Темурийлар даври дурдоналари намойиш этилмоқда

Ўзбекистон Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейида "Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат" мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасидаги "Ўзбекистон маданий мероси – Янги ренессанс асоси" маданий тадбирлари ва "Темурийлар даври дурдоналари" номли кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди.

Ушбу кўргазмада музей хазинасида сақланаётган ноёб ашёлар билан бирга, мамлакатимиздаги кўплаб музейлар, жумладан, Қашқадарё вилояти "Шаҳрисабз" давлат музей-қўриқхонаси, Самарқанд давлат музей қўриқхонаси, Бухоро давлат музей-қўриқхонаси, Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамда Ўзбекистон тарихи давлат музейи хазинасида сақланаётган Темурийлар даври дурдоналари илк маротаба бир ерда тўпланиб, халқимизга намойиш этилмоқда.  

Тадбирда қайд этилганидек, жаҳонгир Амир Темур буюк салтанатга асос солиши билан бирга, ўз даврида маданият, маърифат, илм-фан, маънавият соҳасида йирик Уйғониш жараёнига ҳам пойдевор  яратди. Соҳибқирон бобомиз саъй-ҳаракатлари билан шаҳарсозлик,  меъморчилик, маданият ва санъат гуллаб-яшнади. Янги-янги асарлар, изланишларга, кашфиётларга кенг йўл очилди. Айни пайтда Темур ва темурийлар даврига оид манбалар, тарихий асарлар,  ашёлар жаҳон миқёсида ҳамон катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Янги изланишларга пойдевор бўлмоқда.  

Кўргазмада Соҳибқирон бобомиз ва Темурийлар даврида мамлакатда меъморлик ва шаҳарсозлик ғоят равнақ топганидан дарак берувчи меъморий қопламалардан намуналар, Мовароуннаҳр  ҳунармандчилигининг тараққий этган соҳалари бўлмиш кулолчилик,  кандакорлик намуналари, ўзбек ёзув маданияти ва китобат санъатининг намуналари бўлган ҳамда Темурийлар давридан то ҳозирги кунгача сақланиб қолган нодир қўлёзмалар, тарихий дипломатик ёзишмалар, вақф ҳужжатлари намуналари, Амир Темур ва Темурийлар давлати иқтисодий ривожланиши, пул-молия сиёсати тараққиётидан гувоҳлик берувчи мис, кумуш тангалар, буюк бобокалонимизнинг ҳарбий салоҳиятини намойиш этувчи қурол-аслаҳалар кенг ўрин олган.  

 

Н.Усмонова,

Носиржон Ҳайдаров (суратлар),  

ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech