2023 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастури тўғрисида” ПФ-70-сон Фармони имзоланди.
Мазкур фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 287-банди, шунингдек 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” мавзусида Глобал форум доирасида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.
Фармон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг сўнгги йилларида шакллантирилган миллий тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан катта аҳамиятга эга.
Фармон билан 5 та устувор йўналишлар бўйича 30 та бандддан иборат Тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, ундан халқаро шартномалар ратификация қилиш ва уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни такомиллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ўрин олган.
Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларнинг таъминланиши бўйича давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, шунингдек мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уни тарғиб қилиш, ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беради.
- Қўшилди: 15.05.2023
- Кўришлар: 4237
- Чоп этиш