25 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Жиззах вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси бошланди.
Машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тренинг аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов онлайн видеомурожаат йўллади. Тингловчиларга ўқув курсидан кўзланган устувор мақсад ва вазифалар ҳақида атрофлича тушунча берилди.
Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Ф.Ҳайитбоев ўқув машғулотлари давомида иштирокчилар инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқий асослар, қийноққа солишга қарши курашиш соҳасидаги халқаро амалиёт ва миллий тажриба билан танишишларини таъкидлади. Ўқув курси дастури доирасида бир қатор долзарб мавзуларда маъруза ва амалий машғулотлар ўтказиш назарда тутилган.
Бу ўринда, хусусан:
- “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”;
- “Мигрантлар ва апатридларга нисбатан қийноққа қарши курашишнинг хориж тажрибаси”;
- “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти”;
- “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция”;
- “Қийноққа қарши конвенцияга оид Факультатив протокол”;
- “Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт”;
- “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари” мавзуларидаги машғулотлар ҳақида сўз бормоқда.
Тренингда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ва Малака ошириш институти раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
Машғулотларда Жиззах вилояти прокуратурасидан 10 нафар ва ички ишлар тизимидан 50 нафар ходим тингловчи сифатида қатнашмоқда. Машғулотлар 26 июль куни якунига етади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.07.2023
- Кўришлар: 3451
- Чоп этиш