Матбуот эркинлиги: Декларация ва Конституция кўзгусида

Мамлакатимизда жорий йилда 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни халқаро кўламдаги муҳим бир воқелик билан ҳамоҳанг нишонланмоқда. Бу ҳам бўлса, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги тантаналаридир.

 Бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам инсоният тарихида илк бор инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш кампанияси қизғин давом этмоқда. Юртимиздаги ушбу тадбирлар карвонига 2022 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Самарқанд Глобал форуми кенг йўл очди.

БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясига мувофиқ, 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганидан сўнг халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олди. Ўтган даврда жаҳон ҳамжамияти инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари ва механизмлари орқали ушбу ҳуқуқ ва эркинликларга дунё миқёсида риоя этилишига кўмаклашмоқда.

Сўз, ахборот ва матбуот эркинлиги – инсоннинг асосий ҳуқуқларидандир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ, “Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади”.

Ўз навбатида, жорий йилнинг 3 майида Жаҳон матбуоти эркинлиги куни ўттизинчи марта нишонлангани ҳам Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг айни нормаларини ҳаётимизга теран татбиқ этиш жараёнлари билан чамбарчас алоқадор. Зеро, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш шу муносабат билан йўллаган видеомурожаатида қайд этганидек, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги бир-бирини бевосита тақозо этади.

Матбуот эркинлиги – демократия ва адолатнинг тамал тошидир. Аммо, бугунги кунда бутун дунёда матбуот эркинлиги турли тажовузларга дучор бўлмоқда. Ёлғон ахборот (дезинформация) ва нафрат тили таъсирида далиллар ва уйдирмалар, илм-фан ва фитна (конспирология) назариялари ўртасидаги чегаралар йўқолиб бормоқда.

Антониу Гутерриш, шунингдек, журналистлар пўписа, таъқиб ва зўравонликларга учраётганини таъкидлади. Хусусан, 2022 йилда оммавий ахборот воситаларининг камида 67 нафар ходими ўлдирилган бўлиб, бу рақам 2021 йилдагига нисбатан 50 фоиз кўпдир. Бундан ташқари, журналистларнинг тўртдан уч қисми онлайн-зўравонликка дуч келган бўлса, яна тўртдан бир қисми жисмоний таҳдидларни бошидан ўтказган.

ЮНЕСКО Бош директори Одрэ Азуле айни вақтда Европа Иттифоқи кўмагида 12 та журналистик ташкилот, жумладан, Афғонистонда фаолият олиб бораётган журналист аёлларга ёрдам кўрсатаётган касбий ташкилотлар қўллаб-қувватланаётганини маълум қилди. ЮНЕСКО томонидан дунёнинг ўнлаб мамлакатларида журналистларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича тренинглар ўтказилмоқда.

Шунингдек, “The New York Times” газетаси ношири Артур Сульцбергер агар сўз эркинлиги ва ишончли ахборот эркинлиги мавжуд бўлмаса, демократия қоидалари ва жамоатчилик ишончи емирилишда давом этишига эътиборни қаратди. Унинг фикрича, 1990-йилларда – совуқ уруш барҳам топган ва янги демократик давлатлар пайдо бўлган, ахборот ва алоқа соҳасидаги технологиялар жадал ривожлана бошлаган некбинлик даврида медиа-ландшафт сезиларли ўзгаришларга юз тутганди. Бироқ ана шу кўтаринкилик даври узоқ давом этмади.

Журналистларга дунёнинг турли ҳудудларида яшаётган одамлар билан қулай боғланиш имкониятини берган илғор технологиялар, бир томондан, тезкор ахборот олишни таъминлаган бўлса, бошқа томондан, минглаб газеталарнинг ёпилишига олиб келди. Анъанавий матбуот ўрнида пайдо бўлган рақамли ОАВ эса юзага келган бўшлиқни ҳозирча тўлдира олгани йўқ. Айниқса, воқеалар жойидан репортажлар тайёрлаш ва журналист суриштируви ўтказиш каби ижодий жараёнларда сусткашлик кузатилмоқда.

Интернет туфайли бугунги кунда ахборот экотизими ёлғон хабарлар, юзаки тарғибот, асоссиз танқид ва шов-шувли “кликбейт”лар, яъни эҳтиросга таянган ва асосан даромад олиш мақсадини кўзлайдиган сарлавҳалар кўчкиси остида қолди. Оқибатда журналистиканинг ўзига нисбатан ишончни таъминлайдиган ҳаққоний овози тобора эшитилмай қолмоқда, аксинча, жамоатчиликнинг журналистларга ишончсизлиги садолари борган сари кучаймоқда.

Виндхук декларациясининг 1-бандида қайд этилишича, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ мустақил, плюралистик ва эркин матбуотни таъсис этиш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтириш миллат демократиясини ва иқтисодий тараққиётини ривожлантириш ҳамда рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этади”.

Давлатимиз ва жамиятимизнинг бу борадаги ёндашуви ҳам айнан шундай: сўз, ахборот ва матбуот эркинлиги – Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишидир. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби.

Бу ҳақда сўз борганда, албатта, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида тўла ўз аксини топганини таъкидлаш лозим. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилмоқда.

Халқимиз яқинда референдумда овоз берган янги таҳрирдаги Конституцияда сўз ва ахборот эркинлиги учта йўналишда:

биринчидан,  ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини кенгайтириш;

иккинчидан, оммавий ахборот воситалари эркинлигини янада мустаҳкамлаш;

учинчидан, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом тақдим этилиши тимсолида ҳар томонлама кафолатланди.

Эндиликда янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасига мувофиқ:

“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади”.

Эътибор беринг: янги нормалар билан ҳар бир шахснинг Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи эътироф этилди. Мазкур ҳуқуқнинг таъминланиши учун бевосита давлатнинг ўзи шарт-шароитлар яратиши аниқ белгиланди.

Интернет нафақат алоқа воситаси, балки виртуал муҳитга ҳам айланиб бораётган, кўплаб тушунча ва хизматлар “реал” заминдан жадал тарзда “виртуал” ҳаётга кўчаётган бугунги давр айни шундай илғор ёндашувни тақозо этмоқда. Ҳозирги кунда Интернетни тақиқлаш ва чеклаш нафақат нотўғри, балки мантиқсиз ҳам эканини исботлаб ўтиришга ҳожат қолмади.

Нега деганда, бугун одамлар ишини, ўқишини, ҳоббиларини, турли товар ва хизматлар логистикасини, қолаверса, давлат хизматларини ҳам Интернетга кўчиряпти. Бу, ўз навбатида, Конституция ва қонунларни замонга ҳамнафас тарзда ўзгартиришни талаб қилмоқда.

Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи инсоннинг сўз эркинлиги ҳуқуқи доирасига киради. Ушбу ҳуқуқ, давлат чегараларидан қатъи назар, турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўзида қамрайди.

Шундай экан, ахборотни, жумладан, Интернет орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини истифода этувчи инсонлар зиммасига ҳуқуқлар билан бир қаторда мажбурият ва масъулият ҳам юкланиб, қонунга мувофиқ равишда айрим чекловлар ўрнатилиши табиий ҳолдир. Шу маънода, Асосий Қонунимиз 33-моддасининг охирги бандига барчамизни ижтимоий масъулиятни англашга, оқни қорадан, ҳақиқатни уйдирмадан, далилни бўҳтондан ажратишга даъват этадиган мана бу нормалар киритилгани бежиз эмас:

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни  чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек  давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор  этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.

Ўзбекистон Конституциясида қайд этилган айни талабларнинг нечоғлик долзарб, ҳаққоний ва ҳаётий экани шу йил 12 июнь куни БМТ қароргоҳида рақамли платформаларда тарқатилаётган ахборотларнинг ахлоқий мазмунига оид янги маълумотларни муҳокама этиш асносида яққол тасдиғини топди. Гап шундаки, 142 мамлакатда ўтказилган сўров натижаларига кўра, бутун дунёдаги Интернет ва ижтимоий тармоқлар мунтазам фойдаланувчиларининг 59 фоизи рақамли маконда дезинформация тарқалаётганидан ташвиш билдирган.

Ушбу маълумотларни тақдим этган Бош котиб А.Гутерришнинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият рақамли маконда нафрат ва ёлғон ахборот тарқатилишига қарши қатъий кураш олиб бориши зарур. БМТ Бош котиби рақамли платформалардаги ахборотларнинг ахлоқийлигини таъминлаш учун Одоб-ахлоқ кодексини яратиш таклифини илгари сурди. Унинг фикрича, бундай Кодекс нафрат тили ва ёлғон ахборот тарқатилишига қарши ўзаро келишган ҳолда глобал кураш олиб бориш учун асос бўлиб хизмат қилган бўлур эди.

Ўз навбатида, БМТ Хавфсизлик кенгаши 2023 йил 15 июнь куни Бағрикенглик, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Резолюцияни қабул қилган Хавфсизлик кенгашига аъзо 15 та давлат нафрат ва дезинформация, жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиладиган зўравонликлардан чуқур ташвиш билдирди. Ҳужжат барча халқаро ва минтақавий ташкилотларни ирқи, миллати, жинси, дини ва тилига кўра камситиш оқибатида юзага келадиган зўравонлик, нафрат, экстремизмни очиқ қоралашга чақиради.

Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган ХХI асрда инсоннинг фикр ва сўз эркинлиги, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш сингари ҳуқуқлари қандай амалга оширилиши унинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, хусусан, Интернетдан қанчалик эркин фойдаланишига бевосита боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, бугунги рақамлаштириш замонида демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли очиқ жамият барпо этаётган аксарият давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам ўз Конституциясида фикрлаш, сўз ва матбуот эркинлигига оид янги нормаларни  мустаҳкамлагани, бир томондан, фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга ошишига хизмат қилса, иккинчи томондан, ҳар бир инсоннинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 69-моддаси биринчи қисмида фуқаролик жамияти институтларининг тушунчаси ва тизими қуйидаги норма билан очиб берилган:

“Фуқаролик  жамияти  институтлари,  шу  жумладан  жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини  ўзи  бошқариш  органлари,  оммавий  ахборот  воситалари  фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади”.

Бошқача айтганда, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом берилди. Шу орқали сўз эркинлиги конституциявий асосда яна бир бор кафолатланмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамиятини қонунчилик негизида кучайтиришга изчил эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Чунки оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши даркор.

Энг муҳими, эндиликда Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институти мақомида эътироф этилди. Бу илғор конституциявий-ҳуқуқий асос:

бир тарафдан, жамоатчилик назоратининг янада ҳаққоний, холис ва адолатли ташкил этилишига муносиб ҳисса қўшса;

бошқа тарафдан, жамоатчилик назорати асносида аниқланадиган қонунбузарликлар ва камчиликларга тааллуқли маълумотларнинг асоссиз равишда панада олиб қолиниши ёки хаспўшланишига йўл қўймайди. Яъни, ошкорлик том маънода таъминланади.

Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилгани ва улар фаолияти кафолатларининг белгилангани жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини таъминлаш, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун ҳуқуқий замин ҳозирлайди. Бу том маънода жуда муҳим янгиликлардандир.

Шу тариқа янги таҳрирдаги Конституцияда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланди.

Конституциянинг “Оммавий ахборот воситалари” деб номланган ХV бобидаги иккита моддада оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги давлат томонидан кафолатланган. Хусусан, 81-моддага кўра:

 “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ  иш олиб борадилар.

Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг  эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш  ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган  ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир”.

Ушбу нормалардан кўзланган мақсад оммавий ахборот воситалари учун энг қулай шарт-шароитлар яратишга, давлат ва жамият ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган конституциявий асосларни шакллантиришдир. Шунга ўхшаш нормалар Словакия, Испания, Жанубий Корея каби бир қатор мамлакатларнинг Конституцияларида мавжуд.

Ўз навбатида, янги таҳрирдаги Конституциянинг 82-моддасида мана бу нормалар мустаҳкамланган:

“Цензурага йўл қўйилмайди.

Оммавий  ахборот  воситаларининг  фаолиятига  тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.

Цензуранинг тақиқланишига оид норма Конституциямизда олдин ҳам бор эди. Айни чоғда, кейинги норма муҳим янгилик бўлиб,  оммавий  ахборот  воситаларининг самарали фаолият юритиши учун таъсирчан ҳуқуқий асос вазифасини ўташи тайин.

Матбуотда бу борада ўз муносабатларини билдирган бир қатор ҳамкасбларимиз таъбири билан айтганда, бу нормалар оммавий  ахборот  воситалари ва журналистларнинг эмин-эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди. Янада муҳими, жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитининг ривожланишига шароит яратади.

Хулоса қилиб айтганда, сўнгги йилларда сўз, ахборот ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги Янги Ўзбекистоннинг сифат кўрсаткичларидан бирига айланиб бормоқда. Буларнинг барчаси, бир томондан, мамлакатимизда сўз эркинлигини тўла таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, оммавий ахборот воситаларидан ижтимоий масъулиятни теран англашни ҳам тақозо этади.

Бинобарин, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар жадал тараққий этиб ҳамда тобора глобаллашиб бораётган ҳозирги даврда ахборот эркинлиги имкониятларидан фойдаланишнинг ўзига яраша ижтимоий юки ҳам борлигини унутмаслик даркор. Зотан, ҳар қандай эркинлик, агар уни суиистеъмол қилинмаса, пировардида том маънода тинчлик ва фаровонлик, барқарорлик ва тараққиёт, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик омилига айланади.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech