ЎЗБЕКИСТОН МАРКАЗИЙ ОСИЁДА БАРҚАРОРЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЎЗАГИ БЎЛИБ ҚОЛАДИ
Халқаро экспертлар ва ишбилармон доиралар вакилларининг фикрича, энг муҳим глобал ва минтақавий муаммолар бўйича долзарб ташаббуслари туфайли Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки умуман халқаро майдонда бирлаштирувчи кучга айланди.
Йоханна Лерфель,
Франция Соғлиқни сақлаш ассоциациясининг делегати (Déléguée Générale chez French Healthcare Association):
- Франция Соғлиқни сақлаш ассоциацияси жамоат ташкилоти бўлиб, унинг мақсади Франциянинг энг илғор тажрибасини халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва дунёнинг бошқа мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдир.
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасининг ривожланиши ҳақида гапирар эканман, сўнгги йилларда мамлакатда катта ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлашни истар эдим. Республика тиббиёт муассасаларида, шунингдек, ушбу соҳа ходимлари учун қулай шароитлар яратилди. Умуман олганда, Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатда бутун соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Бугунги кунда ассоциациямиз Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, Ўзбекистон тиббиёт муассасалари ва Франциянинг «French Healthcare» соғлиқни сақлаш ассоциацияси ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда.
Давлатларимиз раҳбарлари ўртасида ишончли ва дўстона муносабатлар ўрнатилгани ўзаро муносабатларимиз равнақига кучли турки бўлмоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2022 йил ноябрь ойида Францияга буюрган ташрифи соғлиқни сақлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.
Ташриф якунлари бўйича муассасаларимиз ўртасида, хусусан, Франция Бирдамлик ва соғлиқни сақлаш вазирлигининг Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, Санитария-эпидемиология фаровонлиги ва аҳоли саломатлиги хизмати ҳамда Ўзбекистон Инновациялар вазирлиги ўртасида қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Бундан ташқари, санитария хавфсизлиги соҳасида илмий-маърифий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва икки мамлакатнинг етакчи мутахассислари ўртасида мунтазам видеоконференциялар ташкил этиш орқали яқин алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, Ўзбекистондаги ёш тиббиёт мухахассисларининг нафақат амалий ишларга, балки унга асосланган илмий изланишларга ҳам иштиёқлари баланд. Буни 28 апрель куни хорижий мамлакатлар вакиллари иштирокида Ўзбекистонда бўлиб ўтган ёшларнинг иккинчи илмий-амалий конференцияси буни яққол намойиш этди.
Мамлакат раҳбарияти соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилишга, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, шифокорларни хорижга ўқишга юбориш, замонавий таълим олиш учун шароитлар яратиш, давлат-хусусий лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш инфратузилмасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратаётганидан мамнунмиз.
Шу боис Франция томони бу йўналишда Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга ва келажакда Ўзбекистон - Франция алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлигини таъкидлашни истар эдим.
Рудолф Луcкманн,
Германия Федератив Республикасидаги Анҳалт Амалий фанлар университети “Архитектура ва маданий мерос” халқаро магистратура дастури директори, профессор:
– Мустақил Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик бир неча ўн йиллик тарихга эга. Германия - Ўзбекистон ҳамкорлиги йилномасида эса бир неча бор олий даражадаги ташрифлар ўтказилган. Хусусан, Германия Президенти Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрган. Германия Президенти Ф.-В.Штайнмайер ўзининг навбатдаги расмий ташрифи чоғида шундай деганини яхши эслайман: “Ҳозир ҳамма фақат салбий, муаммолар ҳақида, дунё тобора ёмонлашиб бораётгани ҳақида гапиряпти... лекин, илтимос, Ўзбекистонга қаранг, бу ёш давлат қандай ишонч билан ривожланиб, қандай тўғри, муваффақиятли йўлдан кетаётганига эътибор беринг. Ўзбекистон нақадар жадал ривожланаётганига назар ташласангиз, бу дунёда ҳамон яхши келажакка умид борлигини тушунасиз...”.
Ўйлайманки, бу бугунги икки томонлама ҳамкорлигимизни аниқ-равшан ифодалайдиган энг яхши таърифдир. Бу фикрлар ГФР Президентининг ниятлари некбинлиги ва самимийлигидан ҳамда Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама чуқурлаштиришга тайёр эканлигидан далолат беради.
Яқинда амалдаги Конституцияга жиддий ўзгартиришлар киритилди. Ишончим комилки, янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши натижасида мамлакат тараққиёти янги суръатларни касб этади. Янгиланган Бош қомус Ўзбекистонга кучли ижобий туртки бўлади. Асосий қонунни бу сингари конструктив ва долзарб масалалар киритилган ҳолда янгилашнинг ижобий натижаларидан одамлар янада руҳланади.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида қуйидагиларни қайд этишни истар эдим: Бизнинг Анхальт Амалий фанлар университетимиз Германиядаги нуфузли давлат университетларидан бири бўлиб, унинг ўқув дастури бутун интеллектуал халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган. Бугунги кунда талабаларимизнинг 50 фоиздан ортиғини хорижликлар ташкил этади. Ҳозирги кунга қадар бошқа хорижий университетлар билан ўнлаб қўшма халқаро таълим дастурларини ишлаб чиққанмиз. Ўзбекистон таълим муассасалари орасидан Тошкент архитектура ва қурилиш университети билан илк алоқларни 1998 йилда йўлга қўйган эдик. Ҳамкорликни профессор-ўқитувчилар алмашувидан бошладик. 2020 йилда “икки томонлама диплом бериш” (double degree) дастури жорий этилди, унга кўра, талабалар икки олий ўқув юртида таҳсил олишлари ва кейинчалик ҳар икки муассасанинг дипломига эга бўлишлари мумкин. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз тарихида бу борадаги энг муваффақиятли ташаббуслардан бирига айланди. Эндиликда ушбу ёндошувни машинасозлик, электротехника ва қишлоқ хўжалиги сингари соҳаларга ихтисослашган бошқа университетлар орасида татбиқ этишни режалаштирмоқдамиз. Бунинг учун тажриба ва имкониятларимиз етарли. Бундай лойиҳаларимиз юқоридаги йўналишлар бўйича пухта таълим олган мутахассислар тайёрлашга улкан ҳисса қўшмоқда. Бу каби қўшма таълим дастурларини жорий этиш ҳар икки давлатнинг нафақат гуманитар йўналишда, балки бошқа соҳаларини ҳам янада яқинлаштиришига шубҳа йўқ. Шу тариқа доимий равишда билим ва тажриба алмашиш орқали биргаликда энг самарали, илғор ўқитиш усулларини ишлаб чиқишимиз мумкин.
Юқоридагилардан ташқари, Ўзбекистон ва Германия университетлари ўртасида таълим соҳасида бошқа кўплаб истиқболлар ҳам бор. Бизга фақат илм-фанда яратувчанлик ҳамда уларни амалга ошириш учун иштиёқ лозим ва бизда буларнинг барчаси мавжуд, албатта.
Шахзад Насим,
«Meinhardt Group» компаниялари гуруҳи директорлар кенгашининг ижрочи раиси, доктор:
- Ўзбекистон ҳақида гапирганда шуни таъкидлашни истардимки, Марказий Осиёнинг қоқ юрагида жойлашган ушбу мамлакат улкан салоҳиятга эгадир. Ўзбекистон шитоб билан ривожланаётган иқтисодиёт соҳиби бўлгани ҳолда сўнгги беш йил ичида мамлакатда ўсиш суръати 5 фоиздан зиёдни ташкил этди. Ўзбекистон бизнес юритиш учун юқори даражадаги қулайликларни таклиф қилмоқдаки, бу инвесторлар учун яхши янгилик ва имконият ҳисобланади.
Давлат идоралари барча инвесторларга ёрдам кўрсатади, уларни қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги иккинчи йирик савдо ҳамкори бўлиб, қулай жўғрофий жойлашувга ва Сингапурга ўхшаш хусусиятларга эга. Сингапур АСЕАН учун эшикдир, худди шунингдек, Ўзбекистон ҳам Европа дарвозаси бўлиши мумкин.
«Meinhardt Group» Ўзбекистонда яратилаётган имкониятлардан жуда мамнун. Ҳозирги пайтда Тошкентда ўз офисимизни очиш ҳаракатидамиз, ваколатхонамиз идораси жорий йил август ойидан эътиборан иш бошлайди. Ҳозирги пайтда амалга оширилаётган янги Тошкент шаҳрини ривожлантиришнинг Бош режасини ишлаб чиқишда иштирок этиш биз учун катта шарафдир. Бу Ўзбекистон пойтахтини дунёнинг исталган пойтахти билан таққослашга имкон беради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга ташрифи мамлакатимизда жуда яхши кутиб олинди, ташриф жуда муваффақиятли бўлди.
Муҳандислик илмидан яхши хабардор бўлган Президент иқтисодиёт ва бошқарув нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг келажакдаги ўзгаришлари юзасидан илҳомлантирадиган ва стратегик қарашларга эга. У Осиёнинг энг истиқболли етакчиларидан бири бўлгани ҳолда мамлакат иқтисодиётида ўзгариш ясай олди, бунинг натижаси ўлароқ, ҳозирги пайтда аҳолининг 50 фоизи шаҳарларда истиқомат қилмоқда. Унинг сўнгги сайловлардаги ғалабаси эса халқнинг юксак ишончидан далолат беради. Биз унинг узоқни кўра олишига ҳамда олдига қўйган мақсадларига эришиш йўлидаги интилишларига ишонамиз.
Гао Ханьсюн,
Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институтининг “Бир макон, бир йўл" илмий-тадқиқот маркази раҳбари :
- Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ, прагматик сиёсати туфайли Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётнинг ўзаги бўлиб қолди.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик фаол ривожланмоқда, натижада минтақада мутлақо янги муҳит пайдо бўлди. Шу аснода биз Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик янги шаклда фаоллашаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу эса биргаликдаги тараққиёт ва фаровонликка хизмат қилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Хитой ва Ўзбекистон кўп минг йиллик муносабатлар тарихига эга. Мамлакатларимиз кўп асрлар давомида кўҳна Ипак йўли бўйлаб шаклланган савдо ва маданий алмашувнинг фаол алоқаларини сақлаб келмоқда.
Бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида илгари сурилган вазифаларнинг ўхшашлиги ва яқинлиги туфайли ўзаро ҳамкорликнинг тубдан янги, юқори даражасига кўтарилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон-Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
- Қўшилди: 25.07.2023
- Кўришлар: 3401
- Чоп этиш