Торун шаҳрида ўтказилган 10-Халқаро Осиё конгрессида Ўзбекистон вакили иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 2023 йил 18 май куни Торун шаҳрида бўлиб ўтган “Қарашлар, ўзига хосликлар, жамоалар” мавзусидаги 10-Халқаро Осиё конгрессида фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Польшада ҳар йили ўтказиладиган ушбу халқаро анжуманда Ўзбекистон вакилининг иштироки мамлакатимизнинг Варшавадаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Тадбир ташкилотчилари Польша Ташқи ишлар вазирлиги, «Маршалек-Холдинг» компанияси, Н.Коперник номидаги Торун университети, Варшава университети Сиёсий фанлар институти, «Польша-Шарқ» ҳамкорлик жамияти, Польша интеграция ва ҳамкорлик жамияти, Куяв-Померания воеводалиги ва Торун шаҳри мерияси ҳисобланади.

Форумнинг асосий мақсади – Марказий Европа ва Осиё давлатлари дипломатлари, олимлар, экспертлар ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, фикр ва тажриба алмашиш учун платформа яратиш, ушбу ҳудудлар ўртасида турли соҳаларда экспертлар ҳамжамияти ва ишбилармон доира вакилларининг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.

Конгрессда Осиё қитъасидаги бир қатор давлатларнинг Варшавада аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Польша парламенти депутатлари ва сенаторлари, Куяв-Померания воеводалиги ва Торун шаҳри мерияси раҳбарлари, вазирлик ва идоралар, Осиё мамлакатлари бўйича олимлар ва экспертлар, Польшанинг қатор университетлари ректорлари, журналистлар, ишбилармон доира вакилларининг маърузалари тингланди.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар ушбу тадбир кўплаб қизиқарли мунозараларга сабаб бўлиши, натижада илмий жамоатчилик учун муҳим нашрлар пайдо бўлишига ишонч билдирдилар. Ҳар йили анжуман ишида фаол иштирок этаётган Ўзбекистон, Озарбайжон, Индонезия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Таиланд, Корея Халқ Демократик Республикаси, Малайзия, Индонезия, Бирлашган Араб Амирликлари вакилларига самимий миннатдорлик изҳор этилди.

Ўз навбатида, А.Саидовнинг маърузасида тадбир иштирокчиларига Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, янгиланган Конституцияни қабул қилиш бўйича 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдуми ва 9 июлда ўтиши режалаштирилган Ўзбекистон Президенти сайловининг мазмун-моҳияти ёритиб берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти бошчилигида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди.

Польшанинг ишбилармон ва расмий доиралари вакиллари Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва ташқи сиёсатдаги туб ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади.

«Маршалек-Холдинг» компанияси бошқарув кенгаши раиси А.Маршалек 30 апрель куни Ўзбекистонда ўтказилган конститутициявий референдумда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этганини фахр-ифтихор билан таъкидлаб, бу тадбир унда чуқур таассурот қолдирганини билдирди. У таълим, маданий-гуманитар, туризм ва нашриёт соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини яна бир бор қайд этди.

А.Маршалекнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Польша Марказий Осиё ва Марказий-Шарқий Европанинг асосий ва муҳим давлатлари ҳисобланади. Улар Европа, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзига хос “хаб” вазифасини бажаради.

Польша Ташқи ишлар вазирлиги Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича департаменти директори Б.Шимановсканинг фикрича, Ўзбекистон давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштиришда чуқур ва изчил ўзгаришларни амалга ошириш бўйича муҳим тажрибага эгалиги билан ажралиб туради. “Мамлакатни ривожлантиришда янги босқичнинг устувор йўналишлари кенг кўламда амалга оширилиши ижобий натижаларини бермоқда. Ушбу ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда Польша томони Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашга тайёр. Ишончим комилки, 9 июль куни режалаштирилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократик руҳда ва муваффақиятли ўтказилади”, деб таъкидлади Б.Шимановска.

Халқаро Осиё конгресси Илмий кенгаши раиси, профессор Ё.Маршалек-Кава Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар мамлакат келажаги ва халқ фаровонлиги учун хизмат қилишига ишонч билдирди. Унинг фикрига кўра, айниқса, янгиланган Конституцияда белгиланган таълим соҳасидаги тамойиллар давлатнинг келажаги учун муҳим пойдевор ҳисобланади.

“Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги таълим ва илмий-академик соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик жадал суръатлар билан ривожланиб бораётгани бизни бағоят қувонтиради. Жорий йил апрель ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорларининг форуми якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Н.Коперник номидаги Торун университети ва Самарқанд давлат университети ўртасида шекриклик алоқалари ўрнатишдан манфаатдормиз”, деди поляк олими.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

«Дунё» АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech