БРЮССЕЛЬ, 20-июнь. /«Дунё» АА/. Бугун Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва алоқадар масалалар бўйича қуйи қўмитанинг 19-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Йиғилишга Европа ташқи ҳаракатлар хизмати Марказий Осиё бўлими раҳбари Дитмар Крисслер ва Ўзбекистон адлия вазирининг ўринбосари Музраф Икромов ҳамраислик қилдилар.
Тадбирда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар, шунингдек, терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, чегараларни бошқаришни рағбатлантириш, божхона ишини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда ушбу соҳаларда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон томони Янги Ўзбекистонда сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Мамлакатимизда яқинда амалга оширилган Конституциявий ислоҳот давлатчиликни ва республика иқтисодиётини янада барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани алоҳида таъкидланди.
Европа томони Ўзбекистонда, айниқса, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича ижобий ўзгаришларни олқишлади. 2023 йил март ойида Тошкент шаҳрида «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» фуқаролик жамияти форуми муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди.
ЕИ вакиллари республикамиз томонидан изчил ислоҳотларни амалга оширишда мамлакатда қонун устуворлигини янада таъминлаш, хусусан тегишли халқаро конвенция ва битимларни амалга ошириш бўйича ўз мажбуриятлари доирасида ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашув конструктив ва очиқ муҳитда ўтди, иштирокчилар икки томон манфаатларига жавоб берадиган амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришдилар.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қуйи қўмита 2002 йил январь ойида «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгаши йиғилиши якунлари бўйича ташкил этилган. 2007 йилдан бери қуйи қўмита инсон ҳуқуқлари бўйича ҳам мулоқот олиб боради.
- Қўшилди: 21.06.2023
- Кўришлар: 3952
- Чоп этиш