МАМЛАКАТДА АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ МАСАЛАЛАРИ ФАОЛ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА.
Ўзбекистон раҳбарияти томонидан 2020 йилдаёқ бу борада алоҳида чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилган бўлиб, унда иш ўринлари яратиш, мутахассис кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш ва инфратузилмани яхшилаш, жумладан, кичик саноат зоналарини ташкил этиш ва аҳолининг кам таъминланган қатламига қўшимча ер майдонлари ажратиш, кичик бизнесни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш каби тадбирлар кўзда тутилган. Айни жараёнда кейинги йиллар давомида камбағалликнинг юқори даражаси кузатилаётган Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасига алоҳида эътибор берилаётир.
Эътиборлиси, Президент Шавкат Мирзиёев халқаро экспертлар билан бирга, Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида камбағалликни қисқартириш стратегиясини ишлаб чиқиш жараёнида “камбағаллик” тушунчасини тадқиқотлар ва халқаро андозаларга асосланган ҳолда идентификациялаш ва баҳолаш бўйича янги методологияни ривожлантириш имкониятини таклиф қилди. Бунда Ўзбекистон раҳбари мамлакатда камбағалликни қисқартиришнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири сифатида аҳоли ўртасида тадбиркорликни қўллаб-кувватлаш ва ривожлантириш эканига урғу берди.
Ислоҳотлар ўз натижасини кўрсатмоқда
Ўзбекистон иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2022 йилда 14 фоизгача қисқарган, аҳоли жон бошига даромад эса 8,8 фоизга ортди. Шундай қилиб Ўзбекистонда бир миллион нафар киши камбағалликдан чикди ва мамлакатнинг барча вилоятларида турмуш фаровонлиги ортди.
Камбағаллик даражаси энг аввало, касбий таълимни ривожлантириш ва тадбиркорликни бошлашга кўмаклашиш орқали қисқарди. Бир йилнинг ўзида 200 мингта янги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилди, 20 мингта корхонанинг фаолияти тикланди ва кенгайтирилди.
Шундай қилиб, мамлакат раҳбарияти томонидан кўрилган чора-тадбирлар Ўзбекистондаги камбағаллик даражасини бир йилнинг ўзидаёқ уч фоизга қисқартириш, аҳоли жон бошига даромаднинг ўртача микдорини эса 8,8 фоизга ошириш имконини берди.
Тадқиқотлар натижасига кўра, айниқса, Сирдарё, Тошкент, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида камбағаллик даражасини анча кўп қисқартиришга эришидди. Аҳоли даромадларининг таркибида кичик бизнесдан олинадиган даромад икки бараварга ортди, аҳолининг қишлоқ хўжалигидан оладиган даромади эса —уч баравар кўпайди.
Келтирилган рақамлар шуни тасдикдайдики, камбағалликка қарши фаол курашиш бўйича 2020 йилдан бошланган сиёсат, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш сиёсати ўзининг натижадорлигини кўрсатди.
Кучли ижтимоий сиёсат асосида
Камбағалликка қарши самарали курашиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуриш” деган мақсадни белгилаб берди. Давлат раҳбари айтганидек, ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир.
Мурожаатномада камбағалликка қарши кураш бўйича давлат ташаббуслари, шунингдек, фаолияти айни соҳадаги вазиятни доимий мониторинг қилишга қаратилган тадқиқот марказларини ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилди. Шунинг баробарида давлатнинг ижтимоий соҳага харажатлари ҳар йили ортиб бормокда. Масалан,
2022 йилда оилавий тадбиркорликни рағбатлантириш мақсадларига 12 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратидди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг янги иш ўринлари яратиш сиёсати аҳолининг барча қатлами даромадларини кўпайтиришда янги имкониятларни очиб беради.
Жаҳон тажрибасидан маълум, камбағалликни икки-уч баравар қисқартиришга қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали эришиш мумкин. Ва бундай натижадорлик иқтисодиётнинг бошқа барча тармоқларига нисбатан устунлик қилади. Аҳамиятлиси, яратилган иш ўринларини қишлоқ жойларидаги, кичик ва ўрта шаҳарлардаги хотин-қизлар эгаллайди. Боз устига, бу улар учун иш билан таъминланишнинг ягона имконияти ҳамдир.
Жаҳон банки томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, жаҳондаги вазият фонида Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш йўналишида жиддий ўсишга эришмоқда ва бу айнан иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор бериш орқали амалга ошяпти.
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш масалалари аҳолининг таълим даражаси, кўникма ва малакаларини ошириш билан уйғун равишда ҳал этилмоқда. 2020 йилнинг ёзида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Ўзбекистоннинг қишлоқ худудларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш” номли кенг кўламли таълим лойиҳаси бошланди. У Европа Иттифоқи томонидан 9,6 миллион евро миқдорида молиялаштирилиб, ЮНЕСКО томонидан рўёбга чиқарилади. Лойиҳа доирасида тўрт йил давомида Ўзбекистоннинг тўртта худуди — Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги ва ирригация секторларида малака ошириш тизими такомиллаштирилади. Қишлоқ хўжалигида касбий таълим тизимини такомиллаштириш ва ислоҳ қилиш жуда муҳимдир, негаки, унинг учун халқаро ташкилотларнинг тажрибаси ва техник кўмаги фойдали бўлади.
Даромадлардаги тенгсизлик мўътадил
Миллий даражада камбағаллик қисқараётган бўлса-да, шаҳарлар ва қишлоклар аҳолисининг даромадлари орасидаги тафовут ортмокда. Бундай ҳолат эса, аҳолининг камбағаллиги масаласи даромадлардаги тенгсизлик муаммоси билан бирга ҳал этилиши лозимлигини кўрсатмоқда. Бунда асосий ечимлардан бири — қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини ривожлантириш ва давлат назоратини камайтиришдир. Қолаверса, ушбу тармокда бандликни яхшилаш мамлакатда камбағалликни ва даромадлардаги тафовутни камайтиришга катта таъсир кўрсатади. Негаки, Ўзбекистон аҳолисининг тахминан 80 фоизи қишлоқ жойларда яшайди ва даромадни ҳам бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасида топади.
Шу нарсани эътироф этиш муҳимки, Джини коэффициенти (Адолат индекси) ёки даромаддар тенгсизлиги индексининг кўрсаткичи Ўзбекистонда 2021 йилдаги 0,329 дан 2022 йилда 0,327 гача қисқарган. Бу эса, мамлакат раҳбарияти томонидан инклюзив сиёсат амалга оширилаётганини кўрсатади. Республикада мулкий нотенглик ёки мамлакат аҳолисининг даромадларидаги тенгсизлик мўътадил характерга эга бўлиб, камайишга мойил. Аҳоли даромадлари структурасида пенсия ва ижтимоий нафақалар ортиб бориши кузатилмокда, бу эса ижтимоий кўллаб-кувватлаш сезиларли тарзда ортаётганини кўрсатади.
Шунингдек, кичик бизнесдан олинадиган даромадлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасида банд бўлган аҳолининг даромадлари кўпаймокда. Бу, хусусан, Ўзбекистонда 2022 йили 100 минг гектар ер аҳолига ажратиб берилгани туфайли ҳам юз берди.
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя сиёсатининг кучайтирилиши ва ҳудудларнинг иқгисодий ривожига катта ҳисса қўшган жиҳат — мамлакат Президентининг ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокимининг ёрдамчиси лавозимини жорий этиш ҳақидаги ташаббуси бўлди. Шунингдек, 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони билан камбағалликни қисқартиришга масъул бўлган барча идоралар битта самарали ва комплекс тизим — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига бирлаштирилди.
Умуман, республикада камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган мақсадли ва самарали сиёсат Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида барпо этиш жараёнида ўзининг юқори самарадорлигини намоён этмоқда.
Нина ЛИНДЕ,
Латвия фанлар академияси
Иқтисодиёт институти директори.
- Қўшилди: 16.05.2023
- Кўришлар: 4025
- Чоп этиш