"Чўққини забт этганлар" дея номланган тадбирда университет жамоаси ва талабалардан ташқари бир қатор нуфузли меҳмонлар, жумладан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги раҳбарияти вакиллари — вазир ўринбосари Шаҳло Турдиқулова, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили В.В.Лошчинина, Россотрудничество раҳбари М.В.Вождаев, Олий Мажлис депутатлари, қўмиталар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, филиал ҳамкорлари, етакчи олий ўқув юртлари ректорлари қатнашди.
Плеханов номидаги Россия иқтисодиёти университети Тошкент филиалининг битирувчиларига иш берувчилар томонидан талаб катта. Шу жиҳатдан мазкур ўқув юрти топ олий ўқув юртлари қаторидан жой олган. Филиал 28 йиллик фаолияти давомида халқаро савдо, молия ва кредит, корхона ва ташкилотлар иқтисодиёти, ижтимоий ва меҳнат муносабатлари иқтисодиёти каби йўналишларда мутахассислар тайёрлаб келмоқда. Шу кунга қадар 4239 нафар битирувчи, жумладан, 3330 нафар бакалавр ва 909 нафар магистр катта ҳаётга йўлланма олган. Филиал битирувчилари нафақат Ўзбекистон иқтисодиётининг барча жабҳаларида, балки МДҲ ва хорижда ҳам турли соҳаларида етакчи лавозимларда фаолият юритмоқда.
— Ишончим комилки, битирувчиларимиз Янги Ўзбекистон равнақи ва гуллаб-яшнашига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшади, чунки олий таълимда Россия ва Ўзбекистон тажрибаси уйғунлиги бугунги кунда ўз самарасини бермоқда, — деди Плеханов номидаги Россия иқтисодиёти университети Тошкент филиали директори, академик Қаландар Абдураҳмонов.
— Талабалик ҳаётининг унутилмас йўлини босиб ўтиб, Плеханов номидаги университетнинг ажойиб тарихий бир қисмига айландингиз, — деди Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ректори Иван Лобанов. — Танлаган касбингизга хуш келибсиз. Ҳаётингизнинг янги қизиқарли даври бошланади. Шу билан тўхтаб қолманг ва янги чўққиларни забт этишда давом этинг.
Сўзга чиққанлар битирувчиларнинг кейинги фаолиятларига муваффақиятлар тилади.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти