Женевада инсон ҳуқуқларини таъминлаш доирасидаги миллий механизмлар муҳокама қилинди

23 июнь куни Женева шаҳрида “Амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кузатиш миллий механизмлари” мавзусида амалий семинар бўлди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Д.Муратова онлайн иштирок этди.

Семинарда Италия, Португалия, Мексика, Таиланд, Молдова, Кения каби давлатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий институтлари вакиллари, БМТнинг мустақил экспертлари, халқаро ва минтақавий мутахассислар, фуқаролик жамияти фаоллари қатнашди.

Тадбир аввалида аксарият давлатларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кузатиш миллий механизмларининг жорий этилиши муҳим экани таъкидланди. Мазкур миллий механизмлар – инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий механизмлар, жумладан, БМТнинг шартномавий органлари, Универсал даврий ҳисобот ва махсус тартиб-таомиллар учун ҳисоботларни тайёрлаш ҳамда мувофиқлаштириш ваколатига эга ҳукумат тузилмалари ҳисобланади.

Семинарда ушбу механизмларнинг миллий ҳуқуқий асослари, уларни молиялаштириш манбалари ва ваколат доираси хусусида атрофлича сўз борди. Иштирокчилар амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кузатиш миллий механизмлари ҳамда парламент, суд ва давлат ҳокимиятининг бошқа органлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари бўйича ўз мамлакатларида мавжуд амалиёт тўғрисида қисқача маълумот бердилар.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова Миллий марказнинг амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кузатиш миллий механизми сифатида Ўзбекистон парламенти билан ўзаро ҳамкорлик йўналишлари ҳақида тўхталди.

Ўзбекистонда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга мувофиқ, БМТнинг устав ва шартномавий органларига миллий маърузаларни тайёрлаш ва тақдим этиш, мазкур халқаро органлар тавсияларини бажариш юзасидан миллий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш каби йўналишларда мунтазам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ўзбекистон вакили семинар мавзуси доирасида бир неча таклифларни ҳам илгари сурди. Жумладан, кўплаб давлатларда амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кузатиш миллий механизмларининг жорий этилишини мувофиқлаштириб бориш нуқтаи назаридан, айни йўналишда Глобал ассоциация тузиш алоҳида аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.

Бир кунлик амалий анжуман якунида иштирокчилар муҳокама қилинган миллий механизмларнинг моҳияти ва аҳамияти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республкаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech