Инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳамкорлиги муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 16 июнь куни пойтахтимизда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари таъминланишида давлат бошқаруви органларининг фуқаролик жамияти билан ўзаро ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, юртимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатини ташкил этишдан мақсад – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида йўлга қўйилган умумий мулоқот платформасини янада такомиллаштиришдан иборат.  

Тадбир давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган ишлар муҳокамаси билан бир қаторда юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Иштирокчилар жаҳондаги демократик давлатларда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини ошириш ва жамоатчилик назоратини олиб боришдаги ўрнини оширишга алоҳида эътибор берилишини қайд этдилар.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати ва Омбудсманнинг давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида очиқ мулоқот йўлга қўйиш ташаббуси аҳолини қийнаётган масалаларни ваколатли органлар вакиллари томонидан фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда бевосита муҳокама қилиш имкониятини яратаётганлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Бу каби мулоқотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан мавжуд камчиликларни давлат органларининг ваколатли вакилларига етказиш ва бу орқали тегишли соҳаларнинг ислоҳ қилинишига хизмат қилади.

Конструктив мулоқот давомида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва қийноқларнинг олдини олиш борасида Омбудсман билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилгани ва бу ўзининг ижобий натижасини бераётгани таъкидланди. Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг фикрича, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари соҳадаги ислоҳотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга имкон яратади.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан инсоннинг ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини янада таъминлаш орқали уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech