Ўзбекистон ва Туркия вакиллари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

7 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнини кузатиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган халқаро кузатувчилар – Туркия Республикаси Бош Омбудсмани Шереф Малкоч ҳамда «Туркия-Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари, Туркиянинг «Адолат ва ривожланиш» партияси депутати Осман Местен билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳам иштирок этди.

Меҳмонларга мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Омбудсман, Болалар Омбудсмани, Бизнес-Омбудсман фаолияти тўғрисида атрофлича ахборот тақдим этилди.

Ўз навбатида, Туркия Бош Омбудсмани Ш.Малкоч мамлакатимиздаги кенг қамровли ислоҳотлар самараларини юқори баҳолади. Айниқса, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга оид янги нормалар билан бойитилгани алоҳида қайд этилди.

Томонлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Туркия Республикаси Бош Омбудсмани офиси ўртасида ҳамкорлик меморандуми тузиш масаласи бўйича ўзаро фикрлашиб олдилар.

Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳот якунларига бағишлаб Туркияда ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказиш истиқболлари кўриб чиқилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech