ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти томонидан ташкил этилган “Энг долзарб илмий мақолалар” танлови ғолиблари тақдирланди. Тақдирлаш маросими Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлиб ўтди.

Ушбу танлов мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини илмий асосда ёритувчи таҳлилий мақолаларни кенг жамоатчиликка етказиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида мавжуд муаммоларни илмий асосда ўрганиш ва уларга назарий ҳамда амалий ечимлар таклиф этилишини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилди.

Танлов ғолиблари “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг охирги тўрт сонида нашр этилган мақолалар асосида аниқланди. Таҳририят ижодий жамоасининг хулосасига кўра:

  • Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби таянч докторанти Севара Бегматова – “Халқаро ва миллий ҳуқуқ тизимида медиация институтининг ривожланиш тенденциялари” мақоласи учун;
  • фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори Сайёра Саидова – “Political-legal analysis of the category of freedom of conscience” мақоласи учун;
  • Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети тадқиқотчиси Дилбар Хайруллаева – “Развитие правовых основ обеспечения прав меньшинств в современном международном праве” мақоласи учун ғолиб деб топилди.

Ғолибларини тақдирлаш анжуманида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ходимлари иштирок этди.

Тадбирни журнал бош муҳаррири Эркин Эрназаров очиб берди. У мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилаётган юксак эътибор, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг, шу жумладан “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг тутган ўрни, бу борада таҳририят томонидан ташкил этилган “Энг долзарб илмий мақолалар” танловининг аҳамияти ҳақида тўхталди. Тадбир иштирокчиларини 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклади.

Шундан сўнг танлов ғолибларига диплом, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан нашр этилган ҳуқуқий адабиётлар тўплами ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.

“Бундай катта эътибор ва рағбатдан ниҳоятда миннатдорман, – деди танлов ғолиби Севара Бегматова. – Бу мукофот нафақат рағбат, балки зиммамга катта масъулият юклаганини ҳам ҳис этдим. Янада кўпроқ ўқиб, изланиб, инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб бораётган тадқиқотларимни давом эттириб, илм-фанда назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлган натижаларга эришишни ўзим учун мақсад қилиб белгиладим”.

Тадбир якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ масъул ходими, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳриряти фахрийси Абдукамол Пўлатов ҳам ғолибларни табриклади. Таҳририят фаолиятига омад ва муваффақиятлар тилади.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech