Ўзбекистон халқи ўз мамлакатининг келажакдаги тараққиётига комил ишонч билан қарайди

 

Цзинь Чжэ, Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори ўринбосари:

- Ўзбекистон фуқаролари муддатидан илгари Президент сайловида фаол иштирок этдилар. Бу Ўзбекистон халқининг ўз мамлакатининг келажакдаги тараққиётига комил ишонч билан қарашидан далолат беради.

Ўзбекистонликларнинг аксарияти Президент Шавкат Мирзиёевга овоз берbiгани унинг ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати кенг қўллаб-қувватланаётганини тасдиқлайди. Ўзбекистон раҳбари 2016 йилда давлат раҳбари лавозимига келган пайтдан эътиборан бошлаган кенг кўламли трансформация дастурини амалга оширишда давом этмоқда.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон иқтисодий ривожланишнинг юқори суръатларини сақлаб қолишининг кафолатидир. Ўзбек халқининг фаровонлиги тобора яхшиланиб, мамлакатнинг келажакдаги тараққиёти янада ёрқин ва жадал бўлади, деб ишонч билдириш учун барча асослар мавжуд.

Ли Юнцюань, ХХР Давлат кенгашининг Ижтимоий ривожланиш маркази ҳузуридаги Евроосиё ижтимоий ривожланиш тадқиқотлари институти директори:

– 9 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатда апрель ойида ўтказилган Конституциявий референдумнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Ушбу тадбирлар Янги Ўзбекистон стратегиясини янада изчил ҳаётга тадбиқ қилиш учун муҳим институционал асос ва кафолат яратгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Янги Ўзбекистон стратегияси бир томондан мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси бўлган муваффақиятлар асосида, иккинчи томондан эса дунёда кечаётган  геосиёсий воқеалар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Янги Ўзбекистон стратегиясини синчковлик билан ўрганиб чиқиб, ишонч билан айта оламанки, унинг амалга оширилиши халқнинг ҳаёти ва фаровонлигини ошириш учун янги шарт-шароитларни яратиш асносида давлат ва жамиятни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 Чжан Цинь, Хитойдаги «Shanghai Art Fair International Exhibition» компанияси президенти:

– 9 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этдим. Кузатувчи сифатида сайлов ўтказилишига миллий сайлов қонунчилиги ҳамда халқаро демократия андозаларига мувофиқ равишда ҳар томонлама ва пухта тайёргарлик кўрилганини алоҳида қайд этишни истар эдим.

Сайлов очиқлик, ошкоралик ва тенглик каби демократия меъёрлари асосида ўтганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Президентликка сиёсий партиялардан илгари сурилган ҳар бир номзодга бир хил имконият ва шароитлар яратиб берилди.

Сайлов участкаларида сайловчилар овоз бериш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланишлари учун барча шароитлар муҳайё эди. Овоз бериш жараёни сайлов қонунчилиги меъёрлари бузилмаган ҳолда ўтказилди.

Ўзбек халқи бу жараёнда катта фаоллик кўрсатгани ҳолда эртанги кунга, ўз мамлакатининг тақдирига бефарқ эмаслигини намоён қилгани  менда катта таассурот қолдирди.

У Биху, Пекин университети профессори:

- Аввало, Ўзбекистон халқини Президент сайлови муваффақиятли ўтгани билан табриклайман.

2023 йил Ўзбекистон учун муҳим жараёнлар йили сифатида тарихда қолди, десак сира муболаға бўлмайди. Мамлакат Конституцияси 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда янгиланди. Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Мамлакатда амалга оширилаётган ҳаётий ислоҳотлар муваффақиятли ўтаётгани қувонарли ҳолдир.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ривожланиш ва модернизация йўлидан бормоқда. Барча соҳаларда жиддий ислоҳотлар ва янгиланишлар амалга оширилмоқда. Бунинг замирида, шубҳасиз, халқ фаровонлиги ва мамлакатнинг гуллаб-яшнаши мақсади ётади.

Ўзбекистон бундан буён ҳам ривожланиб, гуллаб-яшнашини истаймиз. Биз мамлакатингиздаги ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлаймиз ва бу борада ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз.

Бугун биз кўп қиррали Ўзбекистон-Хитой муносабатлари жадал ва ҳар томонлама ривожланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ўзбекистоннинг хитойлик инвесторлар учун сармоявий жозибадорлиги кучайиб бормоқда. Бугунги кунда ҳамкорликда амалга оширилаётган ўзаро манфаатли лойиҳалар ҳажми ҳам ортиб бормоқда.

Ўзбекистон ўз олдига қўйган барча юксак мақсадларга эришишига тилакдошман.

«Дунё» АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech