Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастурида, жумладан, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини ривожлантириш зарурлиги кўзда тутилган. Дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган.
Шу асосда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Айни вақтда ушбу қонун лойиҳаси regulation.gov.uz сайтига жойлаштирилган. Лойиҳа юзасидан жамоатчилик муҳокамаси давом этмоқда.
Қонун лойиҳаси Жиноят-ижроия кодексига тегишли қўшимчалар киритишни назарда тутади. Хусусан, мазкур Кодекс “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм” деб номланган 41-боб билан тўлдирилмоқда.
Янги бобда миллий превентив механизм иштирокчилари, уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мониторинг ташрифлари турлари ва даврийлиги, мониторинг ташрифларини ўтказиш тартиби, мониторинг ташрифлари якунлари бўйича тавсиялар бериш, мониторинг ташрифлари натижалари тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлиги ва улардан фойдаланиш тартиби каби масалалар ўз аксини топган.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қийноқларнинг олдини олишга оид амалдаги механизмларни такомиллаштириш ва бу боради янги механизмларни жорий этишга йўл очади. Шу билан бирга, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ва Қийноққа қарши қўмитасининг қийноқлар олдини олиш бўйича тавсиялари тўла бажарилишига ҳамда мамлакатнинг халқаро имижи яхшиланишига хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.07.2023
- Кўришлар: 3585
- Чоп этиш