Чойнинг тарихи узоқ даврларга бориб тақалади. Милоддан аввалги IV асрда Хитойда чой ўсимлиги чой барги етиштириш мақсадида экила бошланган. Чой ичимлигининг кашф этилиши Хитойнинг иккинчи императори Шен Нунг номи билан боғланади. У одамларга деҳқончилик билан шуғулланишни ўргатган ва тиббиётдан сабоқ берган. Қарийб бундан беш минг йил олдин Хитой императори илк бор бу ичимликдан татиб кўрган. Узоқ тарихга эга бўлган бу ичимликнинг саломатлик, маданий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишга қўшган ҳиссаси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Дастлаб чой шифобахш ичимлик ҳисобланиб, уни фақат император саройи аъзоларигина истеъмол қилиши мумкин бўлган, кейинчалик саройдан ташқаридаги фуқароларга ҳам чой истеъмол қилишларига рухсат берилган.
“Чой” номи хитойча “чи” дан келиб чиққан бўлиб, “ёш барг” деган маънони англатади.
Ҳозир Хитойда яшил, қора, сариқ, оқ ва қизил чойлар ишлаб чиқарилади. Улар бир-биридан чой баргини қайта ишлаш даражасига кўра фарқланади.
Ҳозирги вақтда чой махсус, кам сонли ҳудудларда етиштирилади ва 13 миллиондан ортиқ аҳоли, жумладан, чойчилик тармоғига боғлиқ бўлган кичик фермерлар ва уларнинг уй хўжаликларини иқтисодий томондан қўллаб-қувватлайди.
Жаҳоннинг аксар халқлари сeвиб истeъмол қиладиган ичимлик – чойнинг асоси ҳисобланган чой ўсимлигининг ватани Жанубий Осиё ҳисобланади. Унинг икки тури бор: Хитой чойи ва Ассом чойи. У тропик минтақаларда йил бўйи ўсади. Буни қарангки, чой ўсимлиги юз йил ва ундан ортиқ яшайди.
Унинг баргларидан қора чой, кўк чой, кўк ва қора тахта чой маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ҳиндистон, Хитой, Япония каби мамлакатларда сариқ ва қизил чой ҳам тайёрланади. Аксарият ўзбекистонликлар, айниқса, кўк чойни хуш кўрадилар.
Чой эътирофи
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси бутун дунёда чойнинг узоқ тарихи, чуқур маданий ва иқтисодий аҳамиятини эътироф этиб, 21 майни Халқаро чой куни деб эълон қилди.
Халқаро чой куни – чойнинг маданий мерос сифатидаги аҳамияти, инсон саломатлиги учун фойдаси ва иқтисодиётга таъсирини эътироф этиш, ишлаб чиқаришни “даладан пиёлагача” барқарор бўлишини таъминлаш, унинг одамларга, маданиятларга ва атроф-муҳитга фойдаси ҳақида тушунча бериш ҳамда халқаро чой кунини нишонлаш орқали уни тайёрлаш анъаналари келгуси авлодларга етиб боришини таъминлаш учун имкониятдир.
Чой ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш миллионлаб оилалар, айниқса, ривожланаётган мамлакатларнинг асосий тирикчилик манбаи ҳисобланади.
Ушбу байрам чойнинг барқарор ишлаб чиқарилиши, истеъмол қилиниши ва савдосини рағбатлантиради ҳамда глобал, минтақавий ва миллий даражадаги иштирокчиларга қашшоқликни камайтириш, очликка қарши курашиш ва табиий ресурсларни ҳимоя қилишда чой секторини қўллаб-қувватлаш имкониятини беради.
Халқаро вазифа ҳар куни чой плантацияларида ишлайдиган одамларга эътиборни қаратишдир.
Чой плантациялари дунёнинг кўплаб ҳудудларини қамраб олган: Хитой, Хиндистон, Непал, Кения, Уганда ва Ветнам шулар жумласидандир. Теримчиларнинг аксарияти аёллар ва болалар бўлгани боис, улар ижтимоий кафолатларсиз ва ҳимояланмаган инсонлар. Чой ишлаб чиқаришда ҳал этилмаган муаммолар кўп – аёллар ҳуқуқлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, кичик ишлаб чиқарувчилар ва йирик корпорациялар ўртасидаги рақобат шулар жумласидандир.
Халқаро чой куни қайси давлатларда нишонланади?
Байрам халқаро бўлгани сабабли, мамлакатларда турли даражада нишонланади. Халқаро чой куни асосан чой етиштириш энг кенг тарқалган мамлакатларда нишонланади: Бангладеш, Ҳиндистон, Индонезия, Уганда, Ветнам, Малайзия, Непал, Хитой, Кения, Ўзбекистон. Бу мамлакатларнинг барчасида чой ишлаб чиқариш у ёки бу даражада ривожланган.
Дастлаб фақат чой экспорт қилувчи давлатларгина чой кунини нишонлаган. Ишлаб чиқарувчилар уюшмаси шу куни чойнинг турли навларини бепул ичиб кўришни таклиф қилишган ва ҳатто чой ишлаб чиқариш жараёнига ташриф буюриб жараённи ўз кўзлари билан кўриш имкониятини беришган.
Чойни Ўзбекистонга кириб келиши
Ўзбeкистонда чой ичиш қачондан бошлаб урф бўлгани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Айрим манбаларга кўра Марказий Осиё шаҳарларида ҳинд савдогарлари чой савдоси билан шуғулланганлар. Демак, унинг ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги тарихини ҳеч иккиланмай минг йилларга боғлаш мумкин.
Мутахассис олимларнинг таъкидлашича, VII–IX асрларда Хитой билан бўлган савдода чой асосий ўринда турган. Чой баҳосида ҳар бир отнинг баҳоси 56 кг олий навли чойга тeнг бўлган. Бир нeча “жин” (600 грамм) чойга бир бош қўй алмаштирилган.
ХХ аср бошларида ҳинд савдогарлари Самарқандда чой қадоқлаш корхонасини ташкил этишган. 1913 йилда Ўрта Осиёга чeтдан 720 минг пуд (11 минг 794 тонна) чой кeлтирилган. Ушбу чойнинг 75 фоизини кўк чой ташкил этган. Келтирилган чой Туркистон ўлкасида, Бухоро амирлигида ва Хива хонлигида сотилган.
1923 йилда Марказий Осиёда ягона ва чeтдан кeлтириладиган хомашёда ишлайдиган Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси ишга туширилган. У пайтда чой 200 граммли қилиб қўлда қадоқланган. Бу ерда 1950–1960 йилларда йилига 12–15 минг тонна чой ишлаб чиқарилган бўлса, 1970–1980 йилларда қўшимча замонавий чой қадоқлаш ускуналари ўрнатилиб, йиллик чой ишлаб чиқариш қуввати 28–30 минг тоннага етказилди.
Қадим замонлардан бери чойхона Ўзбекистонда чойхўрлик қиладиган асосий жой бўлиб келган. Ўтган асрлардаги чой дамлаш усули ҳам қизиқ. Чой тўғридан-тўғри чойнакларда ёки сут ва сариёғ қўшиб, қозонда қайнатилган, туз ва қалампир сепилган. Чой билан бирга турли ширинликлар, тандирда ёпилган иссиқ нонлар тортилган.
Бугун аксарият ўзбекистонликлар кунни ўзлари ёқтирган ичимлик – чой билан бошлашади. У нонушта, тушлик ва кечки овқат тановулида албатта иштирок этади.
Чой ҳақида қизиқарли маълумотлар:
- Чой дунёнинг барча мамлакатларида энг кўп истеъмол қилинадиган ичимликдир. Буюк Британия чойнинг асосий истеъмолчиси ҳисобланади. Бу ерда чой ичиш анъаналари жуда кўп, уларнинг сони бўйича фақат шарқ аҳолиси инглизлардан олдинда. Англияда чой кунига 5-7 марта, ҳар доим нонушта, тушлик ва тушдан кейин, шунингдек, уй ишлари орасидаги танаффусда ичилади.
- Чой қиролича Виктория томонидан инглиз ҳаётининг ажралмас қисмига айлантирилган, у шахсан “Чой ахлоқи” (“Tea Moralities”) – чой ичиш одоби қоидаларини тузган.
- Хитойда чой доимо меҳмонларга хайрихоҳлик ва ҳурмат белгиси сифатида таклиф қилинади. Меҳмон кутиш маросими жуда мураккаб, узоқ вақт давом этган бўлиб, икки қисмга бўлинган ва асосан махсус чойхонада бўлиб ўтган. Ушбу ичимликнинг замонавий ихлосмандлари бундай маросимга вақт топа олишлари даргумон. Аммо айнан 21 май Халқаро чой кунида ҳамма махсус чой кафеларида бундай маросимда қатнашиши мумкин.
- Ер юзида ҳар сонияда 2 миллион пиёладан кўпроқ ва ҳар куни эса 3 миллиард пиёла хушбўй чой ичилади.
- Чой барглари дастлаб фақат олижаноб инглизларнинг уйларида пайдо бўла бошлаган даврларда, ҳамма ҳам ундан тўғри фойдаланишни билмаган. Шунинг учун, бир мунча вақт чойдан салатлар ва гўштли таомлар тайёрлашда зиравор сифатида фойдаланилган.
- Улун чойи энг мазали чой нави сифатида тан олинган. У янги ҳид, ёрқин гул таъми ва узоқ муддат сақланиб қолувчи юмшоқ таъми билан ажралиб туради. Умуман олганда, дунёда ушбу турдаги чойнинг 250 га яқин тури ишлаб чиқарилади. Сутли улун энг қизиқарли таъмга эга бўлиб, уни етиштириш пайтида бута қамиш шакар билан чангланади ва илдизларига сут қуйилади. Чой ўсимлигини етиштириш жараёнида фойдаланилидаган бу усул ичимликни янада хуштаъм қилади.
- Яхши чой ҳар доим жуда қиммат бўлган. XVII асрнинг охиригача чой баргларининг кичик квадрат ўрамлари пул сифатида ишлатилган. Энг қиммат чой зиёфати халқаро меҳмонхоналар тармоғи “Ритц-Карлтон”да ташкил этилади, бу ерда унинг нархи 10 000 долларгача етиши мумкин.
- Дунёдаги энг қиммат хитой элита чойи ҳисобланиб, 1 килограм нархи аукционда 685 минг долларга баҳоланган. Бу чой “Да Хонг Пао” деб аталади, бу хитойча “катта қизил халат” деган маънони англатади. Ушбу турдаги чой учун барглар фақат 350 йил бўлган 6 та бутадан олинади. Улар Тянсин монастири яқинида ўсади. Бу чойдан йилига 500 г дан камроқ ҳосил олинади.
- Айнан чой савдоси Шарқ ва Ғарбнинг яқинлашишини тезлаштирган ва биринчи тезюрар савдо кемаларини қуришга туртки бўлган.
- 10. Дастлаб чойга шакар эмас, туз солинган. Тибетда атканчай (узун баргли чой) ҳали ҳам туз солиб ичилади.
- Чойнинг энг ноодатий навлари – Пуэр чойи ва Генманча (Гэммайтя) ҳисобланади. Пуэр чойи – ноодатий чой бўлиб, барглари мунтазам геометрик шаклларда босилади. У тежамкор ҳисобланади, чунки уни 10 мартагача дамлаш мумкин. Генманча чойи – тозаланмаган гуруч билан аралаштирилган ўрта катталикдаги барглардан махсус усулда тайёрланган чой.
- 12. Чой пакетлари биринчи марта 1908 йилда пайдо бўлган. Нью-Йорк шаҳрига чой етказиб берувчи Томас Салливан маҳсулотни савдогарларга жўнатаётганда қадоқлашда жойни тежашни истаб, ўша пайтдаги одат бўйича чойни тунука қутиларга қадоқлаш ўрнига, ипак қопчаларда жўнатган. Истемолчилар қопчаларни нима қилишни билмай, тўғридан-тўғри қайноқ сувга солишган ва фойдаланишдаги бундай қулайликдан мамнун бўлишган. Савдогарлар ва истемолчиларга чой тайёрлашнинг бу усули жуда ёққани боис бундан буён улар чойни фақат қопчаларга қадоқланганини юборишни сўрашган.
- Ишбилармон америкаликларнинг яна бир қизиқарли янгилиги совутилган чойдан (“муз чойи” деб аталадиган) фойдаланиш бўлган. Бугунги кунда АҚШда музли чой истеъмол қилиш чой умумий миқдорининг 85% ни ташкил қилади.
- Гиннеснинг рекордлар китобидан:
– 1952 йилда немис Руди Хорн бошига 6 пиёла тўла чой ва ликопчалар билан бирга бир ғилдиракли велосипедда мувозанатни сақлаб туришга муваффақ бўлган;
– 1993 йилда бир йиллик тайёргарлик ишларидан сўнг, италиялик Этторе Диана махсус идишда дунёдаги энг катта чойни дамлади. Ушбу пиёланинг баландлиги уч метр, кенглиги икки ярим метр бўлиб, 2000 литр чойни сиғдирган. Рекорд тасодифан пайдо бўлмаган, у пухта режалаштирилган. Тадбир учун дастлаб чой Шри-Ланка плантацияларида терилган, кейин машҳур Жанубий Осиё рецепти бўйича 200 литрли идишларда бир неча соат давомида шакар ва қуруқ сут солиб қайнатилган. Шундан кейингина, махсус насослар ёрдамида улар чой учун оддий, стандарт стаканлардан 32 минг баравар кўп ҳажмли улкан стаканга қуйилган. Ичимликни тайёрлаш учун 4546 литр сув, 64 кг чой, 875 кг қуриқ сут ва 353 кг шакар керак бўлган;
– энг катта чой пакети 2002 йилда ишлаб чиқарилган. Қопда етти килограмм чой барги бор эди, бу 3500 пиёла чой дамлашга етади. Узунлиги тўрт метрдан ортиқ бўлган ип пакетга бириктирилган. Чой пакети Покистон пойтахти Карачида намойиш этилган;
– 2006 йилда Япониянинг Нисио шаҳрида чой ичиш маросимида 14718 киши қатнашган. Чойнинг ҳақиқий қадрловчилари ўзларининг севимли ичимликларини биргаликда ичиш учун бир ярим километрлик столда жам бўлишган;
–2012 йилда Ҳиндистоннинг Мадхя-Прадеш штатидаги Индуар шаҳри энг йирик чой маросими бўйича янги рекорд ўрнатди. Унда 30 мингдан ортиқ киши иштирок этган;
– Германиялик Феликс Роттер чой пакетлари ёрлиқларининг энг катта коллекциясини тўплади. Унинг тўплами беш мингдан ортиқ нусхадан иборат.
- Чой соғлиқ учун жуда фойдали бўлиб, кўплаб витаминлар, нозик таъм ва антиоксидантларни ўз ичига олади. Бугунги кунда деярли ҳамма бу ҳақда билади. Аммо инсон ёши ва соғлиғининг ҳолатини ҳисобга олиб, тўғри танлаб истеъмол қилинган чойгина иммунитетни мустаҳкамлаши ва ҳаётийлик энергиясини тиклашга ёрдам бериши мумкин.
21 майда бутун дунё халқлари Халқаро чой кунини нишонлайди. Чой энг кенг тарқалган ва машҳур ичимлик бўлиб, жуда самарали чанқоқ босди ҳисобланади. Ушбу байрам бутун оила билан бир пиёла чой ичиш ва яқинларингиз билан дилдан суҳбатлашиш учун ажойиб имкониятдир.
А.Жуманиязов
- Қўшилди: 19.05.2023
- Кўришлар: 6375
- Чоп этиш