Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг Польшага ташрифи доирасидаги учрашув ва мулоқотлари давом этмоқда. Хусусан, А.Саидов 18 май куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи билан учрашди.
Учрашув бошида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар ва Конституциявий комиссия фаолияти якунлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига тааллуқли ислоҳотларнинг бориши, хусусан, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича миллий ҳаракатлар дастури қабул қилингани ва изчиллик билан амалда татбиқ этилаётгани таъкидланди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сайлов тўғрисидаги боби халқаро экспертлар тавсиялари асосида такомиллаштирилганига алоҳида эътибор қаратилди.
М.Мекаччи мулоқот асносида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг таклифномасини олганлигини тасдиқлади. Ўзбекистонга ташриф буюришдан ва Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган қамровдор ўзгаришларни муҳокама қилишдан манфаатдорлигини эътироф этди.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Ўзбекистон Президентининг Италияга кутилаётган ташрифи муносабати билан ўзининг мамлакатимизга бўлажак ташрифини июнь ойида эмас, балки Президент сайловидан кейин амалга ошириш истагида эканини билдирди. Италия Бош вазирининг Ташқи ишлар масалалари бўйича маслаҳатчисига Ўзбекистондаги кенг қамровли ислоҳотлар тўғрисида маълум қилганини қайд этди.
Томонлар ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.
ЕХҲТ Бюроси Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг фаолияти мониторингини ташкил қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, М.Мекаччи Монделла қонунида озодликдан маҳрум этиш жойларидаги шароитларни яхшилаш бўйича муайян чора-тадбирлар белгиланганлиги хусусида сўз юритди. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан пенитенциар муассасалар ходимлари учун тренинглар дастури ишлаб чиқилган бўлиб, айни вақтда Швеция ва Италияда ушбу лойиҳа асосида машғулотлар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар гуруҳи Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларини кузатишда иштирок этади. М.Мекаччининг таъкидлашича, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директорининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Президент сайлови якунларига умумий баҳо берилади. Бунда миллий қонунчилик таҳлили, амалдаги қонун ҳужжатлари муҳокамаси, фуқаролик жамияти фаоллари билан мулоқот, атроф муҳитга муносабат, ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрлари каби омилларга таянилади.
Яъни, сайлов якунлари бўйича ҳисобот тайёрланиши ва Ўзбекистон томонига тақдим этилиши мўлжалланмоқда. Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликни яхшилашга оид тавсияларни ўзида қамрайдиган ҳисобот матни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
М.Мекаччи эътироф этишича, бундай фойдали восита давлат билан фуқаролик жамияти ўртасидаги муносабатларни такомиллаштиришга хизмат қилади. Бунга қадар Италия, Босния, Грузия ва Мальтада ўтказилган сайловлар якунлари бўйича тайёрланган ҳисоботлар, бир томондан, Ғарб ва Шарқ нуқтаи назарлари бўйича ялпи ёндашувларни, иккинчи томондан, ҳар қайси мамлакат учун хос бўлган ягона услубни ўзида мужассам этгани диққатга лойиқдир.
М.Мекаччи Ўзбекистондаги референдум якунлари бўйича ҳисоботнинг якуний матни Президент сайловидан сўнг тайёр бўлишини билдирди. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари миссиясининг якуний ҳисоботи нафақат Варшавада, балки Тошкентда ҳам – халқаро кузатувчилар, парламент аъзолари ва фуқаролик жамияти фаоллари иштиокида эълон қилиниши ҳақида келишиб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.05.2023
- Кўришлар: 4268
- Чоп этиш