Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар ижроси – Парламент комиссияси назоратида

21 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари ҳам иштирок этди.

Йиғилишда халқаро мажбуриятларга риоя этилиши борасида тегишли давлат органларининг ҳисоботлари атрофлича ўрганилди. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 8 майда қабул қилинган “Янги  таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” фармони ижроси юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тайёрланган маълумот кўриб чиқилди.

Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди. Фармон ижросига масъул этиб белгиланган Миллий марказ билан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида яқин амалий ҳамкорлик ўрнатилгани эътироф этилди.

 Шунингдек, Президентимизнинг 2023 йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш бўйича “Йўл харитаси”нинг бажарилиши ҳолати ҳақида сўз юритилди. Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига Универсал даврий ҳисобот доирасида Ўзбекистон Республикасининг тўртинчи миллий ҳисоботи юзасидан Миллий марказ тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тайёрлаган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳисоботнинг лойиҳаси тасдиқланди. 

Ўзбекистон Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси ҳам муҳокама этилди. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш борасида бир қатор ижобий натижаларга эришилгани алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга, Миллий стратегиянинг бажарилмай қолган бандларига ҳам эътибор қаратилди. Бу борада сусткашликка йўл қўйган тегишли давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботлари Парламент комиссияси йиғилишида бевосита муҳокама қилинадиган бўлди.

Ўз навбатида, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидалари ижросини таъминлаш борасида Миллий марказ томонидан тайёрланган “2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”)”нинг бирламчи лойиҳаси кўриб чиқилди. Комиссия қарори билан мазкур лойиҳа ҳам тасдиқланди.

Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг
2023 йил биринчи ярмида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан таҳлилий ахбороти эшитилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳисобот даврида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 348 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилганига эътибор қаратилди.

Мазкур ташрифлар давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш шароитлари ўрганилган. Хусусан, яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганига оид шароитлар шулар сирасига киради.

Парламент комиссияси йиғилишида Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида 2023 йил биринчи ярмида ҳаракаталаниш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг якунлари юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил тайёрлаган маълумотнома ҳам муҳокама этилди. Бу борада муайян ижобий ишлар амалга оширилгани ва қарор ижроси доимий назоратга олингани таъкидланди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган бир қатор Миллий ҳаракатлар режаларининг ижроси ҳам ўрганилди.

Жумладан, БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси қоидалари доирасида Ўзбекистон Республикасининг Олтинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2025 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси”нинг тегишли бандлари ижросини таъминлаш ҳолати кўриб чиқилди. Айни масала бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахбороти эшитилди.

Шунингдек, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси ижроси муҳокама этилди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бу борада тайёрлаган маълумотнома кўриб чиқилди.

Айни чоғда, Парламент палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан тасдиқланган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари юзасидан тавсияларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунларига оид БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тайёрлаган маълумотнома ҳам муҳокама этилди.

Тадбир иштирокчилари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.

Кўриб чиқилган масалалар бўйича Парламент комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech