Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

НУФУЗЛИ ТАДБИРНИНГ САМАРҚАНДДА ЎТКАЗИЛАЁТГАНИ ЕТТБНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИГА ИШОНЧИДАН ДАЛОЛАТ

Самарқанд шаҳрида 16 май куни иш бошлаган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик анжуманида “Дунё” АА мухбирлари ушбу халқаро тадбирнинг айрим иштирокчилари билан суҳбатда бўлди.

Нил Рамсден,

Швейцариянинг «Business and Finance Consulting» гуруҳи раҳбари:

- Компаниямиз аллақачон Ўзбекистон банклари билан алоқа ўрнатган. Ушбу тадбирда қатнашиш воситасида биз ўзбекистонлик шериклар билан ҳам ўзаро ҳамкорлик учун янги имкониятларни кашф этмоқчимиз.

Биз, асосан, кичик бизнеснинг умумий манфаатларига эътибор қаратамиз, Ўзбекистонда ҳам бунга ҳам катта аҳамият берилади.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ЕТТБнинг йиллик йиғилиши Самарқандда ўтказилаётгани ушбу халқаро тузилманинг Ўзбекистон иқтисодиёти келажагига бўлган ишончидан далолат беради.

Эриc Ливни,

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё бўйича бош мутахассиси:

Ўзбекистонда йўлга қўйган турли бизнес лойиҳаларимиз тобора муваффақият қозонмоқда, сотувлар  ҳажми бўйича  ҳар йили 10-15 фоиз ўсишга эришаётирмиз.

Албатта, бу мамлакатда мавжуд бўлган юқори салоҳиятли ва меҳнаткаш ишчи кучи билан ҳам боғлиқдир. Минтақа билан  боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юраги, тинчлик маркази ҳисобланади.

Ўтган вақт давомида жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлдик, муаммоларимиз ўз ечимини топмоқда. Айниқса, 2017 йилдан буён ижобий ўзгаришлар  асосида мамлакат  ва  унда  мавжуд бўлган  бизнес тармоқлари изчил ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг дунёга очилгани бунинг асосий сабабларидан биридир.

Шу тариқа Ўзбекистонда бизнес табиий ривожланиш йўлидан бормоқда.

Герт Алберт,

Бельгиядаги “Belfius банк ва суғурта компаниясининг бош бошқарувчиси:

— Тадбирда Бельгия ишбилармон доиралари вакиллари учун Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари, бу борада юртингизда яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш мақсадида ўзаро фикр алмашяпмиз. Бельгиялик инвесторлар пўлат савдоси, техника ишлаб чиқариш каби қатор йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Бу ердаги таассуротларим келгусида Ўзбекистон банклари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга йўл очади, деб умид қиламан. Жараёнларни кузатар эканман, мамлакатингизда тадбиркорликни ривожлантириш учун етарли салоҳият мавжудлигига ишонч ҳосил қилдим.

Энг асосийси, Ўзбекистон барқарор иқтисодий ривожланиш йўлида катта ютуқларни қўлга киритмоқда.


“Дунё” АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech