17-18 май кунлари Сурхондарё вилоятида шу мавзуда ўқув курси машғулотлари ўтказилди. Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Малака ошириш курслари Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ижросини таъминлаш, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш жараёнлари доирасида ўтказилди. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури дастуриламал ҳисобланади.
Ўқув курсида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ва Малака ошириш институти раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчилари иштирок этди. Машғулотларда Сурхондарё вилояти прокуратурасидан 10 нафар ва ички ишлар тизимидан 50 нафар ходим тингловчи сифатида қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз видеомурожаатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон қийноқларни энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келишини таъкидлади. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ва қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди.
Ўқув курси дастурида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”, “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”, “Қийноққа қарши конвенцияга оид Факультатив протокол. Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт”, “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти”, “Вояга етмаганлар ва аёллар ҳимоясига оид халқаро ва миллий стандартлар”, “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”, “Камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланиши” мавзуларида маърузалар тингланди.
Маърузаларга уйғун равишда амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Машғулотлар якунида тингловчиларга сертификатлар берилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.05.2023
- Кўришлар: 4174
- Чоп этиш