Терроризмга қарши самарали курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

2023 йилнинг 11-12 май кунлари Хива шаҳрида “Терроризмга қарши самарали курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусидаги амалий-ўқув семинари (тренинг) Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси экспертлари билан ҳамкорликда ташкил этилди. Мазкур тренингда Хоразм вилоятининг Прокуратура ва Ички ишлар органлари ходимлари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими миллий тренер сифатида қатнашди.

Тренингнинг биринчи кунида иштирокчилар Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандардлар, терроризмга қарши курашиш сиёсатига инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандардларни татбиқ этиш, инсон ҳуқуқларини бузувчи терроризмга қарши курашиш амалиётларидан келиб чиқадиган хавф-хатарлар, инсон ҳуқуқларининг бузилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига таъсири, тергов жараёнида ишонч ва ҳурматни мустаҳкамловчи техникалардан фойдаланиш бўйича назарий ва амалий кўникмалар билан таништирилди.

Таъкидлаш керакки, юқоридаги масалалар турли сессиялар доирасида муҳокама қилиниб, ҳар бир сессия сўнгида иштирокчилар томонидан тегишли амалий топшириқлар (казуслар) ечилди.

Тренингнинг иккинчи куни доирасида қийноқлар ва бошқа ғайриинсоний муносабатларнинг таъсири, стереотиплар ва уларнинг тушунчаси, терроризмга қарши курашиш учун жамовий ёндашувни ошириш масалалари, босимлар ва уларга муносабатни шакллантириш юзасидан қизғин суҳбат олиб борилди ва хорижий тренерлар билан биргаликда назарий ва амалий билим-кўникмалар улашилди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, тренинг давомида иштирокчилар эгаллаган билим ва кўникмалар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги меъёрларга риоя қилиб, терроризмга қарши кураш фаолиятида ўз вазифаларини самарали бажаришга ёрдам беради. Иштирокчилар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тегишли миллий қонунлар ва халқаро стандартларни ўзларининг амалий фаолияти жараёнида юзага келадиган вазиятларга татбиқ этиш ва уларга риоя этиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Иштирокчиларнинг амалий мисолларни (казусларни) кўриб чиқиш ва улар биргаликдаги стратегияларни яратиш, сўроқ қилиш ва тергов усулларини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган вазиятларни таҳлил қилиш жараёнида баҳс-мунозаралар ва тажриба алмашиш ҳолати бўлиб ўтган тренингнинг энг асосий ютуқларидан бўлди.

Иштирокчилар томонидан таъкидланганидек, мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ўзларининг терроризмга қарши курашишдаги қисқа ва узоқ муддатли фаолиятларини муваффақиятли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech