“Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” туркумида янги рисола нашрдан чиқди

Инсон  ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади. Бу қоидалар янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 56-моддасида мустаҳкамлаб қўйилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Болалар омбудсмани ва Бизнес-омбудсман мамлакатимизда  фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳисобланади. Айни конституциявий нормалар ушбу тузилмалар фаолиятига бевосита тааллуқлидир.

Яқинда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” туркумида навбатдаги рисола нашр этилди. Академик Акмал Саидов қаламига мансуб мўъжаз китоб “Сайёра Рашидова – Ўзбекистон Омбудсмани асосчиси” деб номланган.

Рисолада Ўзбекистонда биринчи Омбудсман, академик Сайёра Рашидова раҳбарлигидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институтининг ташкил топиши ва ривожланиши тарихи очиб берилган. Рисола кенг китобхонлар оммаси учун мўжалланган.

Янги нашр ўзбек, инглиз ва рус тилларида чоп этилган. Рангли ва кўркам фотолавҳалар илова қилинган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech