Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

ХИТОЙНИНГ ИННОВАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ МАРКАЗИЙ ОСИЁ РЕСУРСЛАРИ БИЛАН УЙҒУНЛИКДА ЭНЕРГИЯ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШИ МУМКИН

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 18-19 май кунлари Хитой Халқ Республикасига амалга оширган давлат ташрифи ҳамда Сиань шахрида бўлиб ўтган “Хитой — Марказий Осиё” саммити якунлари хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий, эксперт ва тахлил доиралари вакиллари ўртасида ҳам ўзининг катта акс садосини берди.

 Муҳаммад Толиб бин Mуҳаммад Ража Моҳан,

 Малайзиядаги Ислом ҳамкорлик ташқтилотининг Халқаро бизнес маркази бош ижрочи директори:

- Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бугунги ҳолати юқори даражадаги ишонч ва бир-бирини ўзаро тушуниш билан ажралиб туради. Олий даражадаги музокаралар, имзоланган Қўшма баёнот ҳамда  2023-2027 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастури бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Ўзбекистон ва Хитойнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалари ўрта муддатли истиқболда муқобил энергетикани ривожлантириш, жумладан, қуёш, шамол ва гидроэлектростанциялар қуриш, фотоэлектр панеллари, электр жиҳозлар, трансформаторлар, батареялар ишлаб чиқаришда катта имкониятларга эга.

Ташриф арафасида бўлиб ўтган бизнес форуми якунлари бўйича умумий қиймати 25 миллиард доллар ҳажмидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича эришилган келишувлар томонларнинг ўзаро ҳамкорликнинг янада янги уфқларини кашф этишга содиқлигини яна бир бор намойиш этмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон ва Хитой минтақалари ўртасидаги ҳамкорликнинг янада ривожланиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлашни истар эдим. Сирдарё вилоятини “Илғор инновациялар ҳудуди”га айлантириш режалари алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Албатта, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш икки мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга. Хусусан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларнинг тезда бошланиши, албатта, икки томонлама савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этиш учун мустаҳкам замин яратади.

Ушбу ташриф, шубҳасиз, Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг барча қирралари кўламларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

 Альберто Туркстра,

Diplomatic World” нашрининг лойиҳалар бўйича менежери:

- “Хитой - Марказий Осиё” саммити Хитой Халқ Республикаси Раиси ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасидаги биринчи юзма-юз саммитдир: бундан аввалги учрашувлар виртуал форматда ўтказилган. Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги яқин ва биродарлик муносабатлари мавжудлигини тасдиқлайдиган далил шундан ҳам иборатки, Қозоғистон ва Ўзбекистон пандемиядан кейин Си Цзиньпин ташриф буюрган биринчи давлатлардир.

Саммит Сиань шаҳрида ўтказилаётгани ажабланарли эмас. Қадим замонларда бу шаҳар асрлар давомида Хитойни Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатлар билан боғлайдиган Ипак йўлининг бошланғич нуқтаси бўлган.

Шуни таъкидлаш керакки, Хитой узоқ вақтдан бери минтақа билан умумий ўзаро муносабатларга эмас, балки икки томонлама муносабатларга устувор аҳамият бериб келмоқда. 2000 йилларнинг бошларида Япониядан бошлаб бир қатор мамлакатлар ва, авваламбор, АҚШ, кейинчалик Европа Иттифоқи давлатлари "5+1" форматини ишлаб чиқишни бошлаган. Хитой ва Марказий Осиё бошқа минтақавий ташкилотлар, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧБК) (CИCА), «БРИКС плюс» ва бошқа минтақавий ташкилотлар  доирасида юқори даражада ҳамкорлик қилмоқда.

Хитойни Қирғизистон ва Ўзбекистон билан боғлайдиган темир йўли “Бир камар, бир йўл” ташаббусининг  ҳозирги пайтда муҳокама қилинаётган  асосий лойиҳаларидан бири ҳисобланади. У кўп йиллик муҳокамалардан сўнг ва ниҳоят, 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Самарқанд саммитида қабул қилинди. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Марказий Осиё ва Хитой ўртасида товарларни етказиб бериш муддатини қисқартиради, шунингдек, Евросиёни боғлаш ва хавфсиз ҳамда узлуксиз йўлакни таъминлаш нуқтаи назаридан катта аҳамият касб этади.

 Ензо Падован,

Сен-Жермен Сиёсий фанлар олий мактаби (Франция) тадқиқотчиси:

- Ушбу саммит Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун қулай замин яратади.

Ўзбекистон минтақадаги жадал ривожланаётган мамлакатлардан бири бўлиб, бугунги кунда дунёнинг барча мамлакатлари, жумладан, Хитой Халқ Республикаси билан ҳам ўзаро алоқаларни фаол ривожлантирмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари ўз ривожланишининг янги босқичига қадам қўйди. Хусусан, мамлакатлар ўртасида товар айирбошлаш даражаси анча юқори, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, икки мамлакат БМТ, ШҲТ, «БРИКС плюс» форматидаги Глобал ривожланиш бўйича олий даражадаги мулоқот, «Бир камар, бир йўл ташаббуси ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватланмоқда.

Мамлакатлар халқаро кун тартибининг долзарб масалалари, глобал хавфсизлик ва тараққиётни таъминлаш масалалари бўйича умумий нуқтаи назар ва ёндошувларга эга.

Таъкидлаш жоизки, Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда саноат, кимё саноати, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа устувор йўналишларда юқори технологияга асосланган лойиҳалар муваффақият билан ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

«Яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш ҳамда иқтисодиётнинг янги тармоқлари ва инновация жабҳаси сингари қатор соҳаларда  Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги учун катта имкониятлар мавжуд.

Шу нуқтаи назардан «Марказий Осиё-Хитой» формати Ўзбекистон ва Хитойнинг ўзаро манфаатли стратегик шериклик алоқаларининг давоми бўлиб, Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

  Су Юханг,
 Ўмоннинг «Oman-China Investments» компанияси ижрочи директори:

- Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи ва ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашуви икки дўст давлат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётганидан далолат беради. Шу  ўринда таъкидлаш  керакки, Ўзбекистон  ва  Хитой  ўртасидаги тарихий  муштараклик  қадимий Буюк ипак йўли асос солинганидан бери  давом этиб  келмоқда.

Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарлари конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва ҳар икки томоннинг туб манфаатларига дахлдор асосий масалалар бўйича ўзаро қўллаб-қувватлашга содиқ эканликларини кўрсатдилар.

Эришилган келишувларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, турли даражадаги фаол ишбилармонлик алоқалари ҳозирги босқичда мутлақо янги босқичга кўтарилган Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг жадал ривожланишида ижобий натижалар бермоқда.

Шу нуқтаи назардан, савдо-иқтисодий соҳада ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтириш, биринчи навбатда, замонавий саноат объектлари, сармоявий ва юқори технологияли корхоналарни барпо этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шу билан бирга, белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун кенг кўламли соҳаларни қамраб олган барқарор минтақавий интеграция зарур. Шу нуқтаи назардан, ҳамкорликнинг янги формати – «Хитой – Марказий Осиё» биринчи кўп томонлама учрашуви минтақадаги ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қўшимча туртки бериши шубҳасиз.

«Дунё» АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech