Миллий марказ ўтказаётган ўқув машғулотларида ана шу адолатли сиёсатнинг туб моҳияти очиб берилмоқда
Янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси иккинчи банди талабига мувофиқ, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас. Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизнинг аксарият ҳудудларида ташкил этилган “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси машғулотларида шу ҳақда алоҳида сўз борди.
Ушбу машғулотлар Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда мунтазам ўтказилмоқда. Шу мақсадда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ўтказиш жадвали, ўқув курслари дастури ва модули ишлаб чиқилди.
Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги томонидан 2023 йил давомида ўқув курсларини ўтказиш режаси тасдиқланди. Режага асосан жорий йил 25-26 июль кунлари – Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси мажлислари залида ҳамда 27-28 июль кунлари – Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошқармасида офлайн ва онлайн тарзда ўқув курслари ташкил этилди.
Машғулотларда ҳар бир ҳудуддан 50 нафар ички ишлар тизими ходими ва 10 нафар прокуратура тизими ходими иштирок этди. Шу тариқа тингловчи сифатида икки вилоятда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 120 нафар ходими қамраб олинди.
Ҳар икки ҳудудда машғулотлар бошида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳақовнинг видеомурожаатлари тингланди.
Жиззахда ўқув курсини Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи, подполковник Ҳамидулло Абдуллаев очиб берди. Ўз навбатида, Сирдарёда машғулотлар Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Шерматовнинг кириш сўзи билан бошланди.
Ўқув курсининг биринчи кунида:
- “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар” мавзусида – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори Ўткир Очилов (онлайн);
- “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши” мавзусида – Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси “Дастлабки тергов ва суриштирув” кафедраси катта ўқитувчиси Баҳодир Худойбердиев;
- “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти” мавзусида – Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари, юридик фанлар доктори Абдуманноп Тўлаганов (онлайн);
- “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари” мавзусида – Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг кафедра мудири, юридик фанлар номзоди, доцент Меҳмонали Сувонқулов;
- “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзусида – Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Қувонч Қодировнинг тақдимот-маърузалари тингланди.
Шунингдек, Миллий марказ бош мутахассиси Дилбар Рашидова “Қийноққа қарши конвенцияга Факультатив протокол. Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусида тақдимот ва интерактив амалий машғулот ўтказди.
Ўқув курсининг иккинчи куни “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари” мавзусида – Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлари” кафедраси мудири, доцент Меҳмонали Сувонқулов ҳамда ушбу кафедра катта ўқитувчиси Жаҳонгир Якубов сўзга чиқди. Тингловчилар эътиборига Миллий марказ бош мутахассиси Дилбар Рашидованинг “Хотин-қизларга оид халқаро ва миллий стандартлар” мавзусидаги маърузаси ҳам тақдим этилди.
Иштирокчиларга ўқув курслари дастури ва модули асосида тайёрланган тақдимотлар, маърузалар матни ва бошқа кўплаб тарқатма материаллар берилди. Ўқув курси якунида тест синовлари ўтказилиб, тинловчиларга Миллий марказ томонидан сертификатлар топширилди.
Мазкур ўқув курсида доирасидаги дарс жараёнлари ва бошқа ташкилий тадбирлар тафсилотлари ҳар икки вилоят оммавий ахборот воситаларининг эътиборида бўлди. Бундан ташқари, айни мавзу Миллий марказ (http://www.insonhuquqlari.uz) ва Ички ишлар вазирлиги Академияси (https://www.akadmvd.uz) расмий веб-сайтларида ёритилди.
Энг асосийси, ушбу машғулотларда инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашдан иборат эканига жиддий эътибор қаратилди. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.
Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди.
Бу ҳақда сўз борганда, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1997 йилда 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни деб эълон қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур халқаро санада дунё миқёсида қийноқларга бутунлай барҳам бериш ҳамда БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси янада самарадор ишлашини таъминлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказилади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур қарор туфайли 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланиши яхши анъанага айланди.
Аслида, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш борасидаги ташаббус ҳам даставвал айни шу қарорда ўз аксини топганди. Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори қийноққа қарши кураш йўналишидаги ўқув машғулотларига янги руҳ бағишлади.
Эндиликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсини доимий равишда ташкил этиш таъминланмоқда. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур машғулотлар БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда.
Фарҳод ҲАЙИТБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва маърифат бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 01.08.2023
- Кўришлар: 3591
- Чоп этиш