20-21 июнь кунлари Андижон вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси ўтказилди. Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўқув курсида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ва Малака ошириш институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этди. Машғулотларда Андижон вилояти прокуратурасидан 10 нафар ва ички ишлар тизимидан 50 нафар ходим тингловчи сифатида қатнашди.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори қийноққа қарши кураш йўналишидаги ўқув машғулотларига янги руҳ бағишлади. Қарорга мувофиқ, эндиликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув курси БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда. Машғулотлар қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг халқаро амалиёт ва миллий тажриба асосидаги амалий кўникмаларини оширишга мўлжалланган.
Ўқув курсининг биринчи куни Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори Муроджон Турғунов, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи, юридик фанлар доктори, доцент Луқмонжон Исоқов, Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, подполковник Қувонч Қодиров маърузалари тингланди.
Машғулотларда, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўқитувчиси, подполковник Жаҳонгир Яқубов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Ф.Ҳайитбоев ва Миллий марказ бош мутахассиси Д.Рашидова ўз маърузалари билан қатнашди.
Ўқув курси якунида тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.06.2023
- Кўришлар: 3600
- Чоп этиш