- Ҳозирги кунда юртимизда 2140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 та кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда.
- Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари экани соҳада таркибий ўзгаришлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради.
- Анъанавий нашрлар билан бирга интернет нашрлар ҳам жадал ривожланиб, уларнинг сони 745 тага етгани ва ўқувчилар оммасини тобора кўпроқ ўзига жалб этаётганини қайд этиш лозим.
- Давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликлар таркибида ахборот хизматлари йўлга қўйилгани халқ билан мулоқотни кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
- Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, уларнинг очиқлик борасидаги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳамда илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизими жорий этилди.
- Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқаро ахборот маконига ҳам дадил кириб бормоқда.
- Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда бир қатор хусусий телестудияларнинг кўрсатувлари жаҳоннинг 100 дан ортиқ давлатларига узатилмоқда.
- Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ўз хабарларини 10 та хорижий тилда тарқатмоқда.
- Сўнгги йилларда республика нашриётлари томонидан 132 миллион нусха бадиий китоб ва бошқа адабиётлар чоп этилгани китобсевар халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг онгу тафаккурини юксалтиришда муҳим роль ўйнаши шубҳасиз.
- Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу соҳа учун уч йил муддатга даромад солиғи бўйича имтиёзлар берилгани уларнинг иқтисодий ҳолатини барқарорлаштиришда катта мадад бўлмоқда.
- Бугунги кунда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Қорақалпоқ давлат университети, Бухоро давлат университети каби таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича юзлаб мутахассислар тайёрланмоқда.
- Ушбу олий таълим даргоҳларида талаба ёшларимиз босма оммавий ахборот воситалари ва ноширлик иши, аудиовизуал журналистика, интернет журналистикаси ва менежменти, медиа назарияси ва амалиёти, ҳарбий ва спорт журналистикаси, рақамли медиа, халқаро муносабатлар сингари йигирмадан зиёд таълим йўналишлари бўйича юқори малакали профессор-ўқитувчилардан маҳорат сирларини ўрганмоқда.
- Биз Янги Ўзбекистоннинг янги журналистикасини яратиш вазифасини ўз олдимизга қўйган эканмиз, бу борадаги миллий анъаналаримиз билан бирга ривожланган давлатлар тажрибасини ҳам ҳар томонлама ўрганишимиз, оммавий ахборот воситалари бўйича дунёдаги етакчи олийгоҳлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва медиа компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришимизни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.
- Шу сабабли оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолади.
- Қўшилди: 27.06.2023
- Кўришлар: 3927
- Чоп этиш