Инсон ҳуқуқлари таълими – барча учун!

Барчамизга маълумки, таълим орқали инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтирмасдан туриб инсон ҳуқуқларини таъминлаб бўлмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда 2023 йил 7 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Қарорга мувофиқ, иккита муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва ушбу Дастурни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.

2023 йилга Ўзбекистонда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб ном берилди ҳамда инсон ҳуқуқлари олий қадрият деб эълон қилинди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига катта эътибор қаратилмоқда ҳамда бу соҳада тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилиниб, 2023 йил 1 майда кучга кирган Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида инсон ҳуқуқларига оид нормалар сони 3,5 баробарга ошди. Асосий қонунимизга “Миранда қоидаси”, “Хабиес корпус” институти каби янги ҳимоя воситалари киритилди. Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг изчиллигини, ортга қайтмаслигини кўрсатади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини нишонлаш тўғрисида” ПФ-70-сон Фармонида ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича топшириқлар берилган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, хусусан, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш, ўқув жараёнини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази республика олий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Жумладан, 2023 йилнинг 15 май куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Юриспруденция (Ислом ҳуқуқи) йўналиши 1-курс талабалари учун “Инсон ҳуқуқлари” фани доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг бош юрисконсульти Атовуллоев Рустам Илёс ўғли томонидан “Ҳуқуқшуносларнинг инсон ҳуқуқлари маданияти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг фаолияти” мавзусида маъруза-маҳорат дарси ташкил этилди. Маърузада инсон ҳуқуқлари бўйича аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида билим ва кўникмаларини ошириш бўйича Миллий марказ томонидан республикамизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди, бўлғуси ҳуқуқшунос талабаларга ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиққан ҳолда амалий билим ва маълумотлар берилди. Маҳорат дарси давомида профессор-ўқитувчилар ва талабаларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech