“Одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусидаги ёзги мактаб ўз ишини бошлади

Бугунги кунда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича малакасини ошириш ишлари тизимли йўлга қўйилмоқда. Бу, ўз навбатида, жамиятимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг мустаҳкамланиши ҳамда халқаро ташкилотлар тавсияларининг бажарилишида алоҳида аҳамият касб этади.

 29 июль куни ўз ишини бошлаган “Одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусидаги 4 ҳафталик ёзги мактаб айни йўналишда муҳим ўрин тутади. У Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Судьялар олий мактаби, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳамда Олий суд томонидан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирнинг биринчи ҳафтаси машғулотларида Тошкент шаҳар ва пойтахт вилоят судлари ҳамда прокуратураларининг қарийб 50 нафар ходими  бевосита иштирок этмоқда. Шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан айни соҳалар вакиллари онлайн тарзда қатнашмоқда.

Ёзги мактаб машғулотларида давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқларини амалда қўллаш борасидаги билим ва кўникмаларини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Чунки Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажаришда иштирок этаётган давлат органлари ва ташкилотлар мутахассисларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар бўйича малакасини мунтазам ошириб бориш ислоҳотларимиз талабидир.

Машғулотларнинг дастлабки куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи К.Олимова “Одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.

Ёзги мактаб машғулотлари давом этмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech