҳамият қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга алоҳида эътибор беришди.

Шунингдек, комиссия аъзолари  Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг  феврал, март ойларидаги ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича тақдим этилган маълумотларни муҳокама қилишди.

Таъкидланишича, “Йўл харитаси”да  белгиланган  30 банднинг 4 таси бўйича ижро муддати якунланиб, ишлар тўлиқ бажарилган. 26 та бандни амалга ошириш бўйича  ишлар давом этмоқда.

Комиссия йиғилишида Олий Мажлис палаталарининг Қўшма қарорига асосан “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пакт қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг ижроси тўғрисидаги хисоботи тингланди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳисоботида келтирилишича, 2018-2022 йиллар давомида кам таъминланган  оилаларга давлат томонидан  тўланадиган ижтимоий нафақалар ва  моддий ёрдамларга ажратилган  маблағлар 7 баробардан ортиққа, давлат тиббий ижтимоий хизматлар, ижтимоий ёрдам дастурлари  ва нафақаларга ажратилган маблағлар 7 баробарга оширилган, 2023 йилда ижтимоий ҳимоя йўналишида  36 трлн. сўм режалаштирилган.

Йиғилиш давомида хотин-қизларни давлат ва дипломатик хизматга қабул қилишда имтиёзлар жорий этиш, бунда, айниқса, тушкунлик ҳолатидаги ва четлаштирилган хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратиш борасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Агентлик томонидан  маҳаллий давлат ҳокимияти  органларида фаолият олиб бораётган хотин-қизларга  яратилган  шарт-шароитларни ижтимоий  сўровнома  ўтказиш  орқали ўрганилган. 

Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар  ролини кучайтириш  тўғрисидаги  резолютциясида  белгиланган  вазифаларни амалга ошириш бўйича  “Йўл харитаси” ижроси ҳам комиссия аъзолари ўртасида муҳокама қилинди.

Парламент комиссияси йиғилишида кун тартибига киритилган мавзулар юзасидан белгиланган “йўл хариталари”даги муддатларга алоҳида аҳамият берилиши қайд этилди. Бу масалада сусткашликка йўл қўймаслик ва ушбу ҳужжатнинг ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган тегишли давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини бевосита Парламент комиссияси йиғилишида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech