28 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг миллий маърузасини тайёрлаш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Тадбир Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинар-тренинг мақсади – БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини бажариш бўйича статистик ва таҳлилий маълумотларни йиғиш юзасидан давлат ташкилотлари ходимларига билим ва кўникмалар бериш ҳамда мазкур Конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг биринчи миллий маърузаси лойиҳасини муҳокама қилишдан иборат.
Маълумки, Ўзбекистон 2021 йил 7 июнда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган. Конвенция қоидаларига мувофиқ, унда иштирок этувчи аъзо давлатлар мазкур Конвенция ратификация қилинганидан сўнг 2 йил ичида дастлабки миллий маърузани топшириши лозим.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг биринчи миллий маърузаси лойиҳаси тайёрланди. Ушбу маърузани 2023 йил 28 июлда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига тақдим этиш режалаштирилган.
Семинар-тренинг машғулотларини Жаҳон банкининг ногиронлиги бўлган шахслар қонунчилиги бўйича катта эксперти Жанет Лорд, ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича катта мутахассис Одри Сакс ҳамда Жаҳон банки маслаҳатчилари Дилмурод Юсупов ва Адам Ауэрбах олиб борди. Тадбир давомида халқаро экспертлар Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш бўйича миллий маърузаларга қўйиладиган талаблар ҳамда миллий маърузалар тайёрлаш бўйича қўлланмалар тўғрисида батафсил маълумот бердилар.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар муаммолари билан шуғулланадиган ташкилотларининг мониторинг ва илғор тажрибалар билан боғлиқ роли, иштирокчи-давлат ҳисоботининг мазмуни ва БМТ Қўмитаси кўрсатмалари, ҳисобот берувчи давлатлар учун якуний тавсияларни кўриб чиқиш амалиёти, иқлим ўзгариши ва Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни қамраб олиш ҳолати каби мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.06.2023
- Кўришлар: 4107
- Чоп этиш