Қочоқлар бўйича Глобал форумга тайёгарлик ишлари кўриб чиқилди

11 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Марказ ҳамда БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ўртасидаги 2023 йилга мўлжалланган қўшма иш режасида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашувда Ташқи ишлар, Ички ишлар вазирликлари, Омбудсман офиси, Юристлар малакасини ошириш маркази ва Миллий марказ вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари қўшма иш режасида назарда тутилган “Қочоқлар бўйича Глобал форум учун ихтиёрий мажбуриятлар лойиҳаси ишлаб чиқиш”  ва “Қочоқлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш” мавзуларини муҳокама қилдилар.  

Тадбирнинг дастлабки қисмида БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳуқуқий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Р.Саидумарова қочоқлар масалалари бўйича халқаро форум – “Глобал форум-2023” борасида умумий маълумотларни тақдим этди.

Хусусан, тадбир иштирокчилари Марказий Осиё давлатларининг 2019 йилда бўлиб ўтган дастлабки Форум доирасида олган ихтиёрий мажбуриятларини амалга ошириш бўйича статистик маълумотлар ва навбатдаги йирик халқаро Форумга режалаштирилаётган ихтиёрий мажбуриятлар лойиҳалари билан таништирилди. Марказий Осиё давлатлари ихтиёрий мажбуриятларни амалга ошириш орқали қочоқларни бошпана билан таъминлаш соҳасида муҳим ҳуқуқий ва институционал асослар яратгани таъкидланди.

Шунингдек, БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси фуқаросизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси С.Гайн Ўзбекистоннинг мазкур Форумга тайёргарлик кўриши доирасида бир нечта ихтиёрий мажбуриятлар бўйича таклифлар киритди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Р. Саидумарова МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатларидаги қочоқлар бўйича қонунчиликдаги мақбул амалиётлар, мазкур соҳадаги қонунчиликнинг халқаро стандартларга кўра талаб этиладиган асосий элементлари ва тамойиллари, хусусан, 1951 йилдаги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенция қоидалари борасида батафсил маълумот берди.

Тадбир якунида Ишчи гуруҳ аъзолари, халқаро стандартлар ва амалиётда мавжуд қоидаларни тизимли ўрганган ҳолда, Қочоқлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини тақдим этишга келишиб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech