Президент қарорида кўрсатилган инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари ташкил этилдими?

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Шу мақсадда 2020-2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда.  

Давлатмиз раҳбарининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар белгилаб берилди.  

Жорий йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациянинг 75 йиллиги нишонланади. Шу боис ҳам инсон ҳуқуқларига оид таълим кўлами кенгайтирилмоқда.  

Президент қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да 2023 йил 1 майдан бошлаб раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курсларини жорий қилиш топширилган.  

Қарор ижроси қандай таъминланмоқда? Бу саволга Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Ойбек Сайидумаров жавоб берди:  

— Давлат бошқаруви академияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда раҳбар кадрлар, барча даражадаги давлат фуқаролик хизматчилари учун “Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги” номли курснинг ўқув дастури ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.  

Мазкур ўқув дастуридан онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилаётган давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш ўқув курсларида фойдаланиш назарда тутилган.    

Давлат бошқаруви академиясида жорий йилнинг май ойидан бошлаб раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув соатлари жорий қилинди.

Хусусан, 8 майдан бошлаб вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратларидаги бошқарув кадрлари учун ҳар бири 56 соатлик тўртта малака ошириш курси ташкил этилди, унда жами 165 нафар раҳбар кадр иштирок этди. Малака ошириш курси дастурига инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги масалаларига доир уч соат ҳажмдаги иккита мавзу киритилган.  

Жорий йил 5 июнь кунидан бошлаб Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган номзодлар учун 48 соатлик малака ошириш курси ташкил этилди. Мазкур ўқув курси дастури доирасида “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида гендер тенглиги, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари” мавзусида алоҳида ўқув соати ўтилмоқда.  

2022/2023 ўқув йили якунига қадар вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратларидаги юз нафар бошқарув кадрлари ҳамда Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган 150 нафар номзод ўқув дастурлар асосида малака ошириши режалаштирилган.

Ҳозирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ  ҳамда Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги” ўқув дастури асосида ўқув-методик материаллар (маъруза матни, видеодарс, тақдимот материаллари, тест саволлари) ишлаб чиқилмоқда. Ушбу материаллар Инсон ҳуқуқлари соҳасида онлайн таълим олиш бўйича электрон платформага жойлаштирилади. 

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech