18 май куни Тошкент вилояти Паркент туманида “Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларини амалга ошириш бўйича халқаро мажбуриятлари ҳамда миллий ҳаракат режаларини тайёрлаш ва амалдаги миллий механизмларни кўриб чиқиш” мавзусидаги семинар-тренинг ўз ишини бошлади.
Уч кун давом этадиган машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинарни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзаде, ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Фабио Пиана кириш сўзи билан очиб берди.
Ўзбекистон учун бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласи доим устувор мақсадлардан бири экани таъкидланди. Аҳолисининг 40 фоизига яқинини болалар ва ёшлар ташкил қилган юртимизда бола ҳуқуқларини ҳар жиҳатдан таъминлаш принципиал аҳамиятга эга.
Семинар мақсади – БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси якуний тавсияларини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини муҳокама қилиш ҳамда давлат органларининг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва тавсияларни кузатишга доир Миллий маълумотлар базаси бўйича давлат ташкилотлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларига билим ва кўникмалар беришдан иборат.
Конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб бормоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон томонидан БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бажарилиши юзасидан 5 та даврий ҳисобот тақдим этилди.
Маълумки, 2022 йилнинг 29 август – 23 сентябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессиясида бўлиб ўтди. Мазкур сессия давомида, яъни 31 август – 1 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидалари бажарилиши юзасидан Бешинчи даврий ҳисоботи кўриб чиқилди.
Семинар-тренинг доирасида БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари юзасидан тақдим этган мулоҳаза ва тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинмоқда. Лойиҳа Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган.
Семинар-тренингда вазирлик, идора ва ташкилот ходимлари ҳамда фуқаролик жамияти фаолларидан иборат 40 нафар вакил иштирок этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.05.2023
- Кўришлар: 4153
- Чоп этиш