Бухорода бошланган жазони ижро этиш муассасалари вакиллари иштирокидаги тренингда шу ҳақда сўз борди
22 июнь куни Бухоро шаҳрида озодликдан маҳрум қилиш жойларида қийноқлар, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазоларнинг олдини олиш соҳасидаги халқаро стандартлар бўйича уч кунлик тренинг ўз ишини бошлади. Унда Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасалари вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тмонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Иштирокчилар озодликдан маҳрум қилиш жойларида қийноқлар ва бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турлари, шунингдек, шафқатсиз зўравонликларнинг олдини олиш соҳасидаги халқаро стандартлар билан таништирилди. Шунингдек, қийноқлар тўғрисидаги аризаларни ҳужжатлаштириш жараёнида тиббиёт ходимларига юклатилган бурч ва масъулият ҳақида аттофлича тушунча берилди.
Миллий экспертлар томонидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига оид маърузалар тақдим этилди. Бунда, жумладан, озодликдан маҳрум қилиш жойларида қийноқларнинг олдини олиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов таъкидлаганидек, “Қўпол муомала ва қийноқларни тақиқлаш – инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларга ҳам, бутун дунёнинг миллий қонунчилигига ҳам киритилган умумэътироф этилган асосий ҳуқуқдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририда қийноқ ва шафқатсиз муносабатни ҳар қандай шароитда ва истисноларсиз қўллаш тақиқланган”.
Ўз навбатида, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари бўйича катта маслаҳатчиси Надия Яклаф-Лаллеман: “ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси келажакда ҳам Ўзбекистонда қийноқларга қарши Миллий превентив механизмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда давом этишга, Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилиш ҳамда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва қийноқларга қарши курашиш жараёнлари юзасидан мониторинг юритиш, шунингдек, Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ишларида кўмаклашишга тайёр”, деб маълум қилди.
Тренинг доирасида иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, амалий машғулотлар олиб боради. Бу жараёнда Нельсон Мандела қоидаларига асосланган илмий-амалий тадқиқотлар, маҳкумларнинг ижтимоий заиф тоифаларини ҳимоя қилиш, зўравонликнинг олдини олиш чоралари каби муҳим масалалар ҳар томонлама муҳокама қилинади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.06.2023
- Кўришлар: 3750
- Чоп этиш