Андижонда қийноққа солишга қарши курашиш бўйича тренинг бошланди

20 июнь куни Андижон вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси бошланди. Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов видеомуоржаатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келишини таъкидлади.  

Шунингдек, халқаро эксперт Азамат Шамбилов ўқув курсида ўз маърузаси билан қатнашиб, Нельсон Мандела қоидалари ҳақида муҳим маълумотларни тақдим этди. Бу, ўз навбатида, иштирокчилар қийноққа солишга қарши курашиш бўйича билимларни янада яхши ўзлаштиришига хизмат қилиши тайин.

Ўқув курсида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ва Малака ошириш институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.

Машғулотларда Андижон вилояти прокуратурасидан 10 нафар ва ички ишлар тизимидан 50 нафар ходим тингловчи сифатида қатнашмоқда.

         Машғулотлар 21 июнь куни якунига етади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech