Ўзбекистон делегацияси Брюсселда адлия, ички ишлар ва инсон ҳуқуқлари масалаларини муҳокама қилди

20 июнь куни Адлия вазири ўринбосари М.Икрамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Брюссель шаҳрида бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича кичик қўмитасининг 19-мажлисида иштирок этди. Делегация таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ҳам бор.

Тадбирда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи вакиллари қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш соҳаларида ўзаро ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар.

Мулоқот доирасида наркотрафик ва терроризмга қарши курашиш, чегараларни бошқариш, божхона тизимини ривожлантириш йўналишларидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Маълумот учун: “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича кичик қўмитаси 2002 йил январида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Европа Иттифоқи Ҳамкорлик кенгаши мажлисининг қарори асосида таъсис этилган. Ушбу Кичик қўмита доирасида 2007 йилдан бошлаб инсон ҳуқуқлари бўйича ҳам мулоқот олиб борилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech