ХОРИЖИЙ САРМОЯДОРЛАР ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНГИ ИНВЕСТИЦИЯ ИМКОНИЯТЛАРИНИ КАШФ ЭТМОҚДА
Жейкоб Шаадс (Швецария),
«Lindemann Law» юридик фирмаси ҳаммуассиси:
– Бугун Самарқанд, умуман, Ўзбекистон ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик Йиғилиши каби муҳим халқаро тадбирни ўтказиш учун энг муносиб жой, деб ҳисоблайман. Бу Ўзбекистон ҳукумати томонидан сўнгги йилларда самарали иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, жумладан, хорижий сармояларни жалб этиш ва ривожлантириш борасида эришилган муваффақиятларнинг ўзига хос эътирофидир.
ЕТТБнинг Самарқанддаги тадбири ҳам халқаро ҳамкорлар, потенциал инвесторлар учун маҳаллий бозорни, мамлакатингизнинг сармоявий салоҳиятини янада чуқурроқ ўрганиш учун ажойиб имкониятдир. Ишончим комилки, ЕТТБ бундан кейин ҳам бу жараёнда муҳим ўрин тутади ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш сиёсатини қўллаб-қувватлайди.
ЕТТБ Йиғилиши яқинда фойдаланишга топширилган Самарқанддаги «Буюк ипак йўли» халқаро сайёҳлик марказида ўтказилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ушбу сайёҳлик маркази қадимий Самарқанднинг дунёга машҳур диққатга сазовор жойлари қаторида ушбу шаҳарнинг инновацион белгиси бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Жонатан ЧАРЛЬЗ,
ЕТТБ коммуникациялар департаменти директори (2011-2022), журналистика ва коммуникациялар бўйича эксперт (Буюк Британия):
— Ўзбекистон бугунги кунда инвестицияларни жалб қилиш бўйича ниҳоятда жозибали ва истиқболли мамлакат ҳисобланади. ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишида Ўзбекистон сармоявий салоҳиятининг тақдимоти буни яна бир бор исботлади.
Мажлисда сўзга чиққанлар Ўзбекистон очиқ, дўстона, меҳмондўст, юқори малакали ишчи кучига эга жадал ривожланаётган мамлакат эканини таъкидлади. Мамлакатнинг сармоявий жозибадорлиги тобора ортиб бормоқда. Буни Ўзбекистонда фаолият юритаётган ва ижобий тажрибага эга кўплаб хорижий компаниялар вакиллари ҳам эътироф этмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ҳозирги пайтда қайта тикланадиган энергия манбалари — қуёш, шамол энергетикасини ривожлантиришга катта сармоялар жалб қилинмоқда. ЕТТБ Самарқанддаги йиғилишда бу йўналишни қўллаб-қувватлагани аҳамиятлидир.
Бугун Самарқанддаги ЕТТБ йиғилишида хорижий инвесторлар мамлакатингизда янги инвестиция имкониятларини кашф этмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати Самарқандда шундай муҳим халқаро тадбирни ўтказиб, мамлакатнинг ажойиб сайёҳлик салоҳиятини ҳам намойиш этди. Ишончим комилки, тадбир иштирокчилари ўзлари билан тарихий шаҳар, унингдиққатга сазовор жойлари, ўзбек халқининг бой маданияти ва анъанавий меҳмондўстлигидан катта таассуротлар олиб қайтади.
Эндрю Гроссман,
«Frontier ESG Advisory” компанияси таъсисчиси Иан Сандерс ва Иқтисодий низоларни ҳал қилиш маркази (Centre for Effective Dispute Resolution) бош маслаҳатчиси:
- Шу кунларда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) навбатдаги йиллик анжумани доирасидаги тадбирларда минглаб халқаро делегатлар жам бўлишди. Шу ўринда кўҳна тарихга эга бўлган ва ёш мамлакат сифатида изчил ривожланаётган Ўзбекистон ўз тарихида трансформация жараёнининг муҳим босқичида турганини қайд этиш жоиздир.
Бугунги кунда содир бўлаётган глобал ўзгаришлар жараёни шундай таъсир кўрсатиш салоҳиятига эгаки, уларни XIX асрнинг саноат инқилоби билан таққослаш мумкин. Дастлаб «энергетик ўтиш» деб номланган мазкур жараён ўзи англатадиган тушунча доирасида чиқиб кетган, унга «глобал барқарор инвестициялар» атамаси кўпроқ мос келади.
Бу жараён халқаро молия бозорларининг қиёфасини тез ўзгартирмоқда: тахминларга кўра, келгуси икки йил ичида 33 триллион доллар миқдоридаги инвестициялар барқарор ривожланиш ва экология, ижтимоий ва бошқарув (ESG) стандартларига йўналтирилади.
Эътибор марказининг бундай тез ўзгариши бутун дунёдаги йирик молия институтлари ўз устуворликларини янги воқеликка мувофиқ белгилашлари учун жуда кўп меҳнат қилиши лозимлигини англатади.
Бугунги Ўзбекистон ушбу янги йўлнинг бошида турибди. Давлат корхоналарини марказлашувдан халос қилиш ва хусусийлаштириш дастури туфайли мамлакат ушбу соҳада ўзининг янги миллий стратегиясини амалга ошириши учун барча имкониятларга эга. Аҳоли таркибида ёш, билимли одамлар устунлигини ҳисобга олсак, улар барқарор ривожланиш ва ESG соҳасига инвестицияларни жалб қилиш учун етарли даражадаги малакага эга эканлиги аён бўлади.
Зафар ЖОНПЎЛАТ,
“Ziraat Bank Uzbekistan” бош директори (Туркия):
— ЕТТБ бошқарувчиларининг Самарқанддаги учрашуви Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг руҳига мос келади.
Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси, биринчи навбатда, ҳамкор давлатлар, жумладан, узоқ хориж билан очиқлик ва ўзаро ишонч сиёсати туфайли кўз ўнгимизда кундан-кун мустаҳкамланиб бормоқда.
Буюк Ипак йўлининг тарихий маркази —Самарқанд шаҳрида 16-18 май кунлари Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши ташкил этилиши ва унда дун ёнинг йирик хорижий молия институтлари ва етакчи корпорациялари раҳбарларидан иборат делегатлар иштирок этаётгани халқаро бизнес ҳамжамиятининг Ўзбекистондаги сармоявий имкониятларга нисбатан қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
“Барқарорлик учун сармоя киритиш” шиори остида ўтказилаётган ЕТТБ тадбири, шубҳасиз, дунёдаги ноаниқликлар туфайли ортиб бораётган иқтисодий хавфларни бартараф этишнинг аниқ режаларини шакллантириш учун асос яратади.
Ишончим комилки, учрашув натижалари минтақавий интеграция ва бутун Марказий Осиё минтақаси фаровонлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади.
“Дунё” АА
- Қўшилди: 18.05.2023
- Кўришлар: 4037
- Чоп этиш